Ёрқин Назаров: "Муҳими, илк турни ғалаба билан бошлаб олдик"

Aslanov Jasurbek
6 апр 2026
Пролига 1-туридан ўрин олган "ҚМУ Жайхун" – "Каттақўрғон" (0:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида "Каттақўрғон" бош мураббийи Ёрқин Назаров иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Бугун биринчи турни бошлаб олдик. Осон баҳс кечмади. "Жайхун" бу ўйинга яхши тайёргарлик кўрган экан. Жамоа таркибидаги ёшларга қарши тўп тепиш осон бўлмади. Муҳими, илк турни ғалаба билан бошлаб олдик.

- Жамоангизнинг ўйинга киришиб кетиши қийин кечди. Бу мухлислар босими билан боғлиқми ё бошқа сабабми?

- Энди футболда ҳар доим босим бўлади. Қолаверса чемпионат бошидаги ҳаяжон сезилди. Таркибимизда тажрибали футболчилар кўп, шу боис ортиқча босимни ҳис қилмадик. Фақат биринчи тур бўлгани учун ҳар икки жамоа эҳтиёткорлик билан ўйин олиб борди. Шунинг учун биринчи бўлимда кам вазиятлар бўлди. Иккинчи бўлимда эса кўпроқ ҳужум ташкил қилдик ва вазиятлар ҳам кўп бўлди.

- "Жайхун" жамоасининг сизни ҳайрон қолдирган жиҳати бўлдими?

- Футболчиларни яқиндан ҳали билмайман, лекин рақиб сафида техникаси яхши футболчилар бор экан. Уч-тўрт нафар шундай футболчини пайқадим. Ҳам жамоа тезкор ўйин намойиш этишга ҳаракат қилди. "Жайхун" ҳали кўп жамоаларга бошоғриқ бўлади ва очко олади деб ўйлайман. Кейинги ўйинларда омад тилайман.

- "Каттақўрғон" олдига бу мавсум қандай вазифа қўйилган?

- Биз янги чиққан жамоамиз ва зўр иштиёқ билан чемпионатга киришганмиз. Тўғриси, мақсадимиз юқори, лекин қандай натижа кўрсатишимизни вақт кўрсатади. Агар Суперлигага чиқадиган бўлсак, бу жуда яхши натижа бўлади.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia