

Жамоа устози Элдор Мойлиев "Арал"га қарши кечган назорат учрашувидан сўнг фикрлари билан ўртоқлашди.
"Тайёргарликнинг икки босқичини Қаршида ўтказдик. Айни пайтда пойтахтда назорат учрашувларида иштирок этяпмиз. Барчаси режамиз бўйича кетмоқда. 8 та назорат ўйинлари белгиланган, бу орқали спорт формамизни оптимал ҳолатга олиб келишни мақсад қилганмиз. Барчага ўйнаш имкониятини беряпмиз десам янглишмайман",- дейди Элдор Мойлиев.
- Таркибни шакллантиришда муаммолар бўлмаяпти?
- "Лочин"даги йигитлар билан "Насаф-Фарм" жамоасида бирга ишлаганмиз, шу боис қийин бўлмаяпти. Улар билан Биринчи лигадан Про лигага чиққандик. Тажрибали футболчиларни ҳам таклиф қиляпмиз. Яхши жамоа шакллантиришни ният қилганмиз дея оламан.
- Дебютант жамоа учун мақсадлар қандай?
- Кўряпсиз, жамоалар ўртасида фарқ йўқ. Ҳамма жамоа билан ўйнаса бўлади. Шогирдларимга юз фоиз ишонаман. Салоҳиятимиздан келиб чиқиб кучли учликка ҳаракат қила оламиз.
- Жамоанинг тажрибали ҳужумчиси Зафар Полвонов ўтган йили Биринчи лигада голлар урди. Унинг тақдири нима бўлди?
- Зафар Полвоновда ёш ўз сўзини айтади. Про лигада тезлик керак. Иқтидорли ҳужумчи, лекин уни ўз хоҳиши билан U-19 жамоамизга мураббий этиб тайинладик.



