UZ

Сўнгги янгиликлар

01:57АПЛ. Лондон дербисида "Арсенал" "Челси"га "тарсаки туширди"  19 01:30Иброҳимхалил Йўлдошев: “Биз рақиб танламаймиз”  4 01:26Русланбек Жиянов: “Йўлимиздан чиққан жамоани мағлуб этишимиз керак”   0 01:15ОЧЛ. Юлдузларни ўзида жамлаган "Ал Ҳилол" турнирни тарк этди, "Ал Айн" финалда!  8 00:44"Бунёдкор" собиқ футболчиси "Барселона"га янги мураббий тавсия қилди  5 00:27ПСЖ ёзда Ямал учун улкан миқдордаги сумма таклиф қилмоқчи  4 23:50Колумбияда ўйин пайти футболчига пичоқ улоқтирилди  0 23:34Тимур Кападзе: "Рақибимиз Саудия бўладими ёки бошқа бир жамоа, биз ўз мақсадимизга эришишимиз керак"  11 23:01U-23 Осиё кубоги. Кувайт Малайзияни мағлуб этиб, "D" гуруҳида учинчи ўринни эгаллади  0 22:31Осиё кубоги. Вьетнам йирик ҳисобда мағлуб этилди. Кейинги рақиб - Саудия Арабистони  150 22:11Қирғиз Республикасида Марказий Осиёдаги энг йирик стадион қурилиши бошланди  29 21:55"Барселона" президенти "Реал"га қарши ўйинни такрор ўтказишни талаб қилмоқчи  17 21:38Усэйн Болт: "Мен пойгада Мбаппедан тез югураман"  4 21:11Моуринью янги жамоасида дарвозабонсиз ўйнайдиган тактика қўлламоқчи  11 20:24"Ньюкасл" ҳужумчиси "Барселона"га ўтиши мумкин  5

Мираброр Усмонов: “Хаёлпараст мутахассислар фаолиятига чек қўйиш керак” Янгиликлар

Мираброр Усмонов: “Хаёлпараст мутахассислар фаолиятига чек қўйиш керак”

Бугун Миллий Олимпия қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига муносиб тайёрлаш тўғрисидаги” қарорида белгиланган вазифалар юзасидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Олимпия спорт турлари бўйича Республика федерация (ассоциация)лар раҳбарлари, терма жамоалар бош мураббийлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усманов раислигида ўтказилган йиғилишда, юртимиз спортчиларини бўлажак нуфузли мусобақаларга муносиб тайёрлаш, мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳатлар, уларни ҳаётга тадбиқ этиш чора-тадбирлари, шунингдек, спорт соҳасида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари атрофлича муҳокама қилинди.

“Мамлакатимиз спортчиларини бўлажак Олимпия ва Паралимпия ўйинларига муносиб тайёрлаш борасида муҳтарам Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарор Давлатимиз томонидан юртимиз спортчиларига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг яна бир бора ёрқин исботидир – деди М.Усманов. Эътиборлиси, мазкур қарорда белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш борасида ўтган давр мобайнида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Хусусан, Олимпиада оиласига кирган спорт турлари бўйича федерацияларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, терма жамоалар захирасини янада бойитиш мақсадида селекция ишларини ривожлантириш, бунда энг аввало жойларда спорт федерацияларнинг бўлимлари фаолиятини тўғри ташкил этиш ва уларга малакали мутахассисларни жалб этиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Эндиликда жойларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг бўлимлари ҳам ташкил этилади ва вилоятлардаги вакилларимиз истиқболли режаларни рўёбга чиқариш йўлида ҳудудий спорт федерацияларга яқиндан кўмак беради. Она заминимиз иқтидорларга бой ва мадомики биз халқаро спорт майдонларида юқори натижаларга эришиб, Ўзбекистон шуҳратини юксакларга кўтаришни мақсад қилган эканмиз, селекция ишларини ривожлантириш орқали терма жамоаларда рақобат муҳитини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоғимиз даркор. Жойларда замонавий спорт саройларини қад ростлаётгани юртдошларимиз, айниқса, келажагимиз эгалари қалбида соғлом турмуш тарзи кўникмалари шаклланиб бормоқда. Бунинг натижасида эса спортга меҳр қўйган ёшларимиз сафи йилдан-йилга кенгайиб, янгидан-янги номлар кашф этиляпти. Бу ўз навбатида терма жамоалардаги рақобат муҳитини ўсишига ва энг йирик спорт мусобақаларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар салмоғи юксалиб боришига хизмат қилмоқда. Биз 2010-2013 йиллар давомида турли ёшдаги терма жамоалар томонидан биргина жаҳон ва Осиё чемпионатлари эришилган натижаларини сарҳисоб қилганимизда, аксарият спорт турларида ўсиш суръати яққол кўзга ташланди. Айниқса, оғир атлетика, бокс, енгил атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, шунингдек, Паралимпия спорт турларида қўлга киритилган муваффақиятлар таҳсинга лойиқ. Шу ўринда мен, қолган спорт турлари федерациялари раҳбарларидан Президентимиз таъкидлаганларидек, маррани юқори олишни ва яратиб берилаётган шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда муваффақиятлар салмоғини юксалтиришга эътиборни кучайтиришни сўраб қолган бўлардим. Зеро, юқорида санаб ўтилган федерацияларга яратилаётган шароитлар қолган федерацияларда ҳам мавжуд. Шундай экан, биз бугунги кунда спорт соҳасини ривожлантиришга масъул эканлигимизни, ўз вазифамизга профессионал тарзда ёндашиб, халқимиз, Президентимиз ишончини қозонишимиз, бу учун ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб ҳаракат қилиш зарурлигини доимо ёдимизда тутмоғимиз зарур”.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари халқаро майдонларда эришилаётган ютуқларимиз салмоғини янада юксалтириш учун федерацияларнинг спорт базаларини мустаҳкамлаш, туман (шаҳар) ҳамда вилоят миқёсида ўтказиладиган мусобақаларни тўғри ва самарали ташкил этиш, шунингдек, мутахассисларнинг тажриба ва маҳоратларини ошириш мақсадида халқаро семинарларни кўпроқ ташкил этиш, терма жамоалар бош мураббийларининг фаоллигини ошириш каби масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

“Бош мураббийларнинг иш режаси билан шахсан федерация раиси яқиндан танишиб чиққан бўлиш зарур. Улар барча ёшдаги терма жамоалар билан яқиндан алоқа ўрнатишлари ва бу орқали етакчи спортчиларнинг муносиб ўринбосарларини тайёрлаш ишига бош-қош бўлишлари талаб этилади. Бош мураббийларга, шунингдек, худудларга бориб, жойларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиши ҳамда вилоят миқёсидаги мусобақаларни бевосита кузатишлари учун шароитлар яратиб берилиши зарур” – деди М.Усманов.

Маълумки, Миллий Олимпия қўмитаси қошида “Ўзбекистон Олимпиячиларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди” ташкил этилган ва терма жамоаларга хориждан таклиф этилган мутахассисларнинг ойлик маошлари ана шу жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Мазкур жамғарма маблағлари, шунингдек, спорт базаларини қуриш ва қайта реконструкция қилиш, уларни зарур спорт жиҳозлари билан таъминлаш, халқаро спорт майдонларида юқори натижаларга эришаётган спортчилар ва уларнинг мураббийларини рағбатлантириб боришга ҳам йўналтирилмоқда. Жамғарма фаолияти хусусида тўхталар экан, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари йиғилганлар эътиборини қуйидаги жиҳатларга ҳам қаратиб ўтди.

“Айни пайтда пойтахтимиз марказида қад ростлаётган Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг янги биноси ҳам ана шу жамғарма маблағлари ҳисобига қад ростлаяпти. Беш қаватдан иборат бўлган ва жорий йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ушбу бинода тиббий-биологик марказ ҳам фаолият кўрсатади. Бу ҳам ўз навбатида терма жамоаларимизга яратилган яна бир қулайлик бўлиб, эндиликда спортчилар ўзимизда малакали (маҳаллий ва хорижлик) шифокорлар кўригидан ўтиш имкониятига эга бўладилар. Тиббий-биологик марказ энг замонавий тиббий анжомлар билан жихозланади”.

Йиғилишда эришилаётган ютуқлар билан бирга, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида ҳам сўз юритилди.

“Афсуски, яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўзидан яхши ном қолдириш ўрнига сохта обрў кетидан қуваётган мутассаддиларимиз ҳам орамизда йўқ эмас. Давлатимиз ҳамда хукуматимиз томонидан барча шароитлар яратилиб, ҳар бир федерацияларга ҳомийлар бириктирилганлигига қарамай, ҳамон жойларда туман (шаҳар), вилоят мусобақаларини ташкил этиш ва бу орқали янгидан-янги иқтидорларни кашф этиш ишлари яхши йўлга қўйилмаган. Қани айтингларчи, бу ишларга энг аввало ким масъул. Наҳотки, бу ишларни ташкил этиш шу даражада қийин бўлса. Бу учун федерация мутассадилари янада фидоий, жойларда спорт соҳасининг масъуллари эса ўз ишига жонкуяр бўлишлари талаб этилади. Ўтган давр мобайнида спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатларни тўғри англаб етмаган ва бугунги кун билан яшашни одат қилиб олган айрим мутассадиларимизга нисбатан қатъий чоралар кўрилди ва бундан кейин ҳам боқибеғамлик кайфиятида юрадиганларга нисбатан жиддий чоралар кўришда давом этаверамиз”, – деди М.Усманов

Ҳа, чиндан ҳам бугунги кунда нафақат вилоят марказлари, балки энг чекка қишлоқларимизда ҳам замонавий спорт саройлари қад ростламоқдаки, бу ерда ҳар қандай мусобақаларни юксак даражада ташкил этиш имкониятлари мавжуд. Бироқ, Республика федерацияларидаги масъуллар ва худудлардаги вакилларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашаётганлиги оқибатида мамлакат миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда иштирок этаётган айрим вилоят жамоалари номигагина ёҳуд таниш-билиш орқали шакллантирилмоқда. Нима сабабдан ўтган йилги натижаларимизни яхшилай олмадик ёки бўлмаса, нимани ҳисобига кўрсаткичларимиз пастга қараб шўнғияпти дея, ҳар бир мусобақани атрофлича сарҳисоб қилиш ўрнига, асосийси иштирок этдик-ку, бу ёғи бир гап бўлар. Бу йил бўлмаса, келаси сафар бирор-бир совринли ўринни эгаллармиз дейдиган бундай “хаёлпараст” мутахассислар фаолиятига чек қўйиш керак. Акс ҳолда қанчадан-қанча иқтидорлар ўз истеъдодларини намоён эта олмай армонда қолаверадилар.

Йиғилишда жорий йил Нанкин шаҳри (Хитой)да ўтказиладиган ўсмирлар Олимпиадаси ҳамда Инчеон шаҳри (Ж.Корея) мезбонлик қиладиган Осиё ва ПараОсиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Айни пайтга келиб, Нанкин ўйинларига 17 нафар умидли спортчиларимиз лицензияларни қўлга киритишган бўлса, етти нафар Паралимпиячилар навбатдаги ПараОсиё ўйинларида иштирок этиш хуқуқини қўлга киритишган (Осиё ўйинларидан фарқли равишда ПараОсиё ўйинларида қатнашиш учун лицензион мусобақаларда йўлланмаларни қўлга киритиш лозим). Олдинда ҳар икки нуфузли мусобақага йўлланмалар ўйналувчи спортнинг қатор турлари бўйича мусобақалар мавжуд ва умид қиламизки, ҳар иккала мусобақада иштирок этадиган делегациямиз сафи ўйинлар бошлангунга қадар бир неча марта кенгаяди.

“Айни пайтда Федерациялар томонидан ҳар икки мусобақага прогнозлар тақдим этилмоқда. Олдиндан айтиб қўяй, бизга қуруқ ваъдалар керак эмас. Шу боис тақдим этилаётган прогнозлар ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган, керак бўлса илмий асосланган бўлиши зарур. Очиғи, аксарият федерациялар томонидан берилган прогнозларни қониқарли деб бўлмайди. Тўғри, бундан буён спортчиларнинг тайёргарлиги, селекция ишлари, қайд этилаётган натижалар ҳамда моддий – техник базалардан самарали фойдаланиш бўйича барча жавобгарлик Федерацияларда штат асосида фаолият кўрсатаётган раис ўринбосарлари, Бош котиблар ва терма жамоаларнинг бош мураббийлар зиммасига юклатилади. Бироқ, Давлат томонидан барча шароитлар яратиб берилгач, ўз олдимизга юқори марраларни қўйишимиз керакми ёки берган прогнозларимиз эртага ўзини оқламаса деб, пастроқ кўрсаткичларни кўрсатиб юравериш керакми. Албатта, бугунги кун билан яшайдиган айрим мутахассислар учун прогнозларни паст қилиб кўрсатиш қулайдир, лекин ички имкониятлардан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси яхши хабардор эканлигини назардан қочирманглар. Яна бир жихат, мазкур мусобақалар орқали спортчиларимизни “Рио-2016” ўйинларига тайёрлаш ишларимиз нечоғлик тўғри йўлдан кетаётганлиги янада ойдинлашади”, - деди Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари.

Ҳа, спорт шундай қудратга эгаки, бир вақтнинг ўзида бутун дунёни бир жойга жамлай олади. Спортчи шундай кучга эгаки унинг бир ўзи туғилиб ўсган Ватани довруғини бутун оламга достон эта олади. Шукурлар бўлсинким, юртимизда Ватан шон-шуҳратини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қилаётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Бу каби ютуқларни қўлга киритилишида энг аввало озод ва обод юртимизда хукм сураётган тинчлик-осойишталик, Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар каби жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилаётган эътибор, спорт жамоатчилигининг фидокорона меҳнатлари ҳамда спортсевар халқимизни қўллаб-қувватлаб турганлиги асосий омил бўлмоқда. Ниятимиз, Ўзбекистон спортининг зафарли онлари сарҳад билмасин.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика