

– Чемпионатнинг 17-тури доирасидаги "Карван-Евлах"га қарши (4:1) учрашувни қандай баҳолайсиз?
– Рақиб, айниқса биринчи бўлимда кучли прессинг уюштирди. Яхшиямки, биринчи бўлиб гол урдик ва тўхтаб қолмадик. Бу жиҳат ғалабамизнинг асоси бўлди.
– "Қарабоғ"нинг бир кун олдин "Капаз"га мағлубиятга учраши (0:2) жамоани руҳлантирдими?
– Очиғини айтсам, бошқа жамоаларнинг ўйинига эътибор бермаяпмиз. Ҳозирги пайтда энг муҳими – ўз ўйинларимизда ғалаба қозониш. Шунинг учун фақат ўз ўйинларимизга диққатимизни қаратамиз.
– Кўпчиликни кўрсатилган натижалардан ташқари, ўйин тарзидаги сифатли ўсиш ҳайратга солмоқда. Жамоанинг ўйинидан мамнунмисиз?
– Натижалар, албатта, қувонтиради, лекин ўйин ташкил этилиши бўйича ҳали ишлаш ва яхшилаш керак бўлган жиҳатлар бор.
![]()
– "Сабаҳ" "Қарабоғ"дан 4 очко олдинда турибди. Бу ниманидир англатадими?
– Мен доимо айтганман ва айтишда давом этаманки, бирор нарса ҳақида гапиришга эрта. Даъволарни ҳар бир турда майдоннинг ўзида исботлаш лозим.
– Қизиқ, агар "Сабаҳ" чемпион бўлса, сизнинг Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ЖЧга бориш имкониятингиз ошармикан?
– Бу ҳақда кўп бош қотирмайман. Шунчаки у ерда бўлиш учун ўз ишимни қиляпман. Нима бўлишини эса мавсум сўнгида кўрамиз.
– Олдинда "Зиря"га қарши сафардаги ўйин кутмоқда. Мазкур учрашувни мавсумнинг энг муҳим ўйинларидан бири деб атаса бўлади. Бунга тайёргарлик қандай кечмоқда?
– Биз учун ҳар бир ўйин ниҳоятда муҳим. Майдонга чиққанимизда, ўзимизнинг энг юқори даражамизни кўрсатишга интиламиз.
– Ушбу трансфер ойнасида "Сабаҳ" сизни Россиянинг "Рубин" жамоасидан сотиб олди. Энди барча фикр-хаёлингиз "Сабаҳ" билан бўладими? Умарали янада яхшироқ ўйнайди деб ўйлайсизми?
– "Сабаҳ"да юқори натижаларга эришишга ҳисса қўшиш ва шу билан бирга, ўз ўйинимни такомиллаштириш учун ҳаракат қиламан.



