UZ

Сўнгги янгиликлар

01:57АПЛ. Лондон дербисида "Арсенал" "Челси"га "тарсаки туширди"  18 01:30Иброҳимхалил Йўлдошев: “Биз рақиб танламаймиз”  2 01:26Русланбек Жиянов: “Йўлимиздан чиққан жамоани мағлуб этишимиз керак”   0 01:15ОЧЛ. Юлдузларни ўзида жамлаган "Ал Ҳилол" турнирни тарк этди, "Ал Айн" финалда!  8 00:44"Бунёдкор" собиқ футболчиси "Барселона"га янги мураббий тавсия қилди  5 00:27ПСЖ ёзда Ямал учун улкан миқдордаги сумма таклиф қилмоқчи  4 23:50Колумбияда ўйин пайти футболчига пичоқ улоқтирилди  0 23:34Тимур Кападзе: "Рақибимиз Саудия бўладими ёки бошқа бир жамоа, биз ўз мақсадимизга эришишимиз керак"  11 23:01U-23 Осиё кубоги. Кувайт Малайзияни мағлуб этиб, "D" гуруҳида учинчи ўринни эгаллади  0 22:31Осиё кубоги. Вьетнам йирик ҳисобда мағлуб этилди. Кейинги рақиб - Саудия Арабистони  150 22:11Қирғиз Республикасида Марказий Осиёдаги энг йирик стадион қурилиши бошланди  28 21:55"Барселона" президенти "Реал"га қарши ўйинни такрор ўтказишни талаб қилмоқчи  17 21:38Усэйн Болт: "Мен пойгада Мбаппедан тез югураман"  4 21:11Моуринью янги жамоасида дарвозабонсиз ўйнайдиган тактика қўлламоқчи  11 20:24"Ньюкасл" ҳужумчиси "Барселона"га ўтиши мумкин  5

Бундеслига: 18-тур превьюси Янгиликлар

Бундеслига: 18-тур превьюси

Ниҳоят бундеслига мухлислари орзиқиб кутган дамлар ҳам етиб келди. Бугун Германия чемпионати 18 тур учрашувларига старт берилади.
Немис жамоалари кучли бешликнинг бошқа биринчиликлари иштирокчиларига қараганда бироз кўпроқ дам олиш имконига эга бўлишди. Қарийиб бир ой давом этган давралар оралиғидаги  ушбу танаффусдан кўплаб жамоалар унумли фойдаланишга ҳаракат қилишди. Баъзи клубларнинг узоқ вақтдан буён ўйнай олмаётган ўйинчилари жароҳатларидан қутулиб, майдонга қайтишга ва жамоаларига ёрдам беришга шай бўлиб туришибди. Яна бир қатор клублар ўйин сифатини ҳамда жамоадаги рақобатни ошириш мақсадида янги ижрочиларни ҳарид қилишга ҳам улгуришди. Тўғри, қишки трансферлар вақтида бундеслига жамоалари оламшумул ҳаридларни амалга оширшмади. Аммо кўпгина немис клублари ўз ананаларига содиқ қолган ҳолда қиммат бўлмаса ҳам савияси анча юқори бўлган бир нечта футболчиларни таркибларига қўшиб олишди. Ушбу футболчилар билдирилган ишончни оқлай олишармикан? Бунисини иккинчи даврада ўтказиладиган ўйинлар орқали билиб оламиз. Ҳозир эса эътиборимизни иккинчи давранинг илк тури доирасидан ўрин олган учрашувлар анонсига қаратсак.

Даставвал, бу турда ўзаро тўқнаш келувчи жуфтликлар билан танишиб олсак:
25.01 00:30 ДА   БОРУССИЯ М : БАВАРИЯ
25.01 19:30 ДА   ФРАЙБУРГ : БАЙЕР
25.01 19:30 ДА   ВОЛФСБУРГ : ГАННОВЕР
25.01 19:30 ДА   НЮРНБЕРГ : ХОФФЕНХАЙМ
25.01 19:30 ДА   ШТУТГАРТ : МАЙНЦ 05
25.01 19:30 ДА   БОРУССИЯ Д : АУГСБУРГ
25.01 22:30 ДА   АЙНТРАХТ Ф : ГЕРТА
26.01 19:30 ДА   ВЕРДЕР : АЙНТРАХТ Б
26.01 20:30 ДА   ГАМБУРГ : ШАЛКЕ 04

“Боруссия М” – “Бавария”
Ушбу тур доирасида бўлиб ўтадиган учрашувларнинг энг муросасиз ўтиши кутилаётганларидан бири Мёнхенгладбах шаҳрида жойлашган кўркам “Боруссия Парк“ ўйингоҳида бўлиб ўтади. Унда бугунги кунда бундеслигада ажойиб ўйин намойиш қилаётган икки етакчи тўқнаш келишади. “Боруссия М“ ўз майдонида турнир жадвали карвонбошиси “Бавария“ни қабул қилади. Марказий учрашув мақомини олган ушбу матчда кимнинг қўли баланд келади деган савол кўпчилик мухлисларни қизиқтирмоқда. Ушбу саволга жавобни яқин соатлар оралиғида билиб олиш имконига эгамиз.
• “Голливуд ФК“ янги йилга ҳеч қандай мағлубиятларсиз етиб келди. Пеп Гвардиола шогирлари 41 ўйиндан бери мағлубият нима эканини билмай келишмоқда. Кўрамиз, мюнхенликлар ушбу рекорд натижани янада яхшилаб олишни уддасидан чиқишармикан…
• Биласизми, “Боруссия Парк“да бўлиб ўтган сўнгги олти тўқнашувдан фақат биттасидагина “Бавария“ ғалаба қозонишни уддалай олган, холос.
• Бундеслигадаги тўп ўтакзиб юбормаслик бўйича энг яхши кўрсатгичларга эга бўлган икки дарвозабонлар тўқнашуви ҳам мухлисларни бефарқ қолдирмаса керак. Боиси Марк Андре тер Штеген ва Мануел Нойерлар ким кучлироқ еканини исботлаш учун ҳам баҳс юритишади. Тер Штеген ўзи қатнашган ўйинларнинг 37 фоизида дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган. Нойерда эса бу кўрсаткич бироз яхшироқ – 45 фоиз.
• Қолаверса, бугун бундеслигадаги икки энг яхши ассистенлар ҳам тўқнаш келишади. Марк Круза ва Франк Рибери мавсум бошидан буён 8 мартадан голларга ҳаммуаллифлик қилишгани эътиборга молик.
• Бу икки гранд жамоаларнинг ўтган йилги баҳси 3-1 ҳисобида бугунги мезбонлар фойдасига хал бўлганди.




“Фрайбург“ - “Байер“
Мухлисларни  бефарқ қолдирамайдиган учрашувлардан яна бирида “Фарйбург“ ва “Байер“ жамоалари баҳс юритишади. “Байер“ ўз ўйинини топиб олармикан деган савол футбол ихлосмандларини қизиқтириб келмоқда. Боиси Сами Хюпия шогирдлари биринчи давранинг сўнгги икки учрашувини жуда ҳам муваффақиятсиз ўтказишганди. Хўш, улар иккинчи даврага буни унутган ҳолда тайёргарлик кўришдимикан? Бу саволимизга ҳам яқин вақт ичида жавоб оламиз.
• “Фрайбург“ ўз майдонида “Байер“га қарши ўтказган беш учрашувида фақат бир очко олишга муваффақ бўлган. Бу эса жамоа мухлисларини сира қониқтирмайдиган натижадир. Шуни инобатга олган ҳолда, фрайбурглик футболчилар бу сафар зафар қучишга уриниб кўришади.
• Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, мезбонлар сўнгги тўрт тўқнашувда бир марта бўлса ҳам рақиблар дарвозасига тўп кирита олишмаган.
• Декабр ойи бошларида бу икки жамоа Германия Кубоги доирасидан ўрин олган чорак финал баҳсида тўқнашишганди. Ўшанда “доришунослар“ жамоаси 2-1 ҳисобида “Фрайбург“дан устун келганди.
• Леверкузенликлар етакчиларидан бири бўлган  Омер Топрак аслида “Фрайбург“ футбол академияси  тарбияланувчиси саналади.
• “Байер“нинг “олғир“ ҳужумчилари жами 25 та гол уришган. Бу эса “Фрайбург“ жамоаси киритган жами голлар сонидан 9 тага кўпроқдир. Яъни фрайбургликлар умумий ҳиосбда 16 бор гол уришга эришишган.


“Волфсбург“ - “Ганновер“
“Ганновер”нинг янги устози Тайфун Коркут учун “Волфсбург”га қарши бўлиб ўтувчи баҳс алоҳида аҳамиятга эга. Боиси турк миллатига мансуб бўлган ушбу мураббий янги жамоасида бундеслигадаги илк – дебют учрашувини ўтказади. Бу учрашув қандай якунланади. Бунисини энди вақт кўрсатади.
• Тайфун Коркут Германия бундеслигасида иштирок этувчи жамоалардан бирини бошқараётган иккинчи турк мураббийсидир. Ундан аввал етмишинчи йиллар охирида Аркоч Озжан “Гамбург“га устозлик қилганди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Коркут “Ганновер”да мураббийлик постини эгаллаган 25-мураббийга айланди.
• Коркут олдида бир мунча мушкул вазифалар турибди. Жамоанинг аввалги нуфузини тиклаш учун бел боғлаган Коркут Мирко Сломка ишини давом эттиради. Тайфундан аввал бу жамоани бошқарган Сломка 135 учрашувда “Ганновер”га устозлик қилгани диққатга сазовор. Бу жамоа рекордидир.
• Дитер Ҳеккинг бўлса бугунги рақиб жамоаси сафида ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида фаолият юритган.
• Ҳеккинг бошқарувидаги жамоалар “Ганновер”га қарши ўтказган сўнгги олти учрашувнинг ҳаммасида мағлубият аламини тотиб кўришга мажбур бўлишган.
• “Ганновер” 2002 йилда бундеслигага қайтиб чиққанидан буён умумий ҳисобда 500 очко ишлашга эришган.




“Нюрнберг” - “Хоффенхайм”
“Нюрнберг“ – бундеслига тарихида шу пайтга қадар қайд этилмаган кўрсатгич сохибига айланди. Ушбу жамоа биринчи даврани ғалабасиз ўтказди. Нюрнбергликлар бир марта бўлса ҳам ғалаба нашидасини сура олишмади. Хатто, турнир жадвалида сўнгги поғонани эгаллаб турган “Айнтрахт Б“ ҳам икки бора ютуққа эришган. Аммо “Нюрнберг“…
• “Нюрнберг“ бундеслига тарихидаги биринчи даврани ғалабасиз ўтказган биринчи жамоадир. Бугунгача ҳеч бир жамоа бундай антирекордни қайд этмаган эди.
• Мезбонлар ўз тарихларида олтинчи марта биринчи даврани 17 ўринда тугатишди. Улар ҳозирда бундеслигани тарк этиши мумкин бўлган жамоалар орасидаги “фаворитлар“дан бири бўлиб туришибди.
• Бу жамоалар таркибида аста-секин ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилаётган икки ёш истеъдод сохиблари тўп тепишади. Даниел Гинчжек ва Кевин Фолланд каби иқтидорлар Германия футболи эртаси деб қаралмоқда.
• “Нюрнберг“ жамоаси гол уришда анча қийинчиликларга дуч келмоқда. Бунда кўпчилик мухлислар жамоа ҳужумчиларини айбдор қилмоқда. Кўрамиз, улар бу гаплар нотўғри эканлигини исботлай олишармикан…
• Роберто Фирмино юбилей 100 ўйин арафасида турибди. “Хоффенхайм“ етакчиларидан бири бўлган Фирмино шу пайтга қадар ўз жамоаси таркибида 46 бор тўп киритган.


“Штутгарт“ - “Майнц“
18 тур доирасидан ўрин олган яна бир ўйинда “Штутгарт“ ўз майдонида  “Майнц“ни қабул қилади. Мавсум аввалида ўз олдига Еврокубокларда иштирок этиш имконини берадиган ўринлардан бирини эгаллаш вазифасини қўйган бу икки клуб баҳси ҳам мухлисларни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлаймиз.
• Бу икки клуб турнир жадвалида ёнма-ён боришмоқда. “Майнц“ тўққизинчи бўлса, “Штутгарт“ ўнинчи поғонани эгаллаб турибди.
• “Штутгарт“ни жуда тиғиз ўйинлар жадвали кутиб турибди. Бу жамоа келаётган икки ҳафта ичида уч баҳсда майдонга тушади. Улардан бири “Бавария“га қарши бўлиб ўтади.
• “Майнц” футболчиси Элкин Сото 67 та учрашувда бир бор рақиблар дарвозасини ишғол этган. У гол урган жамоа, айнан, “Штутгарт“дир.
• Ҳозирда “Майнц“нинг биринчи рақамли посбони саналадиган Лорис Кариус ёшлик пайтида “Штутгарт“ футбол мактабида таҳсил олган.
• Ҳатто Томас Тухел ҳам ўзининг мураббийлик фаолиятини “Штутгарт” футбол мактабида ёшларга сабоқ беришдан бошлаган.
• “Майнц” етакчиларидан бири Шинжи Оказаки ўтган ёзда, айнан, “Штутгарт“дан ҳозирги жамоаси сафига келиб қўшилганди. Япониялик футболчи бу галги рақиби сафида 63 учрашувда майдонга тушган бўлиб, ўн бор тўп киритишга муваффақ бўлган.


“Боруссия Д” - “Аугсбург”
Дортмунднинг “Боруссия“ жамоаси шу пайтга қадар “Аугсбург“га қарши беш бор баҳс олиб борган. Улардан тўрт тасида “сариқ-қоралар“нинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати 15:3. Қизиқ, бугун ушбу анъанага бархам берилармикан?! Ёки “Боруссия Д“ яна зафар қучадими?
• “Боруссия Д“ қишки танаффусга чиқиш олдидан ўтказилган уч учрашувда бир очко! тўплай олди, холос. Бугунги рақиб эса аксинча, еттита.
• Роберт Левандовски бу мавсумнинг илк даврасида 11 марта гол уришга муваффақ бўлди. Бу билан у 2012-2013 мавсумдаги натижасини битта голга яхшилай олди.
• Левандовски “Аугсбург кушандаси“ номини олган. У бу жамоага қарши ўтказилган беш ўйинда етти марта рақиблар дарвозабонини ҳафа қилишга эришган.
• Хабарингиз бор, Матс Хуммелс жароҳати боис биринчи давранинг кўплаб учрашувларини ўтказиб юборишга мажбур бўлди. У қатнашмаган ўйинларда “Боруссия“ икки марта ютди, икки марта дурранг ўйнади, уч бор мағлубиятга учради. Кўриб турганингиздек, Хуммелснинг ўрни жамоаси учун жуда билинди…
• Роман Вайденфёллер ўзининг юбилей -  300-ўйини арафасида турибди. Ушбу посбон ўзининг ишончли ўйинлари билан ҳалиҳамон бундеслига фанатларини хушнуд этиб келмоқда.



“Айнтрахт Ф“ - “Герта“
Тур доирасидан жой олган яна бир учрашув Майн дарёси бўйида жойлашган Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтади. Унда мезбон “Айнтрахт“ пойтахтлик мехмон -  “Герта“ни қабул қилади. Икки азалий “душман“ ўртасида ўтказлиадиган баҳс ҳам кўпчилик учун аҳамиятли ўтиши кутилмоқда. Зеро берлинликлар анча ишончли, мезбонлар эса аксинча жозибасиз ўйин намойиш этишмоқда. Аммо бу жамоаларнинг қарама-қаршилиги доим мухлислар эътиборида бўлиб келгани бизни ҳам бу баҳсни томоша қилишга унадаса неажаб…
• Йил бошида Еврокубокларда қатнашишни мақсад қилган “Герта“ ўз мақсадидан оғишмай ўйин кўрсатиб келмоқда. Улар бу шижоатни иккинчи даврада ҳам давом эттира олишадими, деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда.
• Франкфуртда бўлиб ўтган охирги етти учрашувдан фақат биттасидагина мезбонларнинг қўли баланд келган. Қолганларида, “Герта“ ўзи учун ижобий натижа қайд этишни уддалай олган.
• Мезбонлар устози Армин шу пайтга қадар ўзи бошқарган ҳеч бир жамоа билан “Герта“ни мағлуб эта олмаган.
• Франкфуртликлар бу мавсумда ўз уйида бўлиб ўтган баҳслардан ҳали бирортасида ҳам зафар қуча олмади.
• Бу баҳсда Адриан Рамосдан мухлисларнинг умидлари катта. Бу ҳужумчи Роберт Левандовски билан бир хил 11 та гол урган. Агар у бу сафар ҳам рақиблар дарвозасини ишғол этадиган бўлса тўпурарлар рўйхати етакчисига айланиб олиш имкониятига эга бўлади.


“Вердер“ - “Айнтрахт Б“
Бу икки жамоалар баҳсига бўлган мухлислар эътибори бироз пастроқ эканини эътироф этишимиз лозим. Боиси устунлик яққол мезбонлар томонида. Қолаверса, жамоаларнинг сўнгги саккиз тўқнашувида омад фақат “Вердер“га кулиб боққан. 22:2 тўплар нисбати билан устунлик қилаётган “машшоқлар“ учун бу ўйин худди оддий тайёргарлик ўйинидек ўтиши таҳмин қилинмоқда.
• “Шимол дербиси“да ғалаба қозониш борасида Бременлик машшоқлар етакчи саналишади. Улар умумий ўйинларнинг 45 фоизида зафар қучишган. Брауншвайгликлар эса 31 фоиз учрашувларни ўз фойдаларига ҳал этишга муваффақ бўлишган. Беллашувларнинг 24 фоизида эса дурранг натижа қайд этилган.
• Икки жамоанинг охирги 18 та тўқнашувининг ҳаммасида бременликлар бир марта бўлса ҳам гол киритишга муваффақ бўлишгани диққатга сазовор натижадир.
• Яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, “Айтнтрахт“ Брауншвайг  1984 йилдан буён илк марта юқори бундеслига ўйинида Бременда меҳмон бўлмоқда.
• “Айнтрахт“ етакчиси Карим Белараби ёшлик чоғи олти йил “Вердер“ академиясида футбол билан шуғулланган. У бу турда ўзининг илк сабоқларини олган жамоасига қарши баҳс юритади.


“Гамбург“ - “Шалке 04“
18 турнинг сўнгги учрашувида “Гамбург“ ва “Шалке 04“ жамоалари ўзаро баҳс юритишади. Турнир жадвалининг нечанчи поғонасида жойлашишларидан қатъий назар бу икки жамоанинг тўқнашуви ҳар доим мухлислар эътиборини ўзига тортиб келган. Бу сафарги учрашув ҳам муросасиз ўтиши таҳмин қилинмоқда. “Гамбург“нинг ишлари унчалик яхши кетмаётган бўлса-да, жамоа “Шалке“дек азалий рақиб билан ўтадиган учрашувга қаттиқ тайёргарлик олиб борди. Бу самара берадими ёки йўқми – буниси бизга қоронғу. Биз сизга фақат учрашувни томоша қилишни маслаҳат берамиз!
• “Шалке“га қарши кечган дуелларнинг сўнгги бештаси “Гамбург“ учун омадсиз кечган. Порт шаҳар футболчилари шу учрашувлардан фақат биттасини ўз фойдаларига ҳал қила олишган. Ушбу анъана бу сафар бузилармикан…
• “Гамбург“ биринчи даврада энг кўп тўп ўтказиб юборган жамоа бўлиб турибди. Гамбургликлар 38 марта рақибалардан гол қабул қилиб олишган.
• Мураббий Берт ван Марвейк ваниҳоят ҳимоя қўрғони вакилларини тўлиқ ўйнатиш имконига эга бўлмоқда. Деннис Дикмайер, Слободан Ражкович ва Ҳайко Вестерман каби ўйинчилар жамоасига ёрдам беришга шай турибдилар.
• Мезбонларда уйда ғалаба қозона олмаслик синдроми бошланган. Гамбургликлар биринчи даврада фақат иккита уй учрашувида ғалаба қозона олишган. Рақиблар ҳам “кимсан“ тунир жадвалида охирги бўлиб турган  “Айнтрахт Б“ ва омадсиз ўйинлар гирдобида юрган “Ганновер“. Иккинчи даврада ушбу нохуш анъанага барҳам беришни мақасад қилган “Гамбург“ бу ишни уддалай олармикан?
• Футболчиларнинг майдонда босиб ўтган масофалари кўрсаткичи бўйича “Гамбург“ 16 поғонада бормоқда.


Азиз футбол ихлосмандлари, кўриб турганингиздек, бундеслига 18 тури доирасидан ҳам бир қатор қизиқарли баҳслар ўрин олган.  Биз сизга ушбу матчларни кузатишни маслаҳат берамиз. Зеро, иккинчи даврани ижобий натижа билан бошлаш ҳар қандай жамоа учун мавсумнинг қолган қисмини кўнгилдагидек ўтказишда муҳим аҳамият касб этади. Демак, олдинда бизни муросасиз баҳслар кутмоқда.

Бундеслигани кўринг, Европа футболидан завқланинг! 

Зохиржон АКРАМХОНОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика