Жамолиддин Раҳматуллаев: "Бу мавсум болаларнинг фаолияти учун энг катта пойдевор қўйилди"

Iskandarov Abdulaziz
10 ноя 2026, 10:42
Пролиганинг охирги турида “Ғазалкент” ва "Республика ФА" жамоалари тўқнаш келди.

Ўйиндан сўнг “Республика ФА“; жамоаси бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев матбуот анжуманида, мавсум натижалари, жамоадаги ўсиш ва ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

​— Жуда ҳам чиройли ғалаба бўлди. Аввало, болаларга бу мавсумдаги меҳнатлари учун катта раҳмат айтмоқчиман. Ғалабали кунлар ҳам, мағлубиятлар ҳам бўлди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзларини қўлга олиб ҳаракат қилганлари таҳсинга лойиқ. Бу йилги мавсум бу йигитларнинг катта футболдаги фаолияти учун энг муҳим пойдевор бўлди, десак янглишмаймиз. Кўз ўнгимизда жуда катта ўсишга эришишди. 

​Ўйинга тўхталадиган бўлсак, майдонда нафақат ҳисобда, балки ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам, ўтиш фазаларида ҳам жамоам рақибдан анча устун эканлигини кўрсатди. Тўғри, ҳужумларни якунлашда ҳали ҳам муаммолар бор, агар улар бартараф этилганида ҳисоб бундан ҳам йирик бўлиши мумкин эди. Афсуски, ўйин охирида юзага келган ҳолат киши кўнглини ғаш қилди. Зеро, бу йигитларнинг кўпчилиги келажакда терма жамоа ва Ватан шарафини биргаликда ҳимоя қиладиган тенгдошлардир.

​Матбуотда ва интернет тармоқларида чиқаётган турли мақолалар, биринчи даврадан кейинги баҳсли фикрлар футболчиларни бир-бирига қайраб қўйяпти, деб ўйлайман. Биз рақиб томондан ҳаддан ташқари кўп агрессия ҳис қилдик. Бу каби ҳолатлар фақат ўзбек футболига зарар келтиради. Тўғри, майдонда қизғин кураш ва жанг бўлиши табиий, лекин ҳурматни ҳеч қачон унутмаслик керак. Майдонда ҳар бир қарич ер ва ҳар бир тўп учун охиригача курашиш шарт.

​Бироқ ҳакамнинг финал ҳуштагидан кейинги муносабатлар ва футболчиларнинг хатти-ҳаракати мени хафа қилди. Ўйлайманки, бу ёшдаги йигитлар хатоларини тез орада тушуниб етишади ва бундан тўғри хулоса чиқаришади. Уларнинг порлоқ келажаги ва катта спорт йўли ҳали олдида.

​— Ассалому алайкум, ғалаба муборак бўлсин! Икки жамоа ҳам адашмасам илк бор Пролигада қатнашяпти. Биринчи мавсумдаёқ принципиал рақобат келиб чиққани нотўғри эмасми?

​— Агар бу соғлом рақобат бўлса, жуда ҳам зўр. Чунки биринчи даврадаги ўйиндан кейин ҳам рақиб жамоа мураббийлар штаби таъкидлаганидек, бу икки лойиҳа бир-бирига ўхшайди: бири хусусий, бошқаси давлат томонидан молиялаштирилади. Аммо иккаласи ҳам барибир ўзбек футболининг ривожига хизмат қилиши керак. Ўйлайманки, ҳозирча бу мақсад амалга ошмоқда.

​— Нима деб ўйлайсиз, бундай принципиалликка нима сабаб бўляпти?

​— Менимча, болалар ёшлик қилиб қўйишяпти. Йигитлар майдонда борини бериб ҳаракат қилишяпти, уларнинг хаёли фақат футболда. Бироқ футбол атрофидаги айрим ҳолатлар бизни шундай вазиятларга тайёрлаб қўймоқда. Шунинг учун ўзбек футболида фақат танқидга учрайдиган мураббий ёки футболчилар эмас, балки спорт журналистикаси ва раҳбарият ҳам бирдек ривожланиши лойиҳамиз фойдасига ишлайди. Қилган ҳар бир ҳаракатимиз ўзбек футболи тараққиётига қаратилиши керак. Шахсий манфаатлар ёки жамоаларнинг обрўсини лойга чаплаш орқали оммага чиқиш мутлақо нотўғри. Биз виждонан ишлашимиз ва барча кучимизни футбол ривожига сарфлашимиз керак.

​— Иккинчи саволим: биринчи даврада таркибда Рустамжонов йўқ эди. Уни жамоага олиб келиш иккинчи давра бошида режалаштирилганмиди? Чунки у келиб, иккинчи босқичда ўзини жуда яхши кўрсатди.

​— Тўппа-тўғри, жуда ўринли савол. “Дарвозабон — ярим жамоа”, дейишлари бежиз эмас. Биз бу масалани йил бошиданоқ муҳокама қилгандик. Ўзингизга маълум, у “Одил Жуниор” тизимига тегишли футболчи ва дастлаб Суперлигада ўзини синаб кўриб, асосий таркиб учун курашмоқчи эканлигини билдирганди. Биз унинг бу қарорини тўғри тушуниб, хурсандчилик билан қабул қилгандик. Лекин биринчи даврада у асосий жамоа сафида майдонга тушмади, фақат ўринбосарлар таркибида қолди (адашмасам, битта кубок ўйинини ҳисобга олмаганда).

​Шу боис, вазиятни тўғри англаб, иккинчи даврада бизга ёрдам бергани учун “Андижон” клуби раҳбариятига катта раҳмат айтаман. Пролига савияси ўринбосарлар лигасидан юқорироқ бўлгани сабабли, бу қадам терма жамоа манфаатларига ҳам хизмат қилди. Рустамжоновдан ташқари, "Ғазалкент"дан келган Асилбек Абдурасулов ҳам (у Қозоғистондан амалиётсиз қайтган эди) бугун жуда яхши ўйин кўрсатди. Шунингдек, иккинчи даврада келган Шоҳраҳим Шоҳмедов ҳам жамоамиз кучини сезиларли даражада оширди.

​Қолган футболчилар ҳам биринчи даврада тажрибасизлик ва ёшлик қилишган бўлса, иккинчи босқичга келиб анча шаклландилар.

​— Бугун мавсумдаги сўнгги ўйин бўлиб ўтди. Йил бошида олдингизга қандай мақсадлар қўйилганди ва уларга эришилдими?

​— Албатта, эришилди! Мен бироз олдинроқ кўп саволларингизга жамоамизнинг умумий фаолияти орқали жавоб бериб ўтдим. Бизнинг асосий вазифамиз — футболчиларда прогрессга эришиш, ўйин амалиёти кам бўлаётган ёшларни терма жамоага тайёрлаш эди. Бу лойиҳа кутилганидан ҳам катта фойда келтирди. Худо хоҳласа, келажакдаги баҳсларда ҳам бу ўз мевасини беради. Йил бошидаги жисмоний тестлар ҳамда тактик кўрсаткичларни ҳозирги ҳолат билан солиштирганимизда жуда катта ўсишни кўрдик — ҳам индивидуал, ҳам жамоавий тарзда.

​Натижа ёки турнир жадвалидаги ўринлар биринчи йилимиз учун иккинчи даражали эди. Биз энг асосий мақсадимиз — ўйинчиларнинг ўсиши ва прогрессига эришдик, алҳамдулиллаҳ!

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia