

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Баҳс қийин кечишини билардик, сабаби биринчи даврадаги қарама-қаршилик ҳам шундай оғир ўтганди. Охиригача курашдик, рақиб қарши ҳужумларда ўйнади, афсуски вазиятларни голга айлантира олмадик. Бирга бир вазиятдан ҳам ҳужумчимиз тўп кирита олмади. Умуман олганда, баъзи эътирозларни ҳисобга олмаганда футболчиларга раҳмат айтаман. Ҳимояда йўл қўйилган биргина хато учун "Лочин" бизни жазолади. Рақибни ғалаба билан табриклайман.
- "Арал" билан фарқ 9 очкога етди. Бу қанчалик биринчи ўрин учун курашга халақит беради?
- Ўзингиз кўряпсиз, ҳеч бир ўйин осон ўтмаяпти. Буёғига қолган учрашувларни ҳисобга оладиган бўлак, бу катта фарқ. Агар кейинги баҳсларнинг барчасини ғалаба билан якунлай олсак, нимадир бўлиши мумкин. Биринчи биринчи бўлиб гол урганимизда ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Ўзимизнинг хатолар сабаб ғалаба қозона олмадик ва мағлуб бўлдик. Ҳимояда ротацяига қўл урдик, қайсидир футболчиларга дам бердик. Машғулотларда хатолар устида ишлагандик.
- Ҳозирги футболда қарши ҳужумда ўйнаш қанчалик фойда келтиради?
- Бизга барибир ҳар ўйинда очко керак. Олдимизга бешликка кириш вазифаси қўйилган. Лекин Суперлигага чиқиш учун ҳамма ўйинларда ғалабани кўзлаб чиқяпмиз. Яккакурашларда ютқазиб қўйганимиз ҳам панд берди. Биринчи бўлимда яхши вазиятларга эга бўлгандик.
- "Лочин" таркиби ҳақида фикрингиз? Аксар футболчилар "Шўртан" учун бегона эмас.
- Энди барибир бу ҳам роль ўйнайди. Руҳият, шижоат деган нарсалар бор. Баъзи ўйинчилар жамоамизда ўйнаб кетган. Кимдир хафа бўлиб кетгандир, шунинг учун исботлаш мақсадида ҳаракат қилганлар ҳам бўлди.
- Бугунги мағлубиятни энг аламли мағлубият деб ҳисоблайсизми?
- Ўйиндан кейин футболчиларга шу гапни айтдим. Ҳар икки жамоа футболчилари бир-бирларини яхши танийди. Шу боис энг аламли мағлубият бўлди.



