Камолиддин Мурзоев: "У яна топ-5га қайта олади, Шомуродов-Файзуллаев тандемидан ўзбек футболи ва терма жамоа ютади"
21 июл 12:00
Новости


Камолиддин Мурзоев: "У яна топ-5га қайта олади, Шомуродов-Файзуллаев тандемидан ўзбек футболи ва терма жамоа ютади"
Эндиликда ҳамюртимиз "Истанбул Башакшеҳир" жамоасида тўп тепади. Тез орада унинг олдига Аббос Файзуллаев ҳам йўл олиши кутилмоқда. Биз бу борада мутахассис ва собиқ тўп тепар Камолиддин Мурзоевга юзландик.
— Элдор Шомуродовнинг Италиядаги фаолиятига қандай баҳо бериш мумкин?
— Ўйлайманки, Элдорнинг Италиядаги 4,5 йиллик фаолияти муваффақиятли кечди. Чунки айнан ўзбек футболи ривожланиш босқичида бўлган пайтда у топ-5 чемпионатларидан бирига илк бор йўл олди ва бир неча мавсум юқори савиядаги жамоалар сафида тўп тепди. Бундай даражадаги чемпионатда ўйнаш ва ўзини кўрсата олиш осон эмас. Шу нуқтаи назардан, Элдор Италияда ўз ўрнини топа олди, десак муболаға бўлмайди.
— Шомуродовнинг Туркияга ўтиши ҳақида қандай фикрдасиз? Италияда қолиши яхшироқ эмасмиди ёки Истанбулда етакчига айланиш имконияти муҳимроқми?
— Бу трансферга фақат шахсий нуқтаи назардан эмас, балки бутун чемпионат миқёсида қараш лозим. Менимча, бу ерда кўпроқ клубнинг амбициялари ҳал қилувчи роль ўйнаган. Охирги йилларда Туркия жамоалари Еврокубокларда, ўзларининг чемпионатларида сезиларли ютуқларга эришмоқда. Шу жиҳатдан, Элдор учун бу тўғри танлов бўлди, деб ҳисоблайман. Кичик мақсадларга эга жамоадан, катта режалари бор клубга ўтиши ва у ерда ўз салоҳиятини кўрсатиши — қувонарли ҳолат.
— Элдор 30 ёшда. Унинг ёши, потенциали ва имкониятлари яна топ-5 чемпионатларига қайтиш учун етарлими?
— Замонавий футболда 30 ёш ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Асосийси — профессионаллик ва жисмоний ҳолат. Элдорда эса бунга барча шароит бор. Менимча, у ҳозир ҳам топ-5 чемпионатларида ўйнаш имкониятига эга эди. Яқинлашиб келаётган Жаҳон чемпионати эса унинг учун катта мотивация бўлади.
— Файзуллаевнинг ҳам Туркия клубига ўтиши яқин. Сизча, Файзуллаев ва Шомуродов тандемидан нима кутса бўлади?
— Ўзбек футболчилари кучли жамоаларга биргаликда йўл олса, бу миллий терма жамоамиз учун ҳам фойдали. Жамоадаги муҳит, ўйинчиларнинг бир-бирини тушуниши кучаяди. Агар Шомуродов ва Файзуллаев бирга тўп тепса, ўзбек футболи фақат ютуққа эришади. Уларнинг муваффақиятли ўйинлари ортидан бошқа футболчиларимизга бўлган талаб ҳам ортади.
Похожие новости

Комментарии