"Реал" ва "Барселона" собиқ футболчиси энди Қирғизистон миллий терма жамоасини бошқаради

Aslanov Jasurbek
10 дек 2025, 13:13
Бугун, 10 декабрь куни Қирғизистон футбол иттифоқи президенти Камчибек Ташиев иштирокида Роберт Просинечки билан шартнома имзоланди.

Келишув 1 йил ва 1 ой муддатга мўлжалланган бўлиб, агар жамоа "Осиё Кубоги-2027"да муваффақиятли иштирок этса, шартнома яна 3 йилга узайтирилади.

Жаҳон футболи афсонаси Роберт Просинечки — "Реал", "Барселона" ва "Црвена Звезда"нинг собиқ футболчиси, ЖЧ-1998 бронза медали соҳиби эндиликда Қирғизистон терма жамоасига устозлик қилади!

Мутахассис бунга қадар тўртта миллий терма жамоани бошқарган:

  • Хорватия (2006–2010)

  • Озарбайжон (2014–2017)

  • Босния ва Герцеговина (2018–2019)

  • Черногория (2024–2025)


Қирғизистон терма жамоасининг янги устози Роберт Просинечки қандай футболчи бўлган?

Роберт Просинечки — шунчаки мураббий эмас, балки 90-йиллар жаҳон футболининг ҳақиқий афсоналаридан бири. У ўйинни ташкил қилиш, аниқ пас ва кучли зарбалари билан машҳур бўлган ноёб истеъдод эгаси эди.

Қуйида унинг футболчилик фаолиятидаги энг муҳим фактларни келтириб ўтамиз:

  • Европа чўққиси: Просинечкининг юлдузли онлари "Црвена Звезда" клуби билан боғлиқ. У 1991 йилда Белград клуби сафида Европа Чемпионлар кубоги (ҳозирги Чемпионлар лигаси) ғолибига айланган. У жамоанинг "мияси" ҳисобланарди.

  • Икки гранд таркибида: Хорватиялик ярим ҳимоячи Испаниянинг азалий рақиблари — ҳам "Реал Мадрид" (1991–1994), ҳам "Барселона" (1995–1996) сафида тўп сурган тарихдаги кам сонли футболчилардан бири ҳисобланади.

  • Терма жамоалардаги рекорд: Просинечки Жаҳон чемпионатлари тарихида икки хил давлат терма жамоаси сафида гол урган ноёб футболчидир (1990 йилда Югославия ва 1998 йилда Хорватия таркибида).

  • Жаҳон эътирофи:

    • 1987 йилда Ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби бўлган ва турнирнинг "Энг яхши футболчиси" (Олтин тўп) деб топилган.

    • 1990 йилги Жаҳон чемпионатининг "Энг яхши ёш футболчиси" унвонини қўлга киритган.

    • 1998 йилги Францияда ўтган мундиалда Хорватия терма жамоаси билан бронза медалларига эга чиққан.

  • АПЛдаги из: Фаолиятининг сўнгги қисмида Англиянинг "Портсмут" клубида ўйнаб, жамоани қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолган ва маҳаллий мухлислар ёқимтойига айланган.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: t.me/kyrgyzF