Жон Терри Англия таркиби ҳақида: "Тухель 3-4 та хато қилди"

Aslanov Jasurbek
10 июн 2026, 14:34
"Челси" ва Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жон Терри Томас Тухель ЖЧ-2026 учун таркибни шакллантиришда бир қатор хатоларга йўл қўйганини айтди.

"Менимча, энг яхши ўйинчиларни чақириш керак. Агар биз бу Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқмоқчи бўлсак, бизда ўйнай оладиган атиги 13, 14 ёки 15 та ўйинчи бор. Заявкадаги қолган футболчиларга қарасам, улар майдонга тушадиганлар билан рақобатлаша олишига ишончим комил эмас.

Авваламбор, у [Тухель] менга жуда ёқади. Мен унинг "Челси"даги ишини кўрганман, у ерда мураббийлик қилганида Чемпионлар лигасида бизга муваффақият олиб келган. У муҳим қарорлар қабул қилишдан қўрқмаслиги менга ёқади ва ўйлайманки, биз буни кўрдик.

Аммо у Жаҳон чемпионатига баъзи ўйинчиларни чақирмагани билан келиша олмайман. Биринчи навбатда, Харри Магуайр. Чап қанот ҳимоясида Люк Шоу. Биз О'Райлини чап қанот ҳимоячиси сифатида кўряпмиз – менимча, унга Люк Шоу каби ёрдам бера оладиган, тинчлантирадиган, бироз маслаҳат бера оладиган одам керак, чунки у келгуси Жаҳон чемпионатларида бизнинг келажагимиз. Коул Палмер – бу яна бир муҳим қарор.

Шундай қилиб, ўйлайманки, у уч ёки тўртта қарорда хато қилди. Ўйлайманки, Жаҳон чемпионатида қанчалик узоққа борсангиз, сизга энг яхши ўйинчиларингиз шунчалик кўпроқ керак бўлади.

Мен [Магуайр]ни Дэн Берндан кўра яхшироқ ўйинчи деб ҳисоблайман ва агар бошқа икки нафар [ҳимоячи], хоҳ у Жон Стоунз бўлсин, хоҳ бошқаси, жароҳат олса, мен уларнинг ўрнига Харри Магуайр тушишини истардим. Ўйлайманки, у стандарт вазиятларда ва ўйин охирларида ҳар доим катта хавф туғдиради – биламан, Дэн Берн ҳам чап қанот ҳимоясида ўйнаганида хавф туғдиради. Аммо мен ҳар доим Магуайрни танлайман", – деди Терри Sports Uncensored нашрига берган интервьюсида.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф