“Металлург” иккинчи даврага тайёргарликни бошлади

Aslanov Jasurbek
8 июл 2017
Илгари хабар берганимиздек, Бекободнинг “Металлург” жамоаси аъзолари 7 июль санасида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси қошидаги тиббиёт марказида кўрикдан ўтишди ва иккинчи даврага тайёргарликни давом эттириш учун пойтахт вилояти Бўстонлиқ туманига йўл олишди.

Бекободликлар икки ҳафта мобайнида Чорвоқ сув омбори ёнида жойлашган “Металлург” сиҳатгоҳида жисмоний тайёргарликни тиклаш машқларига зўр беришади. Мураббийлар таркиби билан қўшиб ҳисоблаганда бугун Ўзбекистон металлургия комбинатига қарашли бу масканга клубнинг 50 дан зиёд аъзолари етиб келишди. Асосий ва ўринбосарлар таркиби вакилларига йиғин давомида жисмоний юкламалар берилиши баробарида назарий ҳамда тактик жиҳатдан машғулотлар ҳам ўтилади. Йиғинда “Металлург” таркибига таклиф этилган янги ўйинчилар ҳам иштирок этишаяпти. Ўз навбатида биринчи даврада бекободликлар билан бирга бўлган баъзи ўйинчилар бошқа клубларда кўрикдан ўтиш учун рухсат олишганлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Бу борадаги янгиликлар ҳақида кейинги чиқишларимизда маълумот берамиз.

"Металлург" матбуот-хизмати


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Championat.asia