

Ўтган ҳафтада "шаҳарликлар" АПЛнинг молиявий қоидаларини бузиш бўйича деярли барча айбловлар бўйича айбдор деб топилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди — фақат биттасидан ташқари. 2023 йилнинг февраль ойида АПЛ "Сити"ни 2009 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда молиявий қоидаларнинг 115 та турли бузилишида айблаган эди. Кейинчалик The Times газетаси гап 115 та эмас, балки 130 та қоидабузарлик ҳақида кетаётганини хабар қилди: Премьер-лига эндигина айбловларни эълон қилганида, баъзи қоидалар бўйича чалкашлик юзага келган эди.
Кеча АПЛ клуб барча айбловлар бўйича айбдор деб топилганини маълум қилди. Хусусан, бу 2009/10 йилги мавсумдан 2017/18 йилги мавсумгача қўлланган "яширин молиялаштириш схемаси"га тегишли: ушбу давр мобайнида "Сити" умумий ҳисобда Абу-Дабидаги ҳомийлардан 949,94 млн фунт олгани ҳақида ҳисобот берган. Ваҳоланки, аслида ҳамкорлар фақат 119,25 млн фунт тўлашган — қолган қисмини (830,69 млн фунт) клубга эгалик қилувчи Abu Dhabi United Group (ADUG) компанияси қоплаган.
Текширувлар давомида "Ман Сити" ушбу схема мавжудлигини рад этди. Клуб баёнотига кўра, ҳомийларнинг ўзлари юқорида кўрсатилган суммани ўз манбаларидан тўлиқ тўлашган, ADUG эса қўшимча маблағ киритмаган.
Шу билан бирга, "шаҳарликлар" клуб ҳамкорлари шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун баъзан Абу-Даби ҳукуматига молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилишганини ва уларнинг сўровлари қаноатлантирилганини таъкидлашди. Ҳар бир ҳолатда Абу-Даби ҳукумати томонидан тақдим этилган молиявий ёрдам ҳажми айблов томони ADUG бадаллари деб ҳисоблаган суммага мос келган.
Ушбу ишни ўрганаётган мустақил комиссия клубнинг бундай изоҳларини ёлғон деб топди ва рад этди. У "Сити" текширув бошланганидан кейин маблағларнинг ҳақиқий келиб чиқишини яширишга уриниб, ушбу аргументларни ўйлаб топган деган хулосага келди.



