Элдор Адҳамов: "Ислом Аҳмедов келгач, босимдан халос бўлдик. Ҳали ҳаммаси мукаммал эмас, лекин ўсишни ҳамма кўриб турибди"

Aslanov Jasurbek
29 апр 2026, 18:00
"Андижон" жамоаси кеча Суперлига доирасида "Динамо"ни қабул қилди (2:1).

Учрашувдан сўнг "бургутлар" посбони Элдор Адҳамов фикрларини билдирди.

- "Динамо"га қарши ўтказилган сўнгги учрашув ҳақидаги фикрингиз қандай? Ҳиссиётлар бироз босилиб, ўйинга совуққонлик билан баҳо бериш имкони туғилгач, учрашув борасидаги хулосаларингиз ўзгардими?

- "Динамо" билан баҳс энг оғир ўйинлардан бири бўлишини билардик. Турнир жадвалида ёнма-ён бораётгандик, устига-устак, сўнгги икки ўйиндаги яхши натижалардан кейин мухлислар биздан фақат ғалаба кутаётганди. Албатта, бу ўз майдонимизда қўшимча босим яратди. Аммо, Худога шукур, мақсадимизга етдик.

Энг муҳими, ҳисоб 0:1 бўлиб турган пайтда ҳам жамоадагиларнинг бир-бирига бўлган ишончи жуда юқори эди. Биз саросимага тушмадик, аксинча, ўйинда рақибдан кучлироқ эканимизни исботлашга интилдик ва бу ўз самарасини берди.

- Мухлисларни қизиқтираётган энг асосий саволлардан бири: жамоа сўнгги учта ўйинда муҳим очколарни қўлга киритишга эришди. Сизнингча, бу ижобий ўзгаришга нима туртки бўлди: тактик ёндашувдаги янгиликми ёки жамоавий руҳиятнинг юқорилигими?

- Ислом Аҳмедов бошчилигидаги мураббийлар штаби иш бошлагач, жамоамиз оғир босимдан халос бўлди. Ҳозир бор эътиборимизни фақат ўйин сифатига қаратганмиз. Жамоамизда маҳоратли йигитлар кўп, мураббийлар эса ҳар биримиздан тўғри фойдаланиш йўлларини излашяпти. Энг муҳими — таркибда соғлом рақобат пайдо бўлди. Машғулотлар жуда юқори кайфият ва иштиёқ билан ўтяпти. Ҳар ким асосий таркибда ўйнашга ҳақли эканини исботлашга интиляпти. Жамоамизда ишонч уйғонди, биз юқори ўринлар учун кураша оламиз. Тўғри, атиги учта ўйинда ҳаммасини мукаммал даражага олиб чиқиш қийин, лекин жамоа ўсишда давом этаётганини барча кўриб турибди

- Мураббийлар штаби сизга катта ишонч билдирмоқда ва сиз майдонда буни оқлашга ҳаракат қиляпсиз. Мураббийнинг бундай кўмаги ва ишончи ўйин давомида сизга қай даражада масъулият ёки эркинлик бағишлайди?

- Асосий таркибда тушишимни "Қўқон-1912" билан ўйин куни билдим. Биз профессионалмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тўп тепишга тайёр тураман. Ўша баҳсда омадим келди деб ўйлайман. Бизда дарвоза чизиғида рақобат кучли. Футболчи ўзига берилган кичик имкониятдан ҳам фойдалана олиши керак.

- Олдинда "Хоразм" ва "Сурхон"га қарши ўйинлар кутиб турибди. Жамоадаги кичик "кризис" ортда қолди, деб айта оламизми? Футболчилар руҳий жиҳатдан тикланиб бўлдими?

- Чемпионат охиригача курашишимиз керак. Мавсум тўлиқ якунлангачгина хотиржамликка берилишимиз мумкин. Ҳар турда ҳар қандай рақиб кутилмаган совғалар тақдим қиляпти. Осон бўлмаслиги аниқ. Устунликни қўлга олишга ҳаракат қиламиз. Олдиндаги 2 та ўйинда 6 очко олишга кўзимиз етади.

- 5-6 йилдан буён "Андижон" шарафини ҳимоя қилиб келяпсиз. Замонавий футболда ҳар мавсум жамоа алмаштириш одатий тус олган бир пайтда, сизнинг бу доимийлигингиз нима билан боғлиқ? Бу "Андижон"га бўлган шахсий садоқатингизми ёки жамоадаги муҳит ва қулайликлар сизни тўлиқ қониқтиради?

- Бу ҳақда кўп ўйлаб кўрганман. 2025 йилда кўплаб клублардан чорловлар бўлди, лекин ОЧЛ-2 турнирида ўйнаш иштиёқи барчасидан устун турди. Бу турнир орқали ўз даражамни кўрсатиш имконим бор эди. Гарчи жароҳатлар туфайли маълум вақт майдондан четда қолган бўлсам-да, яна тикланиб қайтдим. Тўғрисини айтсам, бу мавсум бошланишидан олдин жамоадан кетишим аниқ бўлиб турганди, ҳатто бошқа бир клуб билан келишиб ҳам қўйгандим. Бироқ "Андижон"да чемпионликка даъвогар жамоа йиғилаётганини кўриб, қолишга қарор қилдим. Ҳозир олдимизда имкониятларимиз етарли ва биз яхши ўринлар учун жиддий кураш олиб борамиз

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia