

ЖЧ-2026
3-тур
Португалия – Ўзбекистон 5:0
Бош ҳакам: Жалол Жаед
Ёрдамчи ҳакамлар: Закария Бринси, Мустафа Акаркад
Тўртинчи ҳакам: Абонгиле Том
VAR ҳаками: Леодан Гонсалес
VAR ёрдамчилари: Ҳамза Эль-Фарик, Эрнан Мастранжело
Захира ёрдамчи ҳаками: Захеле Сивела
Ўйин директори: Феликс Лена
ФИФА комиссари: Али Аль-Наими
Голлар: 1:0 – 6, Криштиану Роналду (Жоау Канселу), 2:0 – 17, Нуну Мендеш, 3:0 – 39, Криштиану Роналду (Бруну Фернандеш), 4:0 – 60, Абдувоҳид Неъматов (автогол), 5:0 – 88, Рафаэль Леау
Португалия: 1. Диогу Кошта, 3. Рубен Диаш, 7. Криштиану Роналду (с), 8. Бруну Фернандеш, 11. Жоау Феликс (16. Франсишку Тринкау, 63), 13. Ренату Вейга, 15. Жоау Невеш (10. Бернарду Силва, 76), 18. Педру Нету (26. Франсишку Консейсау, 46), 20. Жоау Канселу (6. Матеуш Нунеш, 46), 23. Витинья (17. Рафаэль Леау, 83), 25. Нуну Мендеш.
Захира: 12. Жозе Са, 22. Руи Силва, 2. Нелсон Семеду, 4. Томаш Араужу, 5. Диогу Далот, 9. Гонсалу Рамуш, 14. Гонсалу Инасиу, 19. Гонсалу Гедеш, 21. Рубен Невеш, 24. Саму Кошта.
Ўзбекистон: 12. Абдувоҳид Неъматов, 2. Абдуқодир Ҳусанов, 5. Рустам Ашурматов, 7. Отабек Шукуров (23. Шерзод Эсанов, 90+2), 9. Одилжон Ҳамробеков (6. Акмал Мозговой, 46), 13. Шерзод Насруллаев (3. Ҳожиакбар Алижонов, 46), 14. Элдор Шомуродов (с), 18. Абдулла Абдуллаев, 19. Азизжон Ғаниев, 22. Аббосбек Файзуллаев (21. Игорь Сергеев, 73), 24. Беҳрузжон Каримов (10. Русланбек Жиянов, 90+2)
Захира: 1. Ўткир Юсупов, 16. Ботирали Эргашев, 4. Фарруҳ Сайфиев, 8. Жамшид Искандеров, 11. Остон Ўрунов, 15. Умар Эшмуродов, 17. Достонбек Ҳамдамов, 20. Азизбек Амонов, 25. Авазбек Ўлмасалиев, 26. Жаҳонгир Ўрозов.
Огоҳлантиришлар: Одилжон Ҳамробеков (14), Ренату Вейга (68)
Учрашув якунланди!
Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинди. Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги кескин ва қизиқарли кечган учрашув ўз ниҳоясига етди. Вакилларимиз майдонда бор кучлари билан ҳаракат қилишди, бироқ бу сафар тажрибали рақиб маҳорат бобида устунлик қилди.
Учрашув Португалия терма жамоасининг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Бу мағлубият терма жамоамиз учун келгуси расмий ўйинлар олдидан ўз хатолари устида ишлаш ва катта тажриба тўплаш учун яхши дарс бўлди, дейиш мумкин.
90+2-дақиқа. Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи учрашув сўнггида таркибда бир йўла иккита ўзгаришни амалга оширди. Захирадан янги кучлар майдонга туширилди – мураббийлар штаби ўйин якунида янги футболчиларга ҳам имконият беришга қарор қилди.
90-дақиқа. Учрашувнинг асосий вақти ўз ниҳоясига етди. Бош ҳакам иккинчи бўлимдаги тўхталишлар, футболчиларнинг жароҳатлари ва ўйинчилар алмаштирилишини инобатга олиб, мазкур бўлимга 5 дақиқа вақт қўшиб берди.
88-дақиқа. Гол... Португалия бешинчи тўпни киритди.
