Туркия Суперлигаси. Истанбул ва Трабзонда байрам ёхуд 6-тур натижалари

Aslanov Jasurbek
2 окт 2019, 12:35
Душанба куни, Туркия маҳаллий чемпионатида навбатдаги тур ўйинларига якун ясалди ва унда муҳлислар бир нечта баҳсларда голлар шоусига гувоҳ бўлишди.

Рақобатчи жамоалар тўқнашуви

Турни бошлаб берган ўйинда, "Истанбул Башакшеҳир" ўз муҳлислари қаршисида "Ризеспор"ни йирик ҳисобда таслим этди ва турнир жадвалида уни қувиб етди. Даниэль Алексич "дубль"ни расмийлаштирган бўлса, Гулбрандсен, Кривелли ва Кахвечилар биттадан гол уришди. Шундай қилиб, кетма-кет иккита учрашувда 1:1 кўринишида дуранг қайд этган жамоа 8-ўрингача кўтарилиб олди. "Қора денгиз чумчуқлари" эса, 12-қаторга шўнғиди.


Аутсайдер ўртамиёнага қарши

"Қосимпошо" меҳмонда "Денизлиспор" майдонига сафар қилиб, ғалаба нашидасини сурди ва шу тариқа, қуйи поғоналардан бироз узоқлашиб олди. Ўйин тақдирини ҳал қилган ягона голга Хайрадинович муаллифлик қилишди. Дастлабки икки турда ғалаба қозонган мезбонлар 9-ўринга сурилишди ва клубнинг омадсиз серияси тўртта ўйинга етди.


Етакчилар беллашуви

Жорий мавсумда ягона мағлубият нималигини билмай келаётган ва мусобақа жадвали карвонбошиси бўлиб турган "Аланьяспор" ўз уйида совринли ўринлар учун курашишни мақсад қилган "Сивасспор"ни қабул қилди. Муроса кўчаси танланган учрашувда Фернандо дастлабки дақиқадаёқ ҳисобни очган бўлса, унинг голига мезбонлардан Паписс Сиссе чиройли голи билан муносиб жавоб қайтарди.


Ашаддий душманлар жангида дуранг

Ҳамиша, Туркия футболига бефарқ бўлмаган миллионлаб футбол ихлосмандларининг катта қизиқишига сабаб бўладиган "Галатасарой" ва "Фенербахче" қарама-қаршилигида бу сафар ҳисоб очилмай қолди. Ўйин давомида иккала жамоада ҳам гол уриш учун бир қатор вазиятлар юзага келди. Бироқ, улардан самара чиқаришда ноаниқ ҳаракат қилишди. Натижада, ўзига яраша шонли тарихга эга бўлган клубларнинг турнир жадвалидаги ўринлари ўзгармай қолди.


Ўртамиёна ва аутсайдер баҳси

Олдинги тур доирасида "Гёзтепе" майдонида минимал ҳисоб билан мағлуб бўлган "Коньяспор" бу сафар ўз уйида ўтказилган олти ўйинда учтадан дуранг ва мағлубиятни қайд этиб, ҳали ғалаба қозонмаган "Қайсариспор"ни меҳмон қилди ва ишончли ҳисоб билан муваффақият қозонди. Леван Шенгелиянинг автоголи билан ўйинда ҳисоб очилган бўлса, кейинчалик биринчи бўлим сўнггида Милошевич мувозанатни тиклади. Марко Евтович асосий вақтнинг қўшиб берилган саккизинчи дақиқасида белгиланган пенальтини аниқ амалга оширди ва жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди.


Сўнгги поғона хукмдори Анқарада меҳмон

Мусобақа бошидан бери ўтказилган ўйинларнинг иккитасида сулҳга рози бўлиб, қолган тўрттасида мағлуб бўлган ва шунингдек, тўплар нисбатига кўра 6-12 кўринишида минус кўрсаткични қайд этиб турган яққол аутсайдер “Генчлербирилиги” бу сафарги турда “Анқарагюжю”га қарши баҳс олиб борди. Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Учрашувнинг иккинчи ярмида олдинига, Кандеяш ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди ва жамоасини қийин аҳволда қолдирди. Бироз ўтиб, Парлак фарқни оширди. Орадан 7 дақиқа ўтар-ўтмас Челикай ҳам автогол муаллифига айланди ва меҳмонларнинг кучи бундан ортиғига етмади. Ушбу натижадан кейин, Анқараликлар тўрт поғона юқорилаб 11-қаторга жойлашди. “Генчлербирлиги” эса, сўнгги ўринга мустаҳкам ўрнашиб олди. 


Ўртамиёналар қарама-қаршилиги

Мусобақа жадвалида бир-бирига жуда яқин жойлашган жамоалар учрашувида “Йени Малатьяспор” Анталия шаҳрига сафар қилиб, “Антальяспор”га йирик ҳисобда ютқазиб қўйди ва рақибини олдинга ўтказиб юборди. Ҳисобни очувчи голни Шахешух урган бўлса, иккинчи бўлимда Акьол ва Озмертлар биттадан тўп киритишди ва муҳим уч очкони таьминлашди. Меҳмон жамоа 13-ўринга тушиб кетган бўлса, анталияликлар қўлга киритилган ғалабадан кейин бир амаллаб кучли ўнталикка кириб олишди.


Истанбулликлар Трабзонда шарманда бўлишди

Жорий мавсум ҳеч ўзига ўхшамаётган “Бешиктош” етакчилар қаторида жойлашган ва сўнгги ўйинларда муваффақиятли одимлаётган “Трабзонспор” меҳмони бўлиб, яна мағлубиятга учради. Дастлаб, Токознинг автоголи билан ўйинда ҳисоб очилди. Биринчи бўлим оҳирида кўплаб кучли клубларда тажриба орттирган Хосе Эрнесто Соса ўртадаги фарқни иккитага оширди. Учрашувнинг иккинчи ярмида, Нвакаэме ҳисобни йирик кўринишга олиб келган бўлса, меҳмонлар таркибида заҳирадан майдонга туширилган Гювен Ялчин ўзини кўрсатди. Бироқ, ўйин сўнггида яна ўша Нвакаэме катта саҳнага чиқди ва ўзининг иккинчи жамоасининг эса тўртинчи голини киритди. Ушбу натижадан кейин, “Бешиктош” аутсайдерга айланди. “Трабзонспор” эса, 4-ўринга чиқиб олди.                      


Туркия Суперлигаси. Мусобақа жадвали



Хондамир Ҳакимов тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›