

Ҳакам томонидан қўшиб берилган 13-дақиқада Хорватия терма жамоаси гол урди, бироқ бош ҳакам Эспен Эскос ВАР тизимини текширгач, Марио Пашаличда офсайд бўлгани сабабли голни бекор қилди. Хорватлар ҳужумчиси Игор Матанович жарима майдончаси ичида рақиб билан ҳаводаги тўп учун курашган ва шундан сўнг тўп Пашаличга бориб тушган эди.
"Жаҳон чемпионатининг расмий тўпи ҳисобланган Trionda ичига жойлаштирилган Connected Ball Technology технологияси тақдим этган маълумотларга кўра, Хорватия терма жамоасининг 20-рақамли футболчиси Игор Матанович голдан олдин тўпга теггани исботланди. Бу эса ҳакамга офсайдни тўғри аниқлаш ва голни бекор қилиш имконини берди.
Trionda тўпи ичига жойлаштирилган IMU датчиклари ҳар қандай энг кичик тегинишни ҳам аниқлашга қодир, бу эса ҳакамларга тез ва аниқ қарорлар қабул қилиш учун мисли кўрилмаган ҳажмдаги маълумотларни тақдим этади", – дейилади ФИФА баёнотида.
Хорватия терма жамоаси мағлубиятга учраб, турнирни 1/16 финал босқичида тарк этди — Қатардаги ЖЧ-2022 да хорватлар ярим финалгача етиб боришган, ЖЧ-2018 да эса финалда ўйнашган эди.



