UZ

Сўнгги янгиликлар

14:08Шенсни "Юве"да қолиши учун маоши камайишига рози бўлиши керак  0 13:40Гризманн қайтди  1 13:21Дилмурод Назаров хотирасига бағишланган "Наврўз Кубоги-2024" мусобақаси қандай ўтди?  2 13:09"Бавария" "Штутгарт" вингерига кўз тикди  0 12:46"Манчестер Юнайтед" Каземирога ўринбосар топди  2 12:20Эшитдик-да! ФИФА "Бунёдкор"га илк санкцияни қўллади  18 11:48Клоппнинг ассистенти "Аякс" бош мураббийига айланиши мумкин  0 11:24Ўзбекистон – Гонконг учрашувида майдонга югуриб тушган мухлислар маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 нафар шахс 5 суткага қамалди  20 10:57Пеп Гвардиола «Манчестер Сити»даги келажаги борасида бир қарорга келди  5 10:28«Бавария» Алонсони қўлга кирита олмаганидан сўнг бошқа бир топ мураббий билан шартнома тузмоқчи  1 10:00ЦСКА устози РПЛнинг энг кучли футболчиси кимлигини айтди  8 09:3410 ойга четлатилган Тонали яна узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин  3 09:10«РБ Лейпциг» грандлар қизиқаётган футболчига нарх қўйди  1 08:47Златан рамзий термасини тузди ва ўзини қўшмади. Нега қўшмаганини эса Ибра супер тарзда тушунтириб берди  17 08:25Фабрицио Романо Хаби Алонсонинг келажагини очиқлади  4

Бундеслига: Ниҳоят 13-тур ҳам келди ёхуд "Боруссия Д" - "Бавария" Янгиликлар

Бундеслига: Ниҳоят 13-тур ҳам келди ёхуд "Боруссия Д" - "Бавария"

Футбол мухлисларининг эътиборини яна Германия бундеслигасига қаратамиз.
Ҳафта якунига келиб бундеслигада навбатдаги 13-тур ўйинлари ўтказилмоқда. Кеча турнинг дастлабки учрашувида “Штуттгарт” ва “Боруссия” Мёнхенгладбах жамоалари тўқнаш келишди. Ушбу баҳс кутилмаганда мехмонларнинг 2-0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Бугун ва эртага турнинг қолган ўйинлари ўтказилади.  Бугунги кун дастуридан ўрин олган баҳсларга қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.  

“Айнтрахт” Франкфурт - “Шальке 04” (19:30)
“Айнтрахт” Франкфурт
. Бугун биринчи бўлиб старт бериладиган учрашувда ким фаворит саналаётганига тўхталиб ўтиш шарт эмасдек, назаримизда… “Шальке” Франкфуртда ўтказилган  ўзаро учрашувларнинг сўнгги ўн бештасида  фақат икки бора мағлубият аламини тотиб кўришга мажбур бўлган, холос.  Айнан шу сабабдан “Айнтрахт” футболчилари бу ўйинга ўзгача рухда тайёргарлик кўрдилар. Франкфуртликлар устози Армин Вейнинг таъкидлашича, агар “Айнтрахт” учрашувда биринчи бўлиб ҳисобни очишни уддаласа ғалаба учун ҳаракат қилиш мумкин бўлар экан. “Мен учун статистиканинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Зеро барчаси майдонда намойиш этиладиган ўйинга боғлиқ. “Шальке” – яхши шаклланган жамоа. Аммо биз ҳам учрашувда ғалаба учун майдонга чиқамиз”, - деб айтиб ўтди Вей. Франкфуртликларга умид бағишлаётган яна бир жиҳат шуки, Пирмин Швеглер ва Марк Штендера каби етакчилар жароҳатдан қутулиб майдонга чиқишга шай ҳолатдалар.

“Шальке 04”. 20 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида олтинчи поғонада бораётган “Шальке” да эса ишлар бир мунча жойида. Гелзенкирхенликлар ўтган турда “Вердер” устидан қозонилган ғалабадан сўнг ажоиб кайфиятдалар. Қолаверса “кўклар” нинг бир неча сафдан чиққан ўйинчилари жароҳатдан кейинги тикланиш жараёнини ўташни бошлаб юбордилар. Булар Леон Горецка, Адам Салайи ва Макс Майерлардир. “Шальке” устози Йенс Келлер учрашувда фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйлаётганини яширмаяпти. “Бизни нималар кутаётганини жуда яхши тушуниб турибмиз. Шу боисдан Франкфуртга оптимал формада бўлган футболчилар билан борамиз ва албатта, ғалаба қозонамиз.”, - деди Келлер. 

“СА” тахмини: “Айнтрахт” Франкфурт 40%-60% “Шальке 04”
Кўрамиз, қайси жамоага омад кулиб боқар экан… Франкфуртликлар орзиқиб кутилган ғалабани қўлга кирита олишармикан ёки ҳардоимгидек “Шальке” уч очко билан ортга қайтармикан?!

“Герта “ - “Байер” Леверкузен
(19:30)
“Герта “.
“Герта” мухлислари жамоанинг сўнгги турлардаги муваффақиятлари яна давом этишига ишонишмоқда. 7 поғонани банд этиб турган берлинликлар ўтган турда “Хоффенхайм” ни мағлуб этгандилар. Иштаха тановул пайти келади деганларидек, кимсан “Байер” га қарши кечадиган учрашувда ҳам ғолиб бўлишни мақсад қилган Йўс Луҳукай шогирдлари бу баҳсга анча жиддий тайёргарлик олиб бордилар. Қолаверса “Герта” таркибида жароҳатланганлар йўқ. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, уч очко учун ҳаракат қилиш мумкин деб ҳисобламоқдалар берлинлик футболчилар.

“Байер” Леверкузен . “Доришунослар” нинг охирги марта Берлинда ғалаба қозонганларига ҳам мана олти йил бўлибди. Бу эса “Байер” дек жамоа учун анча жиддий масаладир. “Берлинликлар мавсумни яхши ўтказишмоқда. Уларга қарши ўтадиган ўйин осон кечмайди. Аммо биз осон таслим бўладиганлардан эмасмиз. Терма жамоа сафида ўйин ўтказган футболчиларнинг сафизмизга қайтганлари ҳам бизга анча наф беради деб умид қиламан.”, - деди Сами Хюпия. Хюпиа шогирдларидан Ларс Бендер ва Омар Топрак терма жамоалари таркибида анча қийин ўйинларни ўтказган бўлишса-да, бугун бўлиб ўтадиган баҳсда “Байер” га ёрдам беришга шай эканликларини таъкидлаб ўтишди.

“СА” тахмини: “Герта “45%-55% “Байер” Леверкузен

Бу баҳсда ким фаворит эканини айтиш бироз мушкул масала. Сабаби “Герта” бу мавсумда анча барқарор ўйин намойиш этмоқда ва рақибларига катта қийинчилик туғдирмоқда. Лекин “Байер” ҳар бир учрашувда уч очко учун майдонга тушушини ҳисобга олсак, бу учрашув анча қизғин ўтишига ишониш мумкин.


“Айнтрахт” Брауеншвайг - “Фрайбург”(19:30)
“Айнтрахт” Брауеншвайг .
Брауеншвайг шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи “Айнтрахт” жамоаси аъзоларининг “Фрайбург” га қарши кечадиган уй учрашувидан умидлари катта. Боиси очко йиғиш борасида катта қийинчиликка дуч келаётган “Айнтрахт” худди ўзига ўхшаш ҳолатда бўлган “Фарйбург” га қарши ўйинда муҳим очколарни қўлга кирита олмаса, мавсум якунига анча вақт бўлса-да, бундеслигадан чиқиб кетишга асосий даьвогарлардан бирига айланиб қолади. “Агар шу баҳсда ҳам очко йиға олмасак, аҳволимиз анча мушкуллашади.”, - деди ташвишли оҳангда Торстен Либеркнехт. Унинг шогирдлари кўрсатаётган ўйиндан муҳлислар ҳам унчалик шод эмаслар. Шу сабаб “Айнтрахт” нинг ғалаба учун ҳаракат қилишдан бошқа иложиси йўқ. Бироқ жамоанинг Карим Белларабидек етакчи ўйинчиси майдонга тушиши сўроқ остида турибди.

“Фрайбург”. Бу жамоанинг ҳолига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. 12 учрашувда бор-йўғи 8 очко йиға олган фрайбургликларни жароҳатлар эпидемияси “таъқиб” этмоқда. Бир йўла бир неча етакчи футболчилар жароҳатлари боис жамоасига ёрдам бера олишмаяпти. Юлиан Шустер, Жонатан Шмид, Менсур Муйидза ва Марко Терреацино каби футболчилар бугун ҳам жамоаси сафида майдонга туша олмайдилар. “Фаолиятим мобайнида бундай ҳолатга ҳеч ҳам дуч келмагандим. Энг асосий футболчилар керакли пайтда жамоага ёрдам бера олишмайди. Афсус…”, - дейди “Фрайбург” устози Кристиан Штрайх.

“СА” тахмини: “Айнтрахт” Брауеншвайг 50%-50% “Фрайбург”

Икки аутсайдер ўртасидаги баҳс кўпчиликда қизиқиш уйғотаётгани йўқ. Аммо бу жамоаларга очко сув ва ҳаводек зарур эканлигини ҳисобга олсак, анча муросасиз учрашув бизни кутиб турибди.


“Нюрнберг” - “Волфсбург” (19:30)
“Нюрнберг”
. Бундеслигада бирорта ҳам ўйинда ғалаба қозона олмаган ягона клуб – “Нюрнберг” дир. Жамоанинг буқадар муваффақиятсиз мавсум ўтказаётгани туфайли жамоа мураббийлар штаби норозиликлар “ёмғири” остида қолган. “Бўрилар” жамоаси анча яхши шаклланган. Тўп билан ажоиб тарзда ҳаракат қилишади. Шу боис биз асосан, прессинг уюштиришга уринамиз.”, - деб таъкидлади жамоа бош мураббийи Гертян Вербек. Бу учрашув Япониялик футболчи Макото Хасебе учун аҳамиятли. Хасебе ўзининг собиқ жамоасига қарши ўйнайди. “Волфсбург”да менинг кўплаб дўстларим қолган ва уларга қарши ўйнаш мен учун жуда ҳам қизиқ бўлади.”, - деди қитъадошимиз.

“Волфсбург”
. “Бўрилар” да муаммолар борлиги кўзга ташланаётгани йўқ. Улар охирги тўрт учрашувни ўз фойдаларига ҳал этдилар ва Нюрнбергга ҳам ўзларига ишонган ҳолда ташриф буюришмоқда. Жамоанинг янги устози Диетер Ҳеккинг учун ҳам бу баҳс анча аҳамиятли. Боиси Ҳеккинг “Волфсбург” ни қабул қилиб олишидан аввал бир муддат “Нюрнберг” га устозлик қилган. “Аввалгидек турнир жадвали пастидан юқорига эмас, балки юқоридан пастдаги жамоаларга назар солиш – жуда ҳам ажоиб таассурот қолдирмоқда.”, - деб ҳозирги жамоасида бахтли эканини билдирди Ҳеккинг. “Бўрилар” га бугунги учрашувда Ку Жа Чеол ва Кристиан Треш каби футболчилар ёрдам бера олишмайди.

“СА” тахмини: “Нюрнберг” 40%-60% “Волфсбург”

“Нюрнберг” – “Волфсбург” баҳси қизиқ ўтиши кутилмоқда. Собиқ жамоасига қарши ўйнайдиган Хасебе, эски жамоасининг ўйинига баҳо бермоқчи бўлган Ҳеккингнинг баҳс давомидаги реакциялари қандай кечиши кўпчилик учун қизиқарли бўлса керак. Биз эса сизга баҳсни томоша қилишни маслаҳат берамиз.


“Боруссия” Дортмунд - “Бавария” (22:30)
“Боруссия” Дортмунд . “Сариқ-қоралар” жамоаси бугун нима бўлмасин ғалаба қозониши шарт. Йўқса мюнхенликлар анча илгарилаб кетиш имконига эга бўладилар. Шу боис Клопп шогирдлари бугунги баҳсга қаттиқ тайёргарлик кўрдилар. “Боруссия” “Бавария” ни ютиши мумкин бўлган ягона жамоадир.“, - дея таъкидлаб ўтди футбол фахрийси Лотар Маттеус. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Бунга ишониш мумкиндир, аммо Суботич ва Хуммелс каби етакчиларнинг йўқлиги дортмундликларга панд бериши мумкин.

“Бавария”. Мюнхен супер-клуби эса навбатдаги уч очко ишқида “ёнмоқда”. Улар навбатдаги ғалаба чемпионлик йўлида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлишини жуда яхши тушуниб турибдилар. “Суботич, Хуммелс, Шмелцер каби футболчиларнинг майдонга туша олмасликларига жуда ачинаман. Аммо бу футбол. Биз ҳеч қандай қўрқувсиз ҳаракат қилишимиз лозим, йўқса “Боруссия” уч очкони илиб кетади.”, - деб ўз фикрларини билдириб ўтди Пеп Гвардиола. Бугунги баҳсда Марио Гёценинг собиқ жамоасига қарши қандай ҳаракат қилиши муҳлисларнинг қизиқишларига сабаб бўлмоқда. Кўрамиз, Марио Дортмундда ниамаларни намойиш этар экан…   

“СА” таҳмини: “Боруссия” Дортмунд 45%-55% “Бавария”

Шубхасиз, турнинг марказий учрашуви Дортмундда бўлиб ўтади. Бу сафарги “немис классико”сида ким ғолиб чиқади деган саволга яқин бир неча соат давомида жавоб олиш имконига эгамиз. Хўш, бу сафар кимнинг қўли баланд келар экан?! Кутамиз…

Натижалар билан эса кейинроқ таништириб ўтамиз.


Зохиржон Акрамхонов тайёрлади
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика