Ҳамиджон Актамов: “Ёшларимиз тажрибали рақиб олдида довдираб қолишмади”

Narzulla Saydullayev
4 ноя 2016
Олий лига йигирма саккизинчи туридан жой олган “Қизилқум” — “Локомотив” жамоалари (0:1) баҳсидан сўнг ўтказилган матбуот анжумани иккинчи қисмида мезбонлар бош менежери Ҳамиджон Актамов қатнашди.

—Бугун мағлубиятга учраган бўлсак-да, йигитларимиз майдонда ёмон ҳаракат қилишмади, — дея сўз бошлади Ҳамиджон Ғуломович. — Мавсум пешқадами билан ҳар жабҳада тенгма-тенг баҳс юритгани учун уларга раҳмат айтаман. Агар юзага келган вазиятлардан унумли фойдаланганимизда ҳеч бўлмаса, бир очкони қўлга киритишимиз ҳам мумкин эди.

Албатта, тажрибали футболчилари Акмал Рустамов, Воҳид Шодиевларнинг йўқлиги билинди. Бугун бошланғич таркибдан ўйинга қўшилган ёшларимиз Нодирхон Камолов, Бекзод Ғанижоновларнинг тажрибали рақибга қарши муносиб ўйнаганлиги ва майдонда “йўқолиб” қолмаганлиги бизни қувонтирди. Улар “Локомотив”дек жамоа олдида довдираб қолишмади ва рақибга етарлича ташвиш туғдиришди.

Жамоамиз аъзоларига қисқа таътил берилди. Чемпионатда юзага келган кичик танаффусдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Навбатдаги турда Фарғонада “Нефтчи” жамоасига қарши майдонга тушамиз. Ушбу учрашув олдидан жамоамиз Тошкентда йиғилади ва тайёргарликни пойтахтда давом эттиришни режалаштирганмиз. Мақсадимиз эса мавсумни юқори кайфиятда якунлашдан иборат.

“Қизилқум” ПФК Матбуот хизмати.


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia