Тимур Кападзе кечаги учрашувдан сўнг "Championat.asia" нашрига эксклюзив интервью берди

18 окт 2026, 07:46
"Навбаҳор" ва "Пахтакор" учрашувидан сўнг сайтимиз вакили Толибжон Қосимов мезбонлар бош мураббийи Тимур Кападзедан эксклюзив интервью олди.

— Ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз...

— Албатта, кутилганидек шиддатли ва курашларга бой ўйин бўлди. Ишонаманки, ташриф буюрган мухлисларга ҳам учрашув маъқул келди. "Пахтакор" — кучли жамоа, лекин биз ҳам яхши тайёргарлик кўргандик. Ўйинда ҳам, менимча, биз яхшироқ эдик ва ҳар бир паллада ғалабага яқинроқ эдик, деб ўйлайман. Албатта, рақиб стандарт вазиятлардан унумли фойдаланди. Лекин умуман ўйинни оладиган бўлсак, бизда кўпроқ имконият бўлди. Бугун, албатта, "Пахтакор" дарвозабони ажойиб ҳаракат қилди. Умуман олганда, бизга қарши ҳар бир жамоанинг дарвозабони жуда яхши ўйин кўрсатмоқда. Ва албатта, биз ўз имкониятларимиздан унумли фойдаланишимиз керак.

— "Пахтакор"нинг ўйин бошида учта марказий ҳимоячи билан тушгани сиз учун қанчалик сюрприз бўлди? 25-дақиқагача уч марказий ҳимоячи билан ўйнади, кейин Акмал Мозговой олдинроққа — ярим ҳимояга чиқиб олди.

— Албатта, муайян маънода кутилмаган ҳол бўлди. Чунки эронлик ҳимоячининг дисквалификацияси борлиги сабабли ушбу ўйинда ўйнамаслиги аниқ эди. Агар у аниқ бўлганида, бешталик ҳимояда ўйнашлари мумкинлиги ҳақида тахминимиз бор эди, чунки охирги ўйинда шундай ўйнашганди. Мозговой ҳам ундан олдинги ўйинларда бешинчи бўлиб тушган эди, аммо бизга қарши бешталик ҳимояда ўйнашади деб ўйламагандик. Шунга қарамай, "Пахтакор"га биринчи навбатда жиддий имкониятлар бермадик. Биринчи бўлимдаги хатодан сўнг битта имконияти ва стандарт вазияти бўлди, холос. Қолган вазиятларда хавфли эпизодларни эслай олмайман. Биз эса, рақиб бешталик ҳимояда ўйнаганига қарамай, анча хавф туғдирдик ва кўплаб имкониятларга эга бўлдик. Фақат реализация етишмади.

— Ҳакамлик ҳақида фикрингизни билдирсангиз. Сабаби "Пахтакор" томонидан ҳам, сизнинг томонингиздан ҳам эътирозлар бўлди. "Пахтакор" вакиллари Фламарион билан боғлиқ пенальтига ўхшаш эпизодда эътироз билдиришди, сизларда эса Руслан Жиянов тепган пенальти нега такроран тептирилмагани бўйича савол бор...

— Биринчидан, ҳакамлар томони ҳақида гапириш ноқулай, чунки ўтган ўйинда ҳам саволларимиз кўп эди. Ильгиз Танташев аслида яхши даражадаги ҳакам. Унинг ўйинни бошқариши, курашларга ва эпизодларга имконият беришини билардик. Лекин бугун кўп майда фолларда курашишга имконият бермади, хуштак чалаверди. Бу борада Ильгизни танимадик. Албатта, фол бордир, буни айтиш қийин. Лекин пенальтига келадиган бўлсак, ўтган турда бизнинг пенальтимизни бекор қилишди. Тўғрироғи, пенальти тепдик, лекин қайтган тўпга югуриб келиб Комилов урган голни бекор қилишди. Сабаби — бир қадам вақтидан олдин кириб кетилгани учун. Бугун эса Руслан Жиянов пенальтини тепаётганда рақиб ўйинчиси вақтидан олдин майдончага кириб келди ва тўпга ўйнади. Аслида тўпга зарба берилгунига қадар жарима майдончасига кирмаслик керак. Мен ўтган ўйиндан сўнг футболчиларимга вақтидан олдин кирманглар деб айтгандим. Бугун эса рақиб ўйинчиси биринчи бўлиб кириб келди ва тўпга ўйнади. Ўтган сафар бизга айтишгандики: агар рақиб ўйинчиси биринчи бўлиб кириб тўпга ўйнаса, пенальти қайтадан тепилади ва 11 метрлик зарба қайтарилади. Ўшанда биз сўрагандик. Бугун эса, билмадим, бу бўйича иш олиб борилдими-йўқми, ВАР негадир буни чақирмади ва қайта тептирилмади. Ваҳоланки, эпизодни кўрган бўлсак, рақиб ўйинчиси Руслан Жиянов тепишидан олдинроқ кирган ва айнан ўша футболчи тўпга ўйнаган. Саволлар бор. Буни ҳакамлар қўмитаси ва раҳбарияти кўриб чиқади ва таҳлил қилади деб ўйлайман. Чунки ҳакамлар холис бўлиши ва иккала жамоага бир хилда ҳакамлик қилиши, айниқса ўйин натижасига таъсир ўтказмаслиги керак. Хатолар камроқ бўлсин, биз ҳам ўз хатоларимиз устида ишлаб, кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.

— "Бухоро"га қарши ўйиндаги йирик ғалабадан сўнг тактикани ўзгартириб, иккита марказий ҳужумчи билан ўйнай бошландингиз. Бу Абдураҳмоновнинг спорт формаси билан боғлиқми?

— Албатта, улар ҳужумда яхши ўйин кўрсатишмоқда, шунинг учун бу имкониятдан фойдаланяпмиз. "Динамо"га қарши битта ҳужумчи билан ҳам ўйнагандик. Ҳозир ҳужумда ротация қилиш учун имкониятларимиз ва яхши ҳужумчиларимиз бор. Бу иккита ҳужумчи дегани эмас, улардан бири барибир пастроққа тушиб, ичкаридан ҳаракат қилади. Бу фойдали бўлмоқда ва кўпроқ имкониятларга эга бўляпмиз. Муаммо фақат вазиятларни реализация қилишда бўляпти, холос. ОКМКга қарши ўйинда ҳам статистика бўйича 20 тадан ортиқ зарба бердик ва кўп имкониятларга эга бўлдик. ОКМК эса учта зарба бериб (иккитаси аниқ), гол урди. Ваҳоланки, ОКМК — энг ҳужумкор жамоалардан бири. Биз уларга имконият бермадик, фақат ўзимизда фойдаланишда бироз омад ёки хотиржамлик етишмаяпти. Бунинг устида ишлаймиз.

— Охирги икки турда ОКМК ва "Пахтакор" билан дуранг ўйнаб, очко йўқотилди. "Навбаҳор"нинг чемпионлик учун имконияти сусайиб, фақат Кубок қолди деб ўйлайсизми?

— Албатта, ОКМК ҳам, "Пахтакор" ҳам яхши жамоалар, очколарни осонликча йўқотмайди. Очколар орасидаги фарқ ҳам рол ўйнайди. Лекин биз охиригача курашамиз, уларда ҳам қийин учрашувлар ва ОЧЛ ўйинлари бор, очко йўқотишлар бўлади. Вақт кўрсатади, бу — насиб. Энг асосийси, ўз ўйинимизга эътибор қаратиб, очколарни жамғаришимиз керак.

— Навбатдаги ўйин Кубок доирасида Про-лига вакили "Ғазалкент"га қарши бўлади. Бу рақибга қарши ўйинда футболчиларнинг бўшашиб кетиш хавфи йўқми?

— Йўқ, "Ғазалкент" Про-лигада ҳам, Кубокда ҳам яхши ўйин кўрсатиб келмоқда. Уларнинг бу босқичгача келгани бежиз эмас. Жамоа профессионал даражада шаклланган. Шунга кўра, жамоага жиддий қараймиз ва яхши тайёргарлик кўрамиз. Эртадан тикланиш жараёнини бошлаб, учрашувга ҳозирлик кўрамиз. Бу ўйин ёшлар ва умуман иккала жамоа учун ҳам фойдали бўлади деб ўйлайман.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia