

Янгиланган рейтингда Тошкентнинг "Пахтакор" клуби 50,3 балл билан 46-ўринни эгаллади. Маълумот учун, 2025 йилги рейтингда "шерлар" академияси 34,1 балл билан 90-ўринни эгаллаганди.
Тадқиқотга кўра, "Пахтакор" академиясида тарбияланган 59 нафар футболчи фаолият юритмоқда. Уларнинг 6 нафари айни пайтда "Пахтакор"нинг асосий жамоасида ўйнамоқда.
Тошкент клуби Осиё футбол конфедерацияси клублари орасида топ-60 таликка кирган ягона жамоа сифатида қитъада 1-ўринни эгаллаб, Бразилиянинг "Крузейро" (49,8), Украинанинг "Шахтёр" (48,4), Англиянинг "Арсенал" (46,6), Хорватиянинг "Хайдук" (46,2) ва Португалиянинг "Порту" (45,5) клубларини ортда қолдирди.
Рейтингда Португалиянинг "Бенфика" клуби биринчи, Аргентинанинг "Ривер Плейт" ва "Бока Хуниорс" клублари иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган.