Рақибларнинг навбатдаги тезкор ҳужуми гол билан якунланди. Ўнг қанотдан бошланган ҳужум жарима майдончаси марказида турган Криштиану Роналдуга пас узатилди. Ҳимоячимиз жонбозлик кўрсатиб, тўпни қайтаришга эришди, бироқ қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Леау кучли зарба йўллади. Абдувоҳид Неъматов бу вазиятда жамоани қутқара олмади. Ҳисоб – 5:0.P.S. Футзал бўйича 2016 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги Португалия – Ўзбекистон учрашувида 5:1 ҳисоби қайд этилганди.
83-дақиқа. Португалия терма жамоаси таркибида сўнгги ўзгаришлардан бири.
Жарима майдончаси ичида хавф туғдириб турган Витинья майдонни тарк этди. Унинг ўрнига бош мураббий Рафаэль Леауни ўйинга туширди. Португалияликлар чап қанот ҳужумини янада жонлантиришмоқчи.
78-дақиқа. Хавфли вазият! Вакилларимиз гол уришга жуда яқин келишди. Терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродов қулай нуқтага чиқиб бориб, рақиб дарвозасини нишонга олди. Унинг йўллаган кучли зарбасига бирозгина аниқлик етишмади.
76-дақиқа. Тезкор тузатиш. Португалия терма жамоасида Жота эмас, балки майдон марказида ҳаракат қилган Жоау Невеш захирага олинди. Унинг ўрнига Бернарду Силва майдонга тушди. Мураббий ярим ҳимоя чизиғини янгиламоқда.
73-дақиқа. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида навбатдаги ўзгариш амалга оширилди.
Майдонда фаол ҳаракат қилган Аббосбек Файзуллаев захирага олинди. Мураббийлар штаби унинг ўрнига Игорь Сергеевни майдонга тушириб, ҳужум чизиғини кучайтиришга қарор қилди.
73-дақиқа. Португалияликлардан чап қанот орқали тезкор ҳужум. Нуну Мендеш чап қанотдан жарима майдончаси ичига жуда аниқ пас узатди. У ерда турган Криштиану Роналду тўпни тўхтатмай дарвозага йўллади. Бахтимизга, зарба йўлига тўсиқ бўлган ҳимоячимизга тегиб, тўп майдонни тарк этди. Бурчак тўпи.
68-дақиқа. Учрашув бош ҳаками ўйинда кичик танаффус эълон қилди – “кулинг-брэк”. Иссиқ об-ҳаво туфайли футболчиларга сув ичиб олиш ва майдон четида мураббийлардан янги кўрсатмалар олиш учун имконият берилди. Жамоалар баҳснинг сўнгги қисми олдидан куч йиғиб олишмоқда.
68-дақиқа. Тезкор қарши ҳужумга ўтаётган вакилларимиз қўполлик билан тўхтатиб қолинди. Португалия терма жамоаси аъзоси Ренату Вейга тактик фол ишлатгани учун учрашув бош ҳаками томонидан сариқ карточка билан огоҳлантирилди.
63-дақиқа. Португалия терма жамоаси таркибида навбатдаги ўзгариш.
Майдонда жуда фаол ҳаракат қилган Жоау Феликс захирага олинди. Унинг ўрнига бош мураббий Франсишку Тринкауни ўйинга туширди. Португалияликлар таркибни янгилашда давом этишмоқда.
60-дақиқа. Гол... Тўп дарвозамизда.
Португалияликлар бурчак тўпини қисқа паслар билан ўйинга киритишди. Жарима майдончамиз ичига пастлатиб узатилган тўпдан сўнг ҳимояда ҳақиқий пала-партишлик юзага келди. Тўпни узоқлаштиришга ҳаракат қилинган вазиятда, у дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматовнинг қўлига тегиб, кутилмаганда дарвоза тўрига бориб тушди. Автогол сифатида қайд этилиши мумкин бўлган нохуш вазият. Ҳисоб – 4:0.
58-дақиқа. Жуда хавфли вазият! Криштиану Роналду ҳаракатлари билан ҳимоячиларимизни чалғитиб, жарима майдончаси ичига кириб борди. Бруну Фернандеш унга жуда аниқ узатма етказиб берди ва Роналду дарвозабонимиз билан яккама-якка вазиятга чиқди. Унинг яқин масофадан йўллаган кучли зарбасини Абдувоҳид Неъматов маҳорат кўрсатиб, қайтаришга эришди! Тўп дарвозабонимизга тегиб майдондан чиқиб кетди. Бурчак тўпи.
55-дақиқа. Терма жамоамиз вакиллари фаолликни оширишмоқда. Отабек Шукуров қулай имкониятга эга бўлди ва рақиб дарвозаси томон кучли зарба йўллади. Бироқ тўп йўлига тўсиқ бўлган Португалия ҳимоячисига тегиб, майдонни тарк этди. Ҳакам бурчак тўпи кўрсатди. Вакилларимиздан хавфли вазият кутамиз.
52-дақиқа. Вакилларимиздан тезкор жавоб ҳужуми! Аббосбек Файзуллаев қулай нуқтага чиқиб борди ва рақиб дарвозасини нишонга олди. Унинг йўллаган зарбаси аниқ чиқди, бироқ Португалия терма жамоаси посбони Диогу Кошта ўз ўрнида ишончли ҳаракат қилиб, тўпни тўғри қўлларига ушлаб олди.
51-дақиқа. Ҳимоямизда хатолик юзага келиши мумкин эди. Дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов орқага узатилган тўпни қайтаришда бироз қийинчиликка учради. Бундан фойдаланган Криштиану Роналду унга нисбатан фаол босим уюштирди. Неъматов тўпни қийинчилик билан аутга тепиб юборишга мажбур бўлди. Вазият хавфли тус олиши мумкин эди.
46. Иккинчи бўлим бошланди. Ҳа, биринчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоасининг ўйини қовушмади. Ҳечқиси йўқ, тушкунликка тушманг. Зеро, дунёда фақат икки хил одам мутлақо хато қилмайди ва омадсизликка учрамайди: бири ҳали туғилмаган, иккинчиси эса аллақачон вафот этган.

46-дақиқа. Иккинчи бўлим бошланиши билан Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи таркибда иккита ўзгаришга қўл урди.
Шерзод Насруллаев ўрнига Ҳожиакбар Алижонов майдонга тушган бўлса, Одилжон Ҳамробеков ўз ўрнини Акмал Мозговойга бўшатиб берди. Мураббийлар штаби янги кучлар эвазига ўйинни жонлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Португалия терма жамоаси таркибида ҳам иккита ўзгариш амалга оширилди.
Педру Нету ўрнига Франсишку Консейсау ўйинга қўшилди. Жоау Канселу эса майдонни тарк этди, унинг ўрнига Матеуш Нунеш учрашувни давом эттирадиган бўлди. Мураббий таркибни янгилаб олмоқда.

Биринчи бўлим якунланди. Биринчи голдан кейин Фарғонада, кейингисидан сўнг Термизда чироқ ўчгани ҳақида изоҳларга кўзим тушди. Электр энергияси навбатдаги гол учун аламини қайси ҳудуддан олишидан бехабарман. Балки эртароқ ухлаш тўғри йўлдир.
45+6-дақиқа. Жуда хавфли вазият! Криштиану Роналду биринчи бўлимнинг сўнгги сонияларида хет-трик қайд этиши мумкин эди. У дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва тўпни унинг устидан ташлаб қўйди. Тўп бўш қолган дарвоза тўрига кириб кетаётган бир пайтда, орқага катта тезликда югуриб келган Абдуқодир Ҳусанов фидоийлик кўрсатди ва тўпни дарвоза чизиғи устидан қайтариб юборди! Даҳшатли сейв!
45+2-дақиқа. Вакилларимиз гол уриш учун олдинга интилишмоқда. Одилжон Ҳамробеков қулай нуқтага чиқиб борди ва рақиб дарвозаси томон кучли зарба йўллади. Бироқ Португалия ҳимоячиси тўп йўлига ғов бўлиб, зарбани блоклашга улгурди.
45-дақиқа. Тўртинчи ҳакам Абонгиле Том таблони кўтарди. Биринчи бўлимнинг асосий вақтига бош ҳакам томонидан 6 дақиқа вақт қўшиб берилди.
43-дақиқа. Футболчиларимиз рақиб дарвозаси томон йўл излашда давом этишмоқда. Отабек Шукуров дарвозадан анча узоқ масофадан ўз омадини синаб кўришга қарор қилди ва кучли зарба йўллади. Бироқ тўп мўлжалга аниқ тегмади ва дарвозадан анча юқорилаб кетди.
42-дақиқа. Португалияликлар яна ҳужумда. Жоау Феликс терма жамоамиз жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олди ва чап оёқда дарвоза томон зарба йўллади. Бахтимизга, унинг йўллаган зарбаси дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Вазият хавфли эди.
39-дақиқа. Гол! Криштиану Роналду дубль қайд этди.
Португалияликлар ҳисобни йирик кўринишга келтиришмоқда. Майдон эгаларининг навбатдаги ҳужуми гол билан якунланди – Криштиану Роналду вазиятни голга айлантириб, ўзининг бугунги ўйиндаги иккинчи голини урди ва ҳисобни 3:0 кўринишига олиб келди. Ҳимоямизда яна бўшлиқ юзага келди.
Футбол – йигирма икки кишининг ичмай, чекмай, соғлиғига эътибор бериб, доимий равишда спорт билан шуғулланиши. Миллионлаб бошқа одамлар эса улар учун қайғуриб, экран қаршисида ичиб, чекиб, бир-бирининг асабини бузиб, саломатлигига зарар етказади.
36-дақиқа. Терма жамоамизнинг тезкор ҳужуми. Элдор Шомуродов тўп билан олдинга қараб интилди ва ўнг қанотда очилган Азизжон Ғаниевни тўп билан таъминлади. Бироқ Португалия ҳимоячилари бу вазиятда ишончли ўйнаб, Ғаниевдан тўпни олиб қўйишга эришишди.
33-дақиқа. Вакилларимиз жарима зарбасини қўлга киритишди. Азизжон Ғаниев тўпни жарима майдончаси ичига ҳаволатиб узатиб берди. Бироқ узатма бироз кучли чиқди – Одилжон Ҳамробеков югуриб бориб ҳам тўпга ета олмади ва тўп ҳеч кимга тегмасдан майдонни тарк этди. Рақиб футболчилари тўпни ўйинга киритишади.
31-дақиқа. Йўқ, гол инобатга олинмади... VAR ҳаками Леодан Гонсалес вазиятга аралашди ва бош ҳакамни экран ёнига чақирди.
Видеотакрорлардан сўнг маълум бўлдики, ҳужум бошланиш вақтида Аббосбек Файзуллаев рақиб футболчисига нисбатан фол ишлатган экан. Бош ҳакам Жалол Жаед Азизжон Ғаниевнинг суперголини бекор қилди. Стадионда ҳуштаклар чалинмоқда. Ҳисоб ўзгаришсиз қолди – 2:0.
29-дақиқа. ГОООООЛ! Азизжон Ғаниевдан супергол!
Майдонда ҳақиқий санъат асари! Вакилларимиз рақиб дарвозаси томон юриш қилишди. Тўпни қабул қилиб олган Азизжон Ғаниев дарвозадан анча узоқ масофада бўлишига қарамай, таваккал қилди ва даҳшатли «пушка» зарба йўллади! Тўп юқори тезликда Диогу Кошта дарвозасининг тўққизлигига бориб тушди! Бу шунчаки даҳшат, маҳорат эвазига урилган гол! Ҳисоб қисқарди – 2:1!
28-дақиқа. Майдон марказида қўполлик ишлатилди. Одилжон Ҳамробеков Португалия ярим ҳимоячиси Витинья томонидан йиқитилди. Бош ҳакам Жалол Жаед вазиятни кузатиб борди ва бу сафар рақиб футболчисини оғзаки огоҳлантириш билан чекланди.
23-дақиқа. Бош ҳакам Жалол Жаед ўйинни тўхтатди. Майдонда – “кулинг-брэк”. Футболчилар иссиқ ҳаво туфайли сув ичиб, нафасларини ростлаб олиш учун захира ўриндиқлари ёнига йўл олишди. Мураббийлар эса ушбу қисқа танаффусдан ўз кўрсатмаларини бериш учун фойдаланишмоқда.
21-дақиқа. Португалияликлар чап қанотдан хавфли ҳужум уюштиришди. Рақиб футболчиси катта тезликда чап қанотдан жарима майдончамиз ичига ёриб кирди ва марказга узатма берди. Бахтимизга, ҳимоячимиз вазиятни тўғри баҳолаб, тўпни қайтариб юборишга эришди.
19-дақиқа. Вакилларимиздан илк хавфли зарба! Шерзод Насруллаев рақиб дарвозаси томон кучли зарба йўллади. Бироқ Португалия терма жамоаси посбони Диогу Кошта ўз ўрнида тўғри позиция танлаб, тўпни ишончли тарзда эгаллаб олди.
17-дақиқа. Гол! Нуну Мендеш ҳисобни оширди.
Белгиланган жуда хавфли жарима зарбасини Нуну Мендеш ўз зиммасига олди. Унинг дарвоза томон йўллаган кучли ва аниқ зарбаси дарвоза тўридан жой олди. Абдувоҳид Неъматов қанчалик ҳаракат қилмасин, тўпни қайтара олмади – 2:0.
14-дақиқа. Одилжон Ҳамробеков ўз майдончамиз яқинида тўпни қабул қилишда қўпол хатога йўл қўйди. Натижада тўпни олдириб қўйган ярим ҳимоячимиз рақибнинг хавфли қарши ҳужумини тўхтатиб қолишга мажбур бўлди ва жарима майдончаси чизиғи устида Педру Нетуни йиқитди.
Бош ҳакам Жалол Жаед Одилжон Ҳамробековни сариқ карточка билан жазолади. Португалияда жуда хавфли нуқтадан жарима зарбаси юзага келди.
11-дақиқа. Бруну Фернандеш белгиланган жарима зарбасидан тўпни хавфли тарзда дарвоза томон узатди. Дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов ишончли ҳаракат қилиб, тўпни муштлари билан уриб юборди ва хавфни бартараф этди.
10-дақиқа. Вакилларимиз ҳимояда қоида бузишди. Беҳрузжон Каримов қанотда Жоау Феликсни йиқитиб, ўйинни тўхтатди. Португалия терма жамоаси бурчак байроқчасига яқин нуқтадан жарима зарбасини амалга оширади. Диққатли бўламиз.
6-дақиқа. ГОЛ! Роналдунинг азалий орзуларидан бири ушалди. У Ўзбекистон дарвозасига тўп киритиш учун 41 йил-у, 4 ой-у 18 кун кутишига тўғри келди.

4-дақиқа. Португалияликлардан яна бир хавфли ҳужум. Нуну Мендеш чап қанотдан жарима майдончаси марказига аниқ узатма амалга оширди. Вазият марказида бўлган Криштиану Роналдуга тўпга етиш учун бир оз аниқлик етишмади. Ҳимоячиларимиз тўпни узоқлаштиришди.
2-дақиқа. Хавфли вазият! Португалиянинг ҳужуми давом этмоқда. Бруну Фернандеш жарима майдончаси ичида, тахминан 11 метрлар чамаси масофадан чап оёқда кучли зарба йўллади. Бахтимизга, тўп ҳимоячимизга тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бурчак тўпи.
2-дақиқа. Португалия терма жамоаси илк хавфли ҳужумини ташкил этди. Бруну Фернандеш ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига узатма амалга оширди. Вазиятни диққат билан кузатиб турган Абдулла Абдуллаев тўпни қайтариб, хавфни бартараф этди.
1. Учрашувга старт берилди. Ўзбекистон терма жамоаси PlayStation эмас, чинакам майдонда Роналду бошчилигидаги Португалия билан куч синашмоқда. Ҳамюртларимизга омад тилаймиз!
Жамоалар майдонга чиқиб келишди. Ўзбекистон терма жамоаси бугун оқ, Португалия эса анъанавий қизил либосда ҳаракат қилади. Ҳар икки давлат мадҳиялари янграмоқда. Стадионда ажойиб атмосфера!



