"Нефтчи"да аргентиналик мураббий иш бошлади

Iskandarov Abdulaziz
25 июн 2026, 14:19
Ислом Исмоилов мураббийлар штабида ўзгаришлар юз бермоқда.

Аргентина футбол мактаби вакили, тажрибали мутахассис Хуан Крус Жилл эндиликда “Нефтчи” жамоаси мураббийлар штабига қўшилди ва жамоа бош мураббийи Исломбек Исмоиловга ёрдамчи сифатида фаолият олиб боради.

У жамоанинг машғулот жараёнлари, тактик тайёргарлик, футболчиларнинг индивидуал ривожланиши ҳамда аналитик ишларида бош мураббийга яқиндан ёрдам беради.

42 ёшли аргентиналик мутахассис футболчилик фаолияти давомида Аргентина, Чили, Кипр, Венесуэла ва Мальта клублари сафида тўп сурган. Ҳимоячи сифатида майдонда катта тажриба орттирган Хуан Крус Жилл, айниқса, Мальтанинг машҳур клубларидан бири — “Валлетта” сафида муваффақиятли фаолият юритиб, бир нечта совринларни қўлга киритган.

У футболчилик фаолиятини якунлагач, мураббийликка ўтиб, профессионал фаолиятини ёрдамчи мураббий сифатида давом эттирди.

Хуан Крус Жилл мураббийлик фаолияти давомида “CONMEBOL PRO ” ва “UEFA A“даражасидаги лицензияларга эга бўлиб, замонавий футбол методикаси, тактик таҳлил ҳамда машғулот жараёнларини ташкил этиш бўйича катта тажрибага эга мутахассис ҳисобланади.

Сўнгги йилларда у Жанубий Америка футболида фаол ишлаб, бир қатор профессионал жамоалар мураббийлар штабларида самарали фаолият олиб борди.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: "Нефтчи" матбуот хизмати