UZ

Сўнгги янгиликлар

20:00Темурхўжа Абдухолиқов: “Муборакда катта иштиёқ эвазига ғалаба қозондик”  0 19:45ЕЧЛда ҳафта рамзий жамоаси эълон қилинди   9 19:40"Тезкор студия". "Пахтакор" "Турон"ни юта олмади. 7-тур якунлари  6 19:31Италия Кубогида энди фақат А ва Б Серия жамоалари қатнашади  3 19:30Миржалол Қосимов: "Термизда ҳақли ғалабага эришдик. "Жўжани кузда санаймиз"  5 19:16"Турон" - "Пахтакор" 1:1. Highlights  4 19:12"Сурхон" - АГМК 0:1. Highlights  0 18:55 "Пахтакор" Суперлига дебютантини енга олмади  276 18:52Суперлига. АГМК Термизда кичик ҳисобда ғалаба қозонди  9 18:47"Барселона" Араухони сақлаб қолмоқчи  2 18:24Моуринью де Хеани "Рома"да кўрмоқчи  1 18:01ПСЖ Месси билан шартнома имзолашига ишончи комил ва келаси мавсум учун таркибни Мессини қўшиб режалаштирмоқда  6 17:38"Ливерпуль"га Умтити билан 6 млн фунт эвазига шартнома имзолаш таклиф этилди. Клуб рад этди  3 17:16"Ливерпуль" агар клуб ЧЛга чиқа олмаса ҳам Клоппни сақлаб қолади  8 17:13Про лига. "Арал Самали" - "Бухоро". Асосий таркиблар маълум  3

Ўйинни ҳал қилган легионерлар ёхуд "Бунёдкор" - "Машъал" учрашуви ҳақида Янгиликлар

Ўйинни ҳал қилган легионерлар ёхуд "Бунёдкор" - "Машъал" учрашуви ҳақида

Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси кеча Суперлига биринчи турида "Машъал" жамоасига қарши баҳс олиб борди.

Ўтган икки мавсумда жамоага Вадим Абрамов устозлик қилган бўлса, эндиликда "қалдирғочлар"ни ўйинга Шуҳрат Мақсудов бош мураббий сифатида бошлаб тушади. Хусусан, мутахассис кеча "Машъал" билан кечган ўйинда дебютини амалга оширди. Қайсидир маънода дебют омадли чиқди, дея оламиз. Гарчи мазкур ўйинда майдон эгалари кичик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса-да, ўйин борасида ҳали жуда кўп ишлаш кераклиги яққол сезилиб турибди. Биз эса ўйиндаги эътиборга молик жиҳатлар, хатолар ҳақида бироз тўхталиб ўтишни лозим деб топдик.

Таркиб ва тактик схема

"Бунёдкор" жамоаси таркибида кеча бир қатор янги футболчилар дебютларини ўтказишди. Деярли барча чизиқларда янги номларни учратишимиз мумкин эди. Булар қишки трансферлар ойнаси вақтида жалб қилинган дарвозабон Равшан Ягудин, ҳимояда Суннатилла Абдуллажонов, ярим ҳимояда Санжар Рашидов, қирғизистонлик Одилжон Абдураҳмонов ва ҳужумда эса нигериялик Иброҳим Томива. Марказий ҳимояда Давронжон Эргашев, Абдулла Абдуллаев жуфтлиги ўйнади. Таянч зонасида одатдагидек, Лутфулла Тўраев етакчиликни қўлига олган бўлса, Одилжон Абдураҳмонов ва Санжар Рашидов бироз олдинроқда ҳаракат қилди. Ўтган мавсум марказий нуқтадаги ўйинлари билан эътиборга тушган Нурилло Тўхтасинов эса чап қанотдан ўрин эгаллади. Ўнг қанотда эса Хуршид Ғиёсов ҳаракат қилди. Унга ёрдамга Улуғбек Абдуллаев етиб келди. Тактик схема 4-3-3 кўринишини олди. Яъни 4та ҳимоячи, 3та марказий ярим ҳимоячи, қанотларда 2та вингер ва 1та соф ҳужумчи. Олдинги чизиқда ягона форвард сифатида Томива бошланғич таркибдан ўрин олди. Биринчи бўлимда айнан Ғиёсов ҳаракат қиладиган қанотдан ҳужумлар ташкил қилинди. Умумий ҳисобда беш нафар янги футболчи дастлабки дақиқалардан тўп тепди.  Тўхтасиновнинг қанотдаги ўйини эса қовушмади, балки унинг ўзига ҳам маъқул келмагандир. Ўтган мавсумда футболчида ҳар бир учрашувда узоқдан бериладиган ажойиб зарбаларга гувоҳ бўлган эдик. Бироқ кеча бундай вазият деярли содир бўлмади. Жамоа захирасида эса тезкор ва тўп билан ҳимояни ёриб кира оладиган Фаррух Икромов ва универсал Авазбек Ўлмасалиев бор эди. Балки, мураббийлар штаби уларни захира қуроли сифатида олиб қўйишни режа қилгандир. 

 Ушбу масалада ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Шуҳрат Мақсудов шундай жавоб қайтарди: "Янги мавсумга тайёргарлик жараёнида бошқа жамоалар сингари ўртоқлик ўйинларида иштирок этдик. Бунда футболчиларнинг ҳаракатлари умуман бошқача кўринган. Бу ўйинда улар ўша учрашувлардаги ўйинини кўрсата олмаган бўлиши мумкин. Лекин бу табиий ҳол. Чемпионат бошланишида истаймизми-йўқми ҳаяжон бўлади. Бу футболчиларнинг нималарга қодир эканлигини биламиз. Тўхтасиновнинг узоқдан зарбалар бермаганлиги кўрсатмага боғлиқ эмас. Футболчи майдонда вазият ва шароитдан келиб чиқиб иш тутади. Унинг ўзи ҳам гол уришни истаган". 

Биринчи бўлимда тўп назорати "Бунёдкор" томонида бўлганига қарамай, ҳужумлар охирига етмай қолди. Бу борадаги эътирозни ярим ҳимоячиларга билдирсак адолатлироқдир. Ҳужумчи Иброҳим Томива паст бўйли, чаққон ҳаракатларга эга эканлигини биламиз. Лекин кеча ярим ҳимоячилар ҳужумчига кўпроқ тўпни юқоридан етказишга уринишди. Тўп юқоридан келаётган вазиятларда бўйи баландроқ Шаҳбоз Эркинов ёки Миржаҳон Мираҳмадов самара келтириши мумкин эди. Томива эса иккинч қаватда кучли ҳисобланмайди, унинг устунлиги биринчи қаватда. Шуҳрат Мақсудов таъбири билан айтганда, илк ўйин бўлгани боис футболчиларда катта босим ва ҳаяжон ҳам ўз ўйинларини тўлиқ кўрсатишга йўл қўймагандир. 

Янги мавсумга Серхио Маринангели тайёрлаган, чемпионат стартида эса Александр Хомяков қабул қилиб олган "Машъал"

Ўз ўрнида "Машъал"га ҳам тўхталиб ўтишимиз лозим. Муборакликлар қишки йиғинни катта қисмини испаниялик Серхио Маринангели бошчилигида ўтказди. Мавсум стартига оз қолганида эса Александр Хомяков жамоага қайтди. Бундай қийин паллада мураббийга ҳам, футболчиларга ҳам осон эмас. Чунки мавсумга жамоани бошқа мураббий тайёрлади, чемпионат стартида эса бошқа мураббий қабул қилиб олди. 

Мазкур савол билан матбуот анжуманида Александр Хомяковга юзланганимизда шундай жавоб қайтарди: "Чет эллик мураббий қандай ишлаганини муҳокама қилишим қийин. Мен 8 кундан буён жамоа биланман ва кўп ўзгартириш қила олмасдим. Ҳар қандай мураббий янги жамоани қабул қилиб олгач, қандайдир ўзгартириш киритиш учун камида 6 ҳафта вақт керак бўлади". 

"Газчилар" қишки трансферлар вақтида фаол бўлгани йўқ, имкониятдан келиб чиқиб янги ижрочилар таклиф қилинди. Улар орасидан "Бунёдкор" билан ўйинда Дониёр Усмонов, Муҳаммад Йўлдошев бошланғич таркибда ўйинни бошлади. Захирадан эса Худоёрхон Саъдуллаев, Укеме Мичел Уильямс, Шаҳзод Шайманов, Чигози Самуэль Онониву каби янги футболчилар ўрин эгаллади. Хомяков эса Саъдуллаев ва Мичел Уильямсга имконият берди.  Иккинчи рақам остида ўйнашга ва қарши ҳужумлардан фойдаланишга интилган "Машъал" ўзи яратган кам сонли вазиятлардан фойдалана олмади. 66-дақиқада Ҳумоюн Муртозаевнинг жарима майдони ичидан йўллаган зарбасини Ягудин ушлаб олди. Ундан олдин эса Муртозаевнинг узатмасидан сўнг Дониёр Усмоновнинг жарима майдончаси ичида берган зарбаси ноаниқ чиққанди. 

Ўйин тақдирини ҳал қилган легионерлар

Иккинчи бўлимни фаол бошлаган "Бунёдкор" футболчилари 49-дақиқада ҳисобни очишди. Қирғизистонлик легионер Одилжон Абдураҳмоновнинг зарбасидан кейин тўп нигериялик ҳужумчи Иброҳим Томивага тегиб, дарвозага йўл олди. Голдан кейин бир неча дақиқа ҳимояланишга мажбур бўлган "қалдирғочлар" 70-дақиқадан сўнг яна ташаббусни қўлга олишди ва кескин вазиятлар яратишди.  Муборакликлар футболчиси Муҳаммад Йўлдошев захирадан майдонга тушган Фаррух Икромовни очиқчасига қўполлик ишлатиб, тўхатиб қолди. Вазиятга яқин турган ҳакам эса Йўлдошевни тўғридан-тўғри қизил карточка билан жазолади. Кейинги дақиқаларни бир киши кам бўлиб ўтказган "Машъал" ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишни бошлади. "Бунёдкор" эса табиий равишда босимни оширган ҳолда ўйинга якуний нуқта қўйишга ҳаракат қилди. 84-дақиқада Хуршид Ғиёсовнинг кучли зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда умидни сўндирмаган ҳолда ҳужум уюштирган Александр Хомяков шогирдлари бурчак зарбасини ишлади, ушбу вазиятда дарвозабон Ботир Носиров ҳам рақиб жарима майдончаси ичига етиб келди. Бироқ якуний уринишни голга айланишига "Бунёдкор" посбони Равшан Ягудин йўл қўймади. Қирғизистонлик футболчини узатмасидан нигериялик ҳужумчи гол урган ўйинда "Бунёдкор" ғалабани ўзиники қилди. 


Голга ассистентлик қилган Одилжон Абдураҳмонов учрашувдан сўнг сайтимизга фикрини билдирди: "Мавсумни ғалаба билан бошлаш ёқимли. Ҳар қандай мусобақада биринчи ўйин доим қийин бўлади. Нафақат бизга, балки қолган иштирокчи жамоаларга ҳам. Омад бизга кулиб боқди. Ўз ўйинимизни юз фоиз кўрсата олганимиз йўқ. Навбатдаги турларда бир-биримизни янада яхшироқ тушуниб, чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Тўғри, биринчи бўлимда ўйинимиз қовушмади. Бу майдонда жорий йилда биринчи маротаба ўйнадик. Майдонни ҳис қилиб олишмиз учун ҳам маълум вақт кетди. Майдонга мослашиб олганимиздан сўнг иккинчи бўлимда режаларимиз қисман иш берди. Голдан сўнг бир неча дақиқа ҳимояланишимизга тўғри келди. Кейин яна ўзимизга келиб олдик ва охирги дақиқага қадар курашдик".

Қизиқарли факт ва маълумотлар

"Бунёдкор" ва "Машъал" клублари Ўзбекистон чемпионатида бугунга қадар 22 марта ўзаро ўйин ўтказишганди. Кечаги баҳс эса жамоаларнинг 23-учрашуви сифатида тарихга кирди. Натижалар "қалдирғочлар"нинг каттагина устунлигини кўрсатмоқда. Жорий йилги учрашув билан ҳисоблаганда  19та баҳсда Тошкент клубининг қўли баланд келган. Иккита учрашувда дуранг кузатилган ва яна иккита баҳсда "Машъал" ушбу рақибни ўз майдонида таслим қилган. "Бунёдкор" ўзаро ўйинларда 45та гол урган ва 7та гол ўтказиб юборган.

Тошкентдаги 12та учрашувда "Машъал" фақат бир марта дуранг ўйнаган (2016 йил, 0:0) ва 11 бор мағлуб бўлган. Бу ўйинларда Муборак клуби атиги 1 марта "Бунёдкор" дарвозасини ишғол қилган (2014 йил, 1:5). Ўшанда ягона голга Мўйдин Мамазулумов муаллифлик қилганди. "Газчилар" Суперлигада бешинчи йилдирки, Тошкентда "қалдирғочлар" дарвозасини ишғол қила олишни уддасидан чиқа олмаяпти (2018, 2019 йилги мавсумларда жамоа Суперлигада иштирок этмаган). "Бунёдкор" эса ўз майдонида қаторасига икки мавсум биттадан ортиқ гол ураётгани йўқ. Ўтган мавсум бу жамоаларнинг "Жар" стадионида ўтказилган баҳсида Жасур Жалолиддиновнинг ягона голи ғалаба келтирганди. Навбатдаги турда Александр Хомяков шогирдлари Тошкентда "Пахтакор" меҳмони бўлишади, "Бунёдкор" эса "Металлург" майдонига сафар уюштиради.

Абдулазиз Искандаров

Рейтинг: +3   

Фикрлар

   
11 мар 20:34:27
Vista 1981
Bunyodkorga omad chempionlik nasib qilsin
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика