Аморим: "Милан" "Ювентус" билан ўйинда ғалабага лойиқ эмасди"

Sherzod Nurmatov
7 сен 2026, 14:00
"Милан" бош мураббийи Рубен Аморим Италия чемпионатининг 3-тури доирасида сафарда "Ювентус"га қарши кечган баҳсдаги дуранг (1:1) ҳақида фикр билдирди.

"Очиғини айтганда, биз ғалабага лойиқ эмасдик, тўғрироғи, "Ювентус" мағлубиятга лойиқ эмасди. Ўз футболимизни намойиш этишга ҳаракат қилдик, аммо тўп билан муомалада ишларимиз яхши чиқмади. Биринчи бўлимда ўйинни назорат қилган пайтларимиз бўлди, лекин кейин тўпни тез-тез йўқота бошладик ва яхши ўйнай олмадик. Бошқа томондан олиб қараганда, биргаликда иш бошлаганимизга эндигина 2 ой бўлди. Ўйинимизни кучайтиришимиз керак, бироқ бунинг учун вақт зарур, бу биз учун жуда оғир баҳс бўлди.

Бизда индивидуал маҳорат етарли, бироқ энг муҳими — оддий жиҳатлар: тўпни қабул қилиш ва ошириш, яъни футболнинг пойдеворидир. Бугун бизда шу нарсалар ўхшамади.

Жамоам тўпга эгалик қилмаётган пайтда қийинчиликларга дуч келяпмиз. “Ювентус” кўплаб ҳужумчиларни майдонга туширганида яхши ҳимояландик, бироқ тўпни йўқотиб, улар тезкор қарши ҳужумга ўтган вазиятларда кўпроқ қийналдик.

Ўйин услубимизни ўзгартирмоқчи эмасмиз, чунки айрим ўйинларда ҳаммаси ўхшашини, бошқаларида эса йўқлигини яхши биламиз. Энг асосийси — ғалаба учун курашяпмиз. Бугун биз ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди, аммо яна таъкидлайман, "Ювентус" ҳам ютқазишга муносиб эмасди", – дея португалиялик мутахассиснинг сўзларини келтиради DAZN.

"Милан" (3 та ўйиндан сўнг 7 очко) Италия чемпионати жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа 4-турда 13 сентябрь куни сафарда "Лацио"га қарши майдонга тушади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: DAZN

Сўнгги янгиликлар

Барча ›