UZ

Сўнгги янгиликлар

11:11Равшан Эрматов ЖЧ-2022 саралаш босқичига қуръа ташлаш маросимида иштирок этади  0 11:10ЦСКА "Интер" ҳужумчисига қизиқмоқда  0 11:00Бугун намойиш этиладиган футболга оид кўрсатувлар жадвали (Спорт ТВ, Матч ТВ, Футбол ТВ)  0 10:44Неймар ПСЖга клубдан кетишни хоҳлаётганлигини айтди  7 10:20Виктор Вальдес "Барселона" ёшлар жамоасини бошқаради  0 09:59Почеттино Эриксеннинг қолишига умид қилмоқда   1 09:45“Наполи” Пепе учун курашга қўшилди   0 09:27Де Хеанинг “Манчестер Юнайтед”даги маоши оширилади   7 09:23“Арсенал” “Селтик”ка янги таклиф билан чиқади   4 08:50“Реал” ҳужумчиси учун Италия клублари кураш олиб боради   5 08:35Магуайрнинг “Манчестер Юнайтед”да қанча маош олиши маълум бўлди   14 08:20Почеттино “Тоттенхэм” раҳбариятидан Себальос трансферини тезлаштиришни сўради   1 08:03“Арсенал” бразилиялик ҳужумчини сотиб олади   10 07:55Расман: “Манчестер Сити” футболчиси “Эвертон”га ўтди   0 02:00Спортчилар ижтимоий тармоқларда  2

Ноодатий кийинадиган дарвозабон - Габор Кирай ҳақида Янгиликлар

Ноодатий кийинадиган дарвозабон - Габор Кирай ҳақида

Евро-2016 қаҳрамони, катта кулранг шим кийиб юрадиган Венгриянинг калбош дарвозабони ёдингиздами?

Габор Кирай 1 апрель куни 43 ёшга қадам қўяди. 108та ўйинда майдонга тушиб, рекорд натижани қайд этганидан сўнг, термадаги фаолиятини якунлаган эди. Бироқ ҳалигача Венгриянинг “Халадаш” футбол клуби дарвозасини ҳимоялаб келмоқда. Кирай посбонлик фаолияти, армияда хизмат қилгани, шахсий академиясини очгани ҳамда нима учун фаолиятини ҳалигача тамомламагани ҳақидаги саволларга жавоб берди. Буларнинг барига қуйидаги мақола орқали жавоб топишингиз мумкин.

Нима деб ўйлайсиз, Кирайнинг қайси жиҳати уни афсонага айлантирди экан?! Унинг ажойиб сейвлари-ю, узоқ йиллик фаолияти эмас, балки узун шими уни бутун дунёга машҳур қила олди десак, адашмаймиз. Ана шу шимида 26 йил аввал “Халадаш”даги фаолиятини бошлади, Берлинга борди, АПЛда ўзини синаб кўрди ҳамда яна Германияга қайтди. 40 ёшида Венгрия термаси билан биринчилар қаторида Евро-2016нинг плей-офф босқичига чиқди. Ўшанда улар билан гуруҳда Португалия, Исландия ва Австрия бор эди. Кирай ҳозирда Сомбатхейнинг “Халадаш” клубида фаолият юритмоқда.

Ҳарбий хизматнинг ярми чегарани, қолгани эса дарвозани қўриқлаш билан ўтган

– Сиз бор кучингиз билан шуғулланиб, тўпни илиб олиш учун юқорига сакраяпсиз. Буни кўриб очиғи, ҳайратландим. Жадвалнинг энг сўнгги поғонасини банд этиб турган аутсайдер жамоа деб нимага бунчалик куйиб-пишяпсиз?

– Мен ўзимни ўйиндан ташқарида тасаввур қила олмайман. Ҳали куч-қувватим етарли. Бунинг устига, ҳар машғулот пайтида ғайратим ва шижоатим янада ортади. Баҳснинг бир бўлаги бўлиш менга ёқади. Шу сабабли, ўрнимни бошқасига бўшатиб беришга ҳали тайёр эмасман. Ҳар тонгда уйғониб, машғулотларга йўл оламан. Ўзим, мураббий, шериклар ҳамда менга ишонч билдирган барча инсонларнинг танловини оқлашим керак. Бир куни фаолиятимни тугатарман ҳам, лекин ҳали куч-қувватим борлигида ҳамда менга ишониб туришган бир пайтда максимал даражада ўзимни кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан.

– Бироқ “Халадаш” билан тузган шартномангиз муддати июнда ўз ниҳоясига етади. Наҳотки яна янги шартнома имзоламоқчисиз?

– Ҳали бир қарорга келганим йўқ. Тўрт йил аввал клуб билан эксклюзив ҳуқуқлар асосида, фақат битта ўйинда иштирок этиш шарти билан шартнома имзолаган эдим. Мен ўйнашни бошлаган жамоамда фаолиятимни тугатишни истагандим. Лекин кейинчалик ҳаммаси бошқача тус олди. Мана 4 мавсумдирки, шу ердаман. Мен бу ерда улғайдим, катта футболда дебют қилдим. Берлиннинг “Герта” клуби скаутларининг эътиборига тушдим ҳамда у ерга жўнаб кетдим. Режаларим бўйича 17 йилдан сўнг жонажон ватанимга қайтиб, фаолиятимни чиройли тарзда якунламоқчи эдим. Мен — “Халадаш”нинг бир қисмиман, у ҳам менинг ярмим. Футбол соҳаси учун ёшим анча катталик қилишини биламан. Лекин клуб мендан мамнун экан ва ҳали кучим борлиги учун футбол ўйнашда давом этавераман.

– Клуб бу йил юз йиллик юбилейини нишонлаши ва сўнгги пайтлардаги ютуқларини ҳисобга олсак, ҳозир клубдан кетишнинг айни вақти эмас. Нима дедингиз?

– Бу нафақат менга, балки жамоа учун ҳам қийин давр. Навбатдаги ўйинларда қандай қилиб ғалаба қозониш мумкинлиги ҳақида бош қотиряпмииз. Бироқ шуни таъкидлашим жоизки, “Халадаш” 4-дивизионга тушиб кетган тақдирда ҳам у билан бирга бўламан. Бу клуб – менинг ҳаётим.

– Келинг, тарихга назар ташлаймиз. 17 ёшингизда “Халадаш”да дебют қилган эдингиз. Бир йилдан кейин эса сизни ҳарбий хизматга чақиришди. Қандай қилиб, ҳам ҳарбий хизмат, ҳам футболчилик соҳанигизни олиб боргансиз?

– Эҳ, менинг ҳар кунлик ишим жуда ажойиб эди: казармадан стадионга борардим. Кечаси полициянинг кўзига кўринмасдан, ортга қайтар эдим. Ўша пайтларда Венгрия армиясида хизмат қилиш барча эркак фуқаролари учун мажбурий эди. Албатта, спортчилар ҳам бундан мустасно эмасди. Биринчи ой армия йиғинларини Сомбатхейда ўтказдим. Биз хизмат асосларини ўргандик. Ўша пайтлар футболни бироз ёддан чиқаришга тўғри келди. Кейинчалик бошлиқлар билан келишиб, “Халадаш”даги машғулотларимни давом эттира бошладим. Шуни таъкидлашим лозимки, ўша пайтлар спортчиларга фаолиятини олиб бориб, ўз устида ишлашига тўсқинлик қилишмаган. 

– Ким бўлиб хизмат қилгансиз?

– Чегарачи бўлганман. Ҳаттоки, АК-47дан ўқ узиб, автоматни йиғиш ва сочиш нормативларини топширганман. Эсимда, буни топшириш учун 20 секунд вақт белгиланган эди. Мен вазифани ундан тезроқ бажаргандим. Гапнинг қисқаси, ҳарбий хизматнинг бир қисмини чегарани, қолганини эса дарвозани қўриқлаш билан ўтказганман.


– Сизни Берлиннинг “Герта” клубига таклиф қилишганида, эндигина 21 ёшга қадам қўйган эдингиз. Сомбатхейнинг оддий бир жамоасидан Берлин клубига кўчиб ўтганингизда, нималарни ҳис қилгансиз? 90-йилларда ажойиб вақтлар бўлган ахир: тунги клублар, ресторанлар ва ҳ.к.

– Тўғриси, ҳаёлим умуман бошқа нарсалар билан банд бўлган: яхши овқатланишим, тартибга риоя қилишим ва кўпроқ шуғулланишим керак эди. Қолган нарсаларга эса қизиқишим бир мунча камроқ бўлган.

– Нима ҳеч қачон тунги ҳаётиннгиз бўлмаганми?! Ишониш қийин...

– Менинг энг катта орзум профессионал футболчи бўлиш эди. Бу амалга ошмагунча бошқа ишларга вақтимни сарфлашни истамасдим. Таътил кунлари уйга келиб бироз дам олардим, аммо мавсум пайида эмас. Ўзимга келиб олишим учун икки-уч ҳафталик таътил менга кифоя эди.

– “Герта”га келган пайтингиз немис таомларини синчиклаб ўрганган экансиз. Айтингчи, улар Венгрия ошхонасидан нималари билан фарқ қилар экан?

– Германияда овқатланиш маданияти ники. Венгрияликлар биргина салат тайёрлаши мумкин ва ўшанинг ўзи баъзида асосий таом сифатида ҳам танаввул қилинаверади. Германияники эса умуман бошқача: аввал озгина салат, шўрва, кейин асосий таом ва десерт. Улар учун овқатланишда ҳам тартиб бўлиши керак. Тўғри, немислар ҳам, венгрияликлар ҳам қовурилган гўшт, сосискаларни ёқтиришади.

– Нимани кўпроқ яхши кўрасиз?

– Шоколад. Лекин мавсум пайтида умуман ширинлик емайман.

Академия ташкил қилган Кирай Венгрия футболининг муаммоалари ҳақида сўзлаб берди

2006 йил “Халадаш” спорткомплексига болалар ва ўсмирлар академияси қўшилди. Уни Кирай очди ва у “Kirаly sport” деб номланди. Империя йилдан йилга ўсиб, ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда унинг таркибида катталар футбол клуби — “Kirаly FC” бор. У мамлакат чемпионатларида иштирок этади (Венгрия тўртинчи лигасида). Шунингдек, “Kirаly SZE” номли “U-6”дан “U-19”гача бўлган болалар ва ўсмирлар жамоалари бор. Ўйинчиларнинг сони 200тадан ортиқ.

Кирай жамоаларини шахсан ўзи назорат қилади ва барча машғулотларда иштирок этишга ҳаракат қилади. У бундан ташқари, “International Goalkeeper School” (халқаро дарвозабонлар мактаби)ни ташқил қилган. У ҳар икки ойда 10 ёшдан 21 ёшгача бўлган посбонларни ўз сафига қўшиб олади ва 3 кун давомида улар билан синов машғулотини ўтказади. У ерга бутун Венгрия ҳамда яқин давлатлардан келишади. Ташриф буюрган болалар меҳмонхона (2 кеча) ва 3 маҳал овқатланиш билан таъминлантирилади. Бунинг нархи унчалик қиммат ҳам эмас — 45 минг форинт (таҳминан 10 минг рубль).

– Сиз академия ва спорткомплексдан ташқари, яна бошқа ишлар билан шуғулланиш ниятингиз борми?

– Мен УЕФА томонидан “А” категорияси бўйича мураббийлик лицензиясига эга бўлдим. Шунингдек, дарвозабонлик лицензиям ҳам бор. Шу сабабли, футбол соҳасида қолсам керак. Бироқ “Kirаly sport” академиясидагиларга ёрдам беришни истайман. Айнан улар учун мен Англия ёки Германияда қолмай, бу марказни ташкиллаштирган эдим. Лицензиям эса ҳеч бир муаммоларсиз у ерда ишлашимга ёрдам беради.

– Агар сизни терма жамоага бош мураббийлик лавозимига таклиф қилишса...?

– Шундоқ ҳам мени у ерга таклиф қилишяпти. Ҳар ярим йилда фаолиятимни тамомлаганим ё йўқлигини аниқлаштириб кетишади. Уларнинг таклифига рад жавобини беролмаслигимни жуда яхши билишади. Агар ҳақиқатдан ҳам уларга ёрдамим тегса, бундан фақат хурсанд бўлар эдим.

– Ҳа айтганча, спорткомплекс сизга фойда келтирадими?

– Албатта. У 2003 йилда ташкил топган. Ўша пайтлар мен “Герта”да ўйнардим. Шу вақт мобайнида комплекс ижобий томонга ўзгарди. Янги сунъий чим ётқизилган ҳамда барча талабларга жавоб берадиган замонавий майдон бор.

– Буларнинг барини ўз ҳисобингиздан барпо этганмисиз ёки ҳомийлар бўлганми?

– Аввалига ҳеч қандай ҳомий йўқ эди. Комплексни ўз маблағимга қурганман. Кейинчалик, асосий ишлар якунига етганидан сўнг, ҳомийлар ҳам топилаверган. Ҳомийлар ҳозирда логистика, овқатланиш, техник жиҳозлар ҳамда инфраструктура эҳтиёт қисмлари билан таъминлаб турадилар. Лекин асосий юк менинг зиммамда. Бир нарсани ҳисобга олинг, спорткомплексдан ташқари, менинг академиям ҳам бор. У ерда тенг ёшдаги болалар гуруҳи бор. Шунингдек, “Kiraly Shop” магазиним бор. Дўконда исмим ёзилган сувенир ва ўйинчоқ идишлар сотилади.

– “Халадаш” сизнинг марказингизда машғулот ўтказгани учун сизга ижара ҳақи тўлайдими?

– Ҳа. Аниқ суммасини айтолмайман. Клуб бу ерда комплекс очилганидан буён шуғулланади. Улар учун эшигимиз доим очиқ.

– Давлат томонидан қандай ёрдам бериб турилади? Ахир Венгрия термаси Евродаги ютуқлари миллий ғалабангиз ахир?!

– Афсуски, ҳаммаси ҳам биз хоҳлагандек бўлавермас экан. Тўғри, биз шон-шуҳратга эга бўлдик. Ҳамма биз билан суратга тушишга ошиқарди. Аммо аниқ ёрдам ёки инвестициялар унчалик кўп бўлмади. Бу ерда гап менинг спорткомплекс ва академиям ҳақида эмас, балки мамлакат футболини ривожлантириш тўғрисида кетяпти.

– Эшитишим бўйича, 14 ёшли ўғлингиз Матьяш сизга ўхшаб дарвозабон позициясида фаолият юритаётган экан. У Венгрия ёшлар термасида ҳам дебют қилишга улгурибди. Матьяш ҳам сизнинг академиянгизда шуғулланадими?

– Ҳа. Лекин унинг ютуқлари ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта. Ёшлар термаси — асосий жамоа эмас. Бироқ ота сифатида Матьяшдан мамнунман.

– У билан фахрланасизми?

– Мен уни бошқа йўллар билан руҳлантириб тураман. Масалан, термадаги биринчи ўйинидан аввал 108 рақами ёзилган қўлқоп совҳа қилган эди. Бу менинг термадаги майдонга тушган ўйинларим сони. Ўғлим бундан ҳам юқори чўққига эришишини истайман. Унинг базаси яхши. Чунки у мен билан Англия ва Германиянинг болалар клубларида ўйнаган. Ҳозирча унга тезлик етишмаяпти.

– Сиз унга таъсир ўтказишга ҳаракат қиласизми?

– Мен ҳеч қачон уни нимадир қилишга мажбурламаганман. Агар у катта футболга боришни хоҳламаса бундан ҳафа бўлмайман.  Ҳа, касбим давомчиси бўлмаслиги мумкин, лекин унинг қарорини ҳурмат қиламан. У завқланиб футбол ўйнаётганидан жуда ҳам хурсандман.

Кирай нима учун шим кийишни танлаган?

– Бир нарсани тушунмаяпман, нима учун Матьяш Кирай майдонга кулранг шим кийиб чиқади?

– Бошқа иложи ҳам йўқ-да (кулиб). Ишонинг, дарвозабон учун энг қулай кийим — шим. Мен унга қораси шим ёки шортик кий деб тавсия қилдим. Лекин у кулранг шимда майдонга тушаверди. Шунда ўзини қулай ҳис қилишини айтади.

– Бу шим сизнинг “Kiraly” брендингизданми?

– Ҳа. Биттасининг нархи — таҳминан 30 евро туради. Дўкондаги деярли ҳамма нарса шу ерда, Венгрияда ишлаб чиқарилган.

– Клуб ва терма жамоа ҳомийлари ўртасида низо келиб чиқмайдими?

– Биз аллақачон ҳаммасини келишиб олганмиз. Мен ўз маркамдаги қўлқоп ва шимда ўйнайман. “Герта” Nike билан ҳамкорлик қилишига қарамай, менинг брендим ўша клуб магазинида ҳам сотилади. Ҳаммаси мана бундай бўлганди: бир неча йил аввал “Герта” маркетинг вакиллари билан учрашганмиз. Ўйлашимча, менинг Берлин клубидаги 7 йиллик фаолиятим ва “Kiraly” брендим Nike сотувига ҳалал бермайди.

– Яхши. Унда йўл бўйи мени қинаган саволни сизга берсам... Сиз термадаги ўйинлар сони бўйича рекордчи ёки Европа чемпионатининг энг қари иштирокчиси сифатида эмас, балки катта кулранг шим кийган дарвозабон сифатида футбол тарихида қоласиз. Бу сизга алам қилмайдими?

– Тўғрисини айтсам, бунинг менга фарқи йўқ. Асосийси мен майдонда нимани намойиш эта олишим. Ўзингиз ҳам билсиз, кулранг шим мени кучлироқ қилагани, термага олиб келгани, миллий рекордимизни ўрнатиб бергани ва 43 ёшда ўйнашимга ёрдам бераётгани йўқ. Ҳар доим бир нарсани таъкидлаганман: бу мода эмас, шунчаки ўзимга қулай.

– Сиз ва ўғлингиздан ташқари, шим кийиб ўйнайдиган яна бир йигит бор — қувайтлик посбон Салех Махди. У ҳам “K1raly” брендидаги шимни кияди. Лекин қанақасига? Қувайт чемпионатида иссиқ шим кийиш...?

– Яхши савол. 10 йил аввал ўша бола мавсум давомида Будапештнинг “Гонвед” жамоасида ўйнарди. Назаримда, унга менинг услубим жуда ёққан. У ўзига бир нечта кийим сотиб олиб, яна юртига қайтиб кетганди. Биз у билан суҳбатлашиб турамиз. Салех шу ёзда фаолиятини якунламоқчи эди. Лекин у Қувайтда бундай иссиқ шимда қандай қилиб ўйнаётганига мен ҳам ҳайронман...

– Фақат Англияда сиз бир нечта ўйинда шим киймаган эдингиз. Нима учун?

– Келинг, яхшиси нима учун шим кийишни бошлаган ҳақида айтиб бераман. Венгриядаги фаолиятим бошида стадионлардаги чим яхши эмас эди. Шунинг учун, оёқларимни асраб шим киярдим. Шунингдек, шим кийган пайтим “Халадаш” ижобий натижага эришарди. Кейинчалик бу одатга айланди. Германия ва Англия газони ҳавас қиларли даражада эмас. Лекин у ерда барибир шортик кийиб, ўйнай олмадим.

– Айнан шу нарса Евро-2016да машҳур бўлишингизга сабаб бўлганди. 40 ёшли посбоннинг бундай кўриниши кўпчиликнинг қизиқтирган эди.

– Евро-2016дан кейин менга катта қизиқиш билан қарай бошлашди. Бироқ чемпионатгача 20 йилдан ортиқ шим кийиб ўйнагандим. Мен шунчаки ўз ишимни бажараман. 26 мавсумда 885 ўйинда иштирок этдим.

– Ажойиб статистика!

– Бу шунчаки терма ва клублардаги расмий ўйинлар. Ҳали ўртовлик баҳсларини ҳисобга олганим йўқ.

Тушкунлик устидан қозонилган ғалаба ҳамда Роберт Энке фожеаси ҳақида

– Қандай футбол услуби сизга кўпроқ мос келган – инглиз ёки немис?

– Венгрияники (кулиб). Умуман олганда – немис. У техник жиҳатдан анча ривожланган. Бошқа Бир тарафдан, Англия премьер-лигасидаги тартиб ёқар эди. Тўғрисини айтсам, фаолиятим давомидаги ҳар бир клубда мазза қилиб ўйнаганман.

– Лекин “Герта”даги фаолиятингиз якунига оз қолганида, ҳақиқий тушкунликка тушиб қолган эдингиз?!

– Агар буни “тушкунлик” деб тушунган бўлсангиз, майли шундай деяқолинг. Бунга қаршилигим йўқ. Аслида, 2003/04 йилги мавсум бошида жамоа жуда ёмон натижалар қайд этганди. Шунинг учун, кўпроқ ижобий натижа кўрсатишга уринардим. Шерикларимдан ҳам шуни талаб қилардим. Бироқ менга жароҳат ҳалал бериб қолди. Янги бош мураббий Ханс Майерчемпионатнинг иккинчи қисми менсиз бошланишини эълон қилди. Жамоага ёрдам бера олмай, илк бор захирада ўтириш менинг кайфиятимга жуда катта салбий таъсир кўрсатди.

Бу вазият кайфиятимга салбий таъсир кўрсатди ва ҳафсалам пир бўлди. Мен аввал дарвозабон бўлган Венгрия футбол афсонаси Дьюла Грошичга мурожаат қилдим. Унинг айтишича, ёрдамни жамоага эмас, балки биринчи навбатда ўзимга беришим керак экан. Агар улар сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлишмаса, нима учун уларга ёрдам беришингиз керак? Агар у психологик томондан менга далда бермаганида, ким билсин ҳолим не кечарди?! Ўша пайтдан бошлаб мен ўз устимда ишлай бошладим. Орадан ярим йил ўтиб, ўзимни бошқаришни ўргандим ва ҳаммаси жойига тушиб кетди.

– Сизнингча, ўшанда Роберт Энкега нима бўлган (“Ганновер 96” ҳамда Германия термаси дарвозабони, 2009 йил  10 ноябрда поезд тагига ўзини ташлаб вафот этган)? Нима учун у муаммоларини енга олмаган деб ўйлайсиз?

– Роберт билан содир бўлган воқеани эшитганимда терма жамоа билан бирга эдим. – Роберт билан содир бўлган воқеани эшитганимда терма жамоа билан бирга эдим. Бу нафақат уни таниган-билган ҳамкасбларига, балки бутун футбол мухлисларига ҳам ёмон хабар бўлган. Сизга бир нарсани тушунтириб бераман: посбонлар ўз дунёсида яшайди, психология жиҳатдан улар майдондаги бошқа ўйинчилардан жуда катта фарқ қиладилар. Биз ҳар бир ўтказию юборилган тўп учун жавобгарликни ўз бўйнимизга оламиз. Шунинг учун, ташқи босимларга таъсирчан бўлиб қоламиз. Омадим бор экан, ўз вақтида бундай босимларга қарши кураша олдим.

Бироқ Роберт билан бироз бошқачароқ вазият бўлган: унинг фаолиятида пасайиш ва захирада қолиб кетишлар кўпроқ бўлган. Бундеслига ҳамда Германия термасидаги босимларнинг эса охири йўқдек эди, гўё. Ёдимда, “Ганновер”нинг бир омадсиз ўйинидан сўнг, немис газеталаридан бирида “Дарвозабон хатоси” номли мақола чоп этилган: яъни худди ҳамма айб Энкеда экан... Тасаввур қиляпсизми, ўзи ҳар бир ўтказиб юборган голи учун тушкунликка тушиб қолган инсоннинг аҳволи, бу мақоладан кейин нима кечган экан?! Бунга яна оилавий муаммосини ҳам қўшсак-чи?! Энке ўз жонига қасд қилишидан уч йил аввал 2 ёшли қизи оламдан ўтган эди. Айнан шу нарса кун-у тун унинг ҳаёлида эди.

Роберт билан юз берган ўша воқеадан сўнг, матбуот ҳам йўналишини бироз ўзгартирди: дарвозабонларга очиқчасига босим ўтказмади. Яна аниғини билмадимку, лекин бошқа кескин ва танқидий мақолаларга кўзим тушмади.

– Қанчалик қўпол эшитилмасин, демак оммавий ахборот воситалари кескин танқид қилиш мумкин эмаслигини тушуниб етиши учун уларга “қурбон” керак бўлибди-да?!

– Айнан шундай. Дарвозабон — жамоадаги биринчи ва охирги ўйинчи. Тўп ўтказиб юбордими? Демак, посбон айбдор. Лекин ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди. Аммо таҳлилчилардан бошқа ҳеч ким ўйинни қайтадан қўриб, вазиятни тушунишга ҳаракат қилмайди. Умуман олганда, жамоада ундан ташқари яна 10та ўйинчи бор. Уларнинг ҳар бири ўтказиб юборилган тўп учун голкипер билан бирдек жавобгар.

Авлодлар ўртасидаги фарқ ва ютуқлар ҳақида

– Ёш футболчилар ҳақидаги фикрингиз? Улар билан ўзингизни бемалол ҳис қиласизми ёки бошқа сайёрага тушиб қолгандек бўласизми?!

– Ҳаммасига ҳурмат қиламан. Ҳар бирининг ўз ўрни бор. Бир нарсага аминманки, ҳар қандай вазиятда ҳам оёқда тик тура олишингиз зарур. Кўпчиликка машҳур юлдузга айланган бўлиши ва 5талаб гол урган бўлиши мумкин. Лекин асосийси инсонийлигини йўқотмаслиги. Фаолияти бир якунланади, атрофдаги шов-шув ҳам ниҳоясига етади, лекин инсон ўша-ўшалигича қолади.

– Футболдаги энг катта ютуғингизни айта оласизми? 

– Терма жамоалар миқёсида олсак – Европа чемпионати-2016. Клубда эса аниқ бир жавоб бера олмасам керак. Венгриядан ташқари, мен Англия ва Германияда тўп тепганман, Чемпионлар Лигаси ва УЕФА Кубоги доирасидаги учрашувда майдонга тушганман. Футболда биргина орзуим бўлмаган. Айтайлик, мен «Манчестер Юнайтед» ёки «Барселона» сафида майдонга тушсам бўлди орзум ушалади демаганман, айнан қайсидир соврин "ишқида куймаганман". Мен шунчаки жаҳон даражасидаги дарвозабон бўлишни ният қилгандим. Умид қиламанки, ниятимга етдим. Ёдимда, илк бор Чемпионлар Лигаси мадҳияси остида «Герта» сафида трибунаостидан майдонга чиқиб келганман. Танаффусда жамоадошларимга энди фаолиятимни якунлайверсам ҳам бўлаверишини айтгандим. Ўшанда мен 22 ёшда, бундан 20 йил аввал юз берганди.

– Шундай бўлса ҳам: кейинчи Габор?

– "Халадаш"ни элитада сақлаб қолиш учун машғулотларда чин дилдан шуғулланиш ва ғалаба қозониш. Бундан ташқари академиям ва спорт комплексим мавжуд. Майдондан бироз нарида қурилиш ишларига кўзингиз тушгандир? Яқин ойлар ичида яна қатор лойиҳаларни амалга ошириш, якунига етказиш даркор. Келинг энди интервьюни якунлайликда сизга магазин ва тренажер залини кўрсатай.

Офис олдида "Citroen Picasso" турибди – бу Кирайнинг машинаси. Ундан ташқари Габор анча эски бўлган биринчи модель "Mini"си ҳам бор. 

Бир-икки дақиқа ўтгач, биз зал ва иккинчи офис биносини кўздан кечирдик. Унинг деворларида Габор Кирайнинг футболкаларини ва футболчилик фаолиятида у форма алмашганларнинг футболкасини кўришингиз мумкин. У ерда кўплаб юлдузларни кўриш мумкин, аммо Нойер, Роналду ва яна бир қанча замонавий футбол юлдузларининг формаси ажралиб турарди. Магазинда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганди, шунинг учун K1raly логотипи туширилган товарлар витриналарда эмас, балки стол устида ва девор олдидаги қутиларда турарди. Кирайни ишчилар тўхтатишди ва улар узоқ нималарнидир муҳокама қилишди. Ундан сўнг Габор мени шаҳаргача ташлаб қўйишини айтди, мен рози бўлдим. Йўл-йўлакай биз у ёқтирган Bon Jovi гуруҳи ҳақида ҳам гаплашиб улгурдик. У қувонч билан бундан 20 йил аввал гуруҳ аъзоларининг барчасидан дастхат олишга муваффақ бўлганини айтиб берди. 

Қайсидир маънода Габор Кирай ўта содда, тўғри ва шу сабабли бироз зерикарли шаҳсдек тасаввур уйғотиши мумкин. Кирайни замонавий топ-футболчилар билан солиштириш мушкул вазифа. Сабаби у анча кеч машҳурликка эришган ва у ёшгача бугунги футболчиларнинг энг матонатлилари ҳам фаолиятини тугатиб улгурмоқда. У ижтимоий саҳифалардаги саҳифаларида саноғи йўқ сельфилар билан "жонга тегмайди" ва ҳатто мамлакатнинг ўзида ҳам энг машҳурлардан ҳисобланмайди. Унда оддий кийим, оддий машина, 26 йиллик мустаҳкам оила, она шаҳридаги фойдали иши бор. Хавас қилса арзигулик ҳаёт йўли, шундай эмасми?


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +21   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг