

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Қийин ғалаба билан жамоамизни, узоқ йўл босиб келган мухлисларимизни ва барча ишқибозларни табриклайман. Ғалаба қозонган бўлсак-да, учрашув оғир ўтди. "Хоразм" бизга яхши қаршилик кўрсатди. Сунъий майдонда тўп тепиш оғир бўлди, бу ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Лекин ҳаракат қилдик, футболчиларимиз берилган кўрсатмаларни тўғри бажаришди.
- Сунъий қопламали майдон ҳақида фикрингиз? Талабга жавоб берадими?
- Сунъий майдон барибир сунъий бўлади. Рақибнинг икки футболчиси майдон ҳолати сабаб жароҳат олди деб ўйлайман. Биздан Иброҳимхалил Йўлдошев ҳам сунъий майдон сабаб жароҳат олди. Барибир табиий майдонга етмайди.
- "Нефтчи" 9 тур ортда қолдики, етакчи эканини исботлаб келяпти. Лекин халқаро учрашувларга тайёргарлик қандай бўляпти? Чунки олдинда Элит Осиё чемпионлар лигаси кутмоқда.
- Бу жуда муҳим мусобақа ва бу турнирда нафақат Фарғона, балки Ўзбекистон номидан ўйнаймиз. Биз йил бошидан ушбу мусобақага ҳозирликни бошлаганмиз. Бу борада катта ҳажмли ишлар амалга оширилмоқда. Мураббийлар штаби ҳам жамоани оптимал формада олиб бориш учун ҳаракат қиляпмиз. Ҳаммаси босқичма-босқич бўляпти. Олдинда уч-тўрт ой вақт бор, бу вақт оралиғида ҳам тайёргарликни давом эттирамиз.
- Бу саволни берганим ўзбек футболи обрўси шунга ҳам боғлиқ.
- Албатта, буни барчамиз ҳис қилиб турибмиз. Насиб қилса, энг яхши натижани кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
- Ёш ҳимоячи Нурмуҳаммад Абдуғаниев ҳақида фикрингиз?
- Нурмуҳаммад келажаги порлоқ футболчилардан. Агар меҳнатдан тўхтаб қолмаса, Ҳусанов даражасидаги ҳимоячи етишиб чиқиши мумкин. Одатда юқори жамоаларда ёшларга кам имконият берилади, биз бугун имкон бердик ва у ўзини яхши намоён этди.
- "Хоразм"дан қандай қаршилик кутгандингиз?
- Рақибни ўрганиш жараёнида ўйин услубини таҳлил қилиб чиққандик ва рақибимиз биз кутгандек ҳаракат қилди. Биз ўйин назоратини қўлга олгач, рақиб ноилож узун паслар билан ўйнай бошлади ва биз уларни ўз услубидан чиқара олдик. Лекин "Хоразм" қисқа паслар билан ўйнашни хуш кўради.



