

Сўнгги тур олдидан “Бока” "Расинг"дан бир очко олдинда эди ва улар ғалаба қозонган тақдирда чемпионлик кафолатланганди. "Раcинг" эса ғалаба қозониши ва "кўк-олтинранглилар"нинг очко йўқотишини кутиши лозим эди. Агарда “Бока” мағлуб бўлса ва “Расинг” дуранг ўйнаса, чемпионатнинг плей-офф босқичи ўтказиларди.
Энди эса энг қизиқарли воқеага ўтсак: мавсумнинг сўнгги турида "Бока" "Индепендиенте", "Раcинг" эса "Ривер Плейт"га қарши тўқнаш келиши керак эди. Бу ерда нафақат "Бока" ва "Ривер" ўртасидаги ўзаро қарама-қаршилик қизиқ туюларди, балки "Индепендиенте" ва "Раcинг" ҳам тарихий рақиблар саналарди. Агарда чемпионлик учун даъвогар клубларнинг вазифалари аниқ бўлса, унда бўлажак рақибларда савол юзага келарди: улар азалий рақибларига ёрдам берадими?
Яхшиямки, ҳеч қайси жамоа бир-бирига атайин совға ҳозирламади ва якун ҳайратланаоли тарзда юз берди. Келинг, тунги воқеалар хронологиясини кузатамиз:
• 50-дақиқага келиб, "Бока" "Индепендиенте"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этаётганди (дастлаб жамоа 0:1 ҳисобида ортда қолаётганди), бу ҳолатда чемпионлик тақдири "Раcинг"нинг натижасига боғлиқ бўлмасди.

• Орадан 6 дақиқа ўтгач, бошқа учрашувда ҳисоб очилди: Матиас Рохас "Расинг" сафида пенальтидан гол урди. Бу ҳолат ҳам жадвалда ҳеч нарсани ўзгартирмасди, аммо эндиликда "Бока"нинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ эди.
• 81-дақиқада "Бока" марра сари йўлни қийинлаштирди: жамоа дарвозасидан тўп ўтказиб юборди, ҳисоб эса 2:2 кўриниш олди ва онлайн жадвалда "Расинг" биринчи ўринга кўтарилди.
• Бироқ параллел ўйинда вазият издан чиқишда давом этди, чунки "Ривер" 80-дақиқада Мигель Борханинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисобни тенглаштирди ва "Раcинг" иккинчи ўринга тушиб қолди.
• 90-дақиқада эса "Раcинг" пенальти тепиш имкониятига эга бўлди. Дастлабки 11 метрли нуқтадан стандартни голга айлантирган Рохас аллақачон алмаштирилганди. Чемпионликни тақдим этиш юки Хонатан Гальван зиммасига тушди. Аммо... ЖЧ-2018да Аргентина терма жамоасига чақирилган "Ривер Плейт" дарвозабони Франко Армани зарбани қайтарди, қайтган тўпга эса "Раcинг"нинг бошқа футболчиси ноаниқ зарба берди.
• Гальваннинг омадсизлигидан беш дақиқа ўтгач, 90+5 дақиқада Мигель Борха дубль қайд этиб, "Расинг"нинг чемпионлик умидига барҳам берди ва "Ривер Плейт"га 2:1 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.
Тамом-вассалом! Ҳақиқий байрам эса бошқа стадионда бошланди.






"Бока Хуниорс" умумий олганда, атиги +6 голлар фарқи билан, бироқ унутилмас чемпионликни қўлга киритди.
Оқил Абдубарноев тайёрлади



