Рикарду Куарежма Мартинес ҳақида: "Роберто 50 та тактикани синаб кўрди – бирортаси иш бермади"

Aslanov Jasurbek
7 июл 2026, 03:17
Португалия терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Рикарду Куарежма ЖЧ-2026 1/8 финалида Испаниядан учралган мағлубиятдан (0:1) сўнг бош мураббий Роберто Мартинесни кескин танқид қилди.

"Мен учун ҳаммаси бошидан охиригача ёмон бўлди. Ҳеч нарса ўхшамади. Бирорта ҳам ўйин йўқки, биз уни яхши ўтказдик ёки кўп ҳужум қилдик ва омадимиз келмади деб айта олсак. Ҳатто бугун ҳам сиз Испанияга ўйинни бошидан охиригача топшириб қўйдингиз. Испания ўйинни назорат қилди, хоҳлаганини қилди, ўйин суръатини бошқарди. Улар тезлашишни хоҳлашганда тезлашишди, суръатни секинлаштиришни хоҳлашганда секинлашишди, биз эса шунчаки ўша ерда ҳеч қандай истаксиз, ҳеч қандай завқсиз, жуда секин ҳаракат қилдик.

Кейин эса ўзгаришлар – мен уларни тушунмайман. Бу ҳақда гапиришдан чарчадим, лекин Мартинес бирор марта ҳам мени лол қолдирмади. У сизга ёқадими ёки йўқ, бу менга қизиқ эмас, хафасизми ёки йўқ, бунинг аҳамияти йўқ, лекин биз кўпроқ завқни ҳис қилишимиз керак эди. Мартинес келганидан бери мен терма жамоа ижросида бирорта ҳам ажойиб ўйинни кўрмадим. Бу ҳақиқат.

У 50 та тактикани синаб кўрди, бирортаси иш бермади. Мана далил: биз ҳамма "бу бизнинг барча даврлардаги энг яхши терма жамоамиз" деб гапирган жамоа билан турнирдан чиқиб кетмоқдамиз. Лекин нимаси билан энг яхши? Улар нимани ютишди? Биз уйга хафа бўлиб, бошимиз эгилган ҳолда қайтамизми? Энг яхшиси, ушбу жаҳон чемпионати ҳақида гапиришни тўхтатганим маъқул, акс ҳолда кейинчалик афсусланишим мумкин бўлган гапларни айтиб қўяман", – деди Куарежма.

Роберто Мартинес Португалия терма жамоасини 2023-йилда қабул қилиб олган ва у билан 2024/25-йилги Миллатлар лигасида ғолиб чиққан эди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Record

Сўнгги янгиликлар

Барча ›