

БМБ устози Нодир Элибоев: “Жамоамиз бугунги ўйинга янги таркиб билан келди деса ҳам бўлади. Узоқ танаффусдан сўнг деярли 20 кун давомида бу баҳсга тайёрландик. 2 та назорат учрашуви ўтказдик. Ҳозирча ўзимиз хоҳлаган даражага чиққанимиз йўқ, аммо бугунги баҳсда йигитларимиз бор маҳоратини намоён қилади”.
СҚБ бош мураббийи Шуҳрат Тожибоев: “Бизнинг жамоамиз ҳам 5 августдан машғулотларни бошлаган. Жамоамиз таркиби янги футзалчилардан иборат. Йигитлар бир-бири билан чиқишиб кетишига озгина вақт керак бўлади. Лекин бугунги финалга тайёрмиз деб ўйлайман”.
- Янгиланган таркиб деганда нимани тушунса бўлади? Кимлар кетди ва кимлар кетди?
Элибоев: Бу йил барча жамоаларнинг таркиблари янгиланди. Шу жумладан БМБнинг кўплаб асосий футзалчилари кетишди. Уларнинг ўрнини ёшлар билан тўлдирдик. Асилбек Вафоев, Шаҳрам Фаҳриддинов, самарқандлик йигитлар жамоамизга қўшилишди, ёшлар терма жамоаси вакилларини ўз сафимизга қўшиб олдик. Таниқли дарвозабон Рустам Умаров мураббийлар штабига қўшилди. Ҳусниддин Нишонов узоқ муддатли жароҳатдан сўнг сафга қайтди. Жамоага киришиб кетиш учун вақт керак бўлади. БМБ жамоаси бу йил ёшларга эътибор қаратган. 18дан кичик бўлган йигитлар 12 нафарга етди. Бу ишга ўтган йилда қўл урганмиз. Бу йил ёшларга янада кўпроқ имкон бермоқчимиз. Рақобат кучли, осон бўлмайди, аммо буни уддалашади деб ўйлайман.
Легионерлар? Болт ва Жоаолар жамоамизни тарк этишди. Бу йигитлар ёмон эмас эди, аммо режамиз бўйича улар билан хайрлашишимиз керак эди. Кўпроқ ёшларга урғу беряпмиз. Қирғизистондан Дониёр Омонбоевни таклиф қилганмиз. Биз “Дўстлик” базасида шуғулландик. Чунки у аренанинг қопламаси бугунги финал ўтадиган майдон қопламаси билан бир хил.
Тожибоев: Ўзим ҳам жамоада янгиман. Таркибдагиларнинг кўпчилиги янги. Ўтган мавсумдан Равшан Элибоев ва бир қатор ёшлар қолишган. Бразилиядан 3 нафар легионер олдик. Улардан бири лигамиз юлдузи Болт. Ҳимоя ва ҳужумга ҳам бразилиялик футзалчиларни қўшиб олдик. Эрондан ҳам футзалчи чақирган эдик, аммо жароҳат сабаб унга жавоб бердик. Давлат Ибрагимов, Шавкат Ибрагимов, Илҳом Ҳамроев, Самариддин Беркинов, Тимур Салимов ва Тимур Какичлар билан шартнома имзоладик. Машғулотларни “Юнусобод” спорт мажмуасида бошладик. Суперкубокдаги қопламани ҳисобга олиб бир ҳафта “Дўстлик”да машғулот ўтказдик.
- СҚБ жамоаси ва бош мураббийи Шуҳрат Тожибоев олдига қандай вазифалар қўйилган?
Тожибоев: СҚБ жамоаси ўтган мавсум чемпионатда 2-ўринни қўлга киритди ва Кубокда финалгача етиб борди. Ўтган йилги форматда кўпроқ легионерларга рухсат эди. Бу мавсумдан “3+1” схемасига ўтилди. Энди эътибор кўпроқ маҳаллий футзалчиларга қаратилади. Асосий мақсадимиз - совринли ўринларни эгаллаш.
- Эронлик футзалчи жамоани тарк этди дедингиз. Демак “3+1” схемаси бўйича осиёлик ўрни бўш?
Тожибоев: У машғулотларда иштирок этди. Тиббий кўрикларда жароҳати жиддий бўлгани учун унга рухсат бердик. Ҳозир раҳбариятимиз бошқа эронлик билан музокара ўтказмоқда.
- Таркиб бўйича регламентдаги ўзгаришлар қолган жамоаларнинг ўйинига таъсир қиладими?
Элибоев: Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбари Бекзод Маматқуловнинг олиб бораётган сиёсати миллий терма жамоани кучайтиришга қаратилган. Чунки ўтган йили баъзи баҳсларда майдонда фақат легионерларни кўрдик. Бу йил деярли барча клубларда ўзгаришлар рўй беряпти. Назорат ўйинларига қарайдиган бўлсак бирорта йирик ғалаба кузатилмади. Бу кучли рақобат ва ўсишга олиб келади.
Тожибоев: Бу йилги чемпионатда таркиб бўйича катта ўзгаришлар бўлди. Асосий эътиборни ёшларга қаратяпмиз. Жорий мавсумда рақобат кучли бўлади.
- Ёшлар учун футзал мактаби, ёшлар гуруҳи ташкил қилиш ниятингиз борми?
Элибоев: Олдинроқ айтганимдек таркибимизда 12 нафар 18 ва ундан кичик ёшдаги футзалчилар бор. Лига регламентида ҳам 2009 йилда туғилган ва ундан кичик бўлган йигитларга ҳар бир баҳсда камида 2 дақиқа ўйин амалиёти ажратилиши керак. Ҳар бир учрашувда битта қўшимча жой 2009 йилда туғилган ва ундан кичик бўлган ёшларга аталган.
Тожибоев: ЎФА вакиллари, Нодир Элибоев билан вилоятларни айланиб, кўплаб иқтидорли ёшларни кузатдик. Уларни аста-секинлик билан миллий жамоа йиғинларига чақиришни режа қилганмиз.
- Финалдан олдин рақиб қанчалик ўрганилди?
Тожибоев: БМБ Ўзбекистоннинг энг номдор жамоаларидан бири. Буни 4 йилдан бери исботлаб келмоқда. Ўзим ҳам бу жамоада ишлаганман. Ўрганиб чиқяпмиз. Бугунги баҳсда тайёргарлигимизга ўзингиз баҳо берасиз.
Элибоев: СҚБ янги таркиб ва янги мураббий билан. Ўрганишга ҳеч қандай имкон йўқ. Чемпионат давомида уларни синчковлик билан ўрганиб чиқамиз. Финал учун турли сценарийларга тайёргарлик кўрдик.
- БМБ бу мавсум эҳтимолий мағлубиятларга қанчалик тайёр? Чунки регламентдаги ўзгаришлар жамоалар кучини бир-бирига яқинлаштириб қўймоқда.
Элибоев: Аслида кучли бўлиш учун ғалабадан кўра кўпроқ мағлубият муҳим. Хатолар бўлса уларни ўрганиб чиқишга, мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаришга тайёрмиз.
- Болт энди СҚБ сафида. У жуда кучли футзалчи. Унга персонал футзалчи бириктириладими?
Элибоев: Болт Месси эмаску. Тўғри, у кучли футзалчи, лекин бир ўйинчи деб бутун бошли режамизни ўзгартирмоқчи эмасмиз. Унга янги жамоасида омад тилайман.
- БМБ иқтисодий томонлама қудратли. Бу томонлама йигитларга мотивация бериш учун қандай ишлар қилиняпти?
- СҚБ жамоаси раҳбариятига миннатдорчилик билдирамиз. Жамоамизга барча шарт-шароитлар яратилган. Катта муаммолар бўлмайди деб ўйлайман.




