UZ

Сўнгги янгиликлар

00:00Европа лигаси. "Милан", "Ливерпуль" ва "Байер" иштирокидаги ўйинлар бошланди (онлайн ҳисоб)  1 23:54"Барселона" мухлислари ПСЖга учралган мағлубиятдан сўнг ўз жамоаси автобусига ҳужум қилишди  2 23:37Эрон Про лигаси. Ўрунов 77 дақиқа ҳаракат қилган ўйинда "Персеполис" йирик ғалабага эришди  0 23:20Футзал бўйича Осиё кубоги. Тожикистон - Жанубий Корея 2:0   0 23:10Футзал бўйича Осиё кубоги. Япония - Қирғиз Республикаси 2:3   1 23:08АПЛда дебют қилган 19 ёшли футболчи майдонга тушганидан 3 дақиқа ўтгач, ҳушидан кетди   0 22:41U-23 Осиё кубоги. Қатар ҳакам томонидан қўшиб берилган 13-дақиқада Иордания дарвозасига ғалаба тўпини киритди  15 22:22Мессини немис грандлари ўз сафига қўшиб олмоқчи  8 21:54"Барселона"да Хавининг ўрнини ким эгаллаши деярли маълум  4 21:38Жасур Жалолиддинов: "Олимпиада йўлланмаси бериладиган мусобақада қандай ҳолатда бўлишимизга қарамай, натижа кўрсатишимиз керак"   4 21:17Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган навбатдаги клублар маълум, улардан бири — "Зальцбург"  1 20:50Футбол олами. ОКМК ва "Насаф"да мағлубият: Ўзбекистон кубоги 1-тури ҳақида батафсил   0 20:40U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Кувайтга қарши ўйинга тайёргарликни бошлади  2 20:25Ковачичнинг пенальтидан тепган зарбаси йўналишини топишда Лунинга жамоадоши ёрдам берди  4 20:18Сенсация! Индонезия Австралияни мағлубиятга учратди  10

Алишер Никимбаев: «Қатарда узоқ вақт ишламоқчиман» Янгиликлар

Алишер Никимбаев: «Қатарда узоқ вақт ишламоқчиман»

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев Қатар футбол ассоциациясида иш бошлади.

Ҳамюртимиз ва мамлакат ФА ўртасида тузилган бир йиллик шартнома муддати ўзаро келишув асносида узайтирилиши ҳам  мумкин.

Маълумот учун айтиш керак, Никимбаев бунгача ОФК ва БААда фаолият юритганди. 2022 йилги ЖЧ айнан Қатарда ўтказилишини инобатга олсак, мутахассисимизнинг бу мамлакатда узоқ муддат қолишини тахмин қилиш қийин эмас.

Чунончи, футболга катта эътибор қаратилаётган мамлакатларда тажрибали мутахассисларни алоҳида қадрлашади. Ўтган ҳафта Алишер ака билан боғланиб, янги иш жойи ва режалари хусусида бафуржа суҳбатлашдик.

- Алишер ака, аввало, Қатарда ишлаш варианти қайдай юзага келгани ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз: ким таклиф қилди, вазифангиз нималардан иборат?

- Ўтган йилнинг ноябрь ойида Қатар футбол ассоциациясидан расман таклиф олдим. Унгача қатарликлар билан маълум муддат музокара олиб боргандим. Хуллас, ноябрнинг охирида шартнома остига имзо чекдим ва декабрдан ишга киришдим.

Асосий вазифам - Мусобақаларни ўтказиш бўлими техник эксперти сифатида Қатар футболига дахлдор барча ўйинларни назорат қилиш, уларни ташкиллаш жараёнида иштирок этиш. Бундан ташқари, регламент масалалари билан шуғулланаман.

Мана, яқинда «Бавария» Қатарда йиғин ўтказиб, ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Қисқаси, шу каби ва Қатар клублари ҳамда терма жамоалари иштирокидаги ўйинларни ташкиллаш, назорат қилиш менинг зиммамда.

- Шартнома бандлари қандай, федерациянинг ўзида ишлайсизми ёки...?

- 1 йиллик келишувни автоматик равишда узайтиришимиз мумкин. Албатта, Қатар ФА офисида ишлайман. Ассоциация ва Профессионал футбол лигаси  Дохадаги 40 қаватли бинода жойлашган. ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси учун ҳам айни шу осмонўпар иншоотдан жой ажратилган.

- «Бавария» билан ўртоқлик ўйинини ташкиллашда иштирок этдингизми? Умуман, шу учрашув ҳақида маълумот берсангиз. Ҳар ҳолда, «Бавария» Қатарга шунчаки, келмагандир... Қолаверса, бу ўйинда комиссар вазифасини бажарибсиз.

- «Бавария» билан тегишли компаниялар музокара олиб борган. Аслида Германия суперклуби ва Қатар аэропорти ўртасида шартнома бор. «Бавария» шу келишувга кўра, ҳар йили Қатарда йиғин ва битта «ўртоқлик» ўтказади. Бу йилги йиғини «Эспайр» академиясида бир ҳафта давом этди.

Шартномага биноан, ўртоқлик ўйини ҳам академияга тегишли машғулотлар майдонида ташкиллаштирилди. Ҳа, учрашувни назоратчи ролида кузатдим. Ўйин юзасидан саволлар етарли эди. Биринчи галда, мухлислар ташрифи бўйича муаммо юзага келди. Чунки машғулот майдонида трибуна йўқ.

Ташкилотчилар томонидан эса махсус таклифнома кўринишида 750 дона чипта чиқарилганди. Ўша куни чамаси 2-3 минг мухлис тўпланди. Қолаверса, ўйиндан кейин футболчилар билан суратга тушишни истаган фанатларга боғлиқ кичик муаммо рўй берди. Шу сабаб, ўйин шахсан мен учун яхшигина бош оғриғи бўлди.

- Қатар ФА ва ПФЛнинг функция ва мажбуриятлари биздагидан нечоғли фарқланади?

- Табиийки, Қатарда ҳам ПФЛ миллий ассоциацияга бўйсунади. Фарқи шуки, Лига раҳбари ФА вице-президенти ҳисобланади. Лекин икки ташкилот молиявий томондан мустақил иш юритади. ПФЛ йил давомида 3та мусобақа ўтказади - Юлдузлар лигаси, Лига ва мамлакат кубоги.

Тўғри, Қатар кубогида мамлакатнинг энг кучли 4та жамоаси иштирок этади, холос. Шунингдек, 23 ёшгача бўлган футболчилар учун алоҳида турнир бор ва у Қатар ФА томонидан ташкиллаштирилади. «Амир кубоги»да олий ва биринчи лига жамоалари қатнашади.

Қуйи дивизион вакиллари учун ҳам алоҳида кубок турнири йўлга қўйилган. Қатар кичик мамлакат ва ФА таркибида минтақавий федерациялар йўқ. Хуллас, ассоциация назоратидаги барча мусобақалар айнан бизнинг бўлим томонидан ташкил этилади.

- Қатар ФА қайси манба ҳисобига молиялаштирилади, Лига даромади нимадан?

- Ассоциацияни ҳам, Лигани ҳам Қатар Миллий олимпия қўмитаси молиялаштиради. Тўғри, ҳар икки ташкилотда алоҳида ҳомийлари бор. Эътиборлиси, олимпия қўмитаси бу йилдан эътиборан ҳаттоки, футболчилар маошини ҳам ўз зиммасига олмоқчи.

Чунки баъзи клублар айниқса, легионерларга вақтида маош беришда қийналмоқда. Бу ҳолат мамлакат футболининг халқаро обрўсига путур етказиши мумкин. Шуларни инобатга олган олимпия қўмитаси жараёнга аралашиб, ёрдам қўлини чўзмоқчи.

Дейлик, Санжар Турсунов худди шундай ҳолатга тушган ва у айнан олимпия қўмитаси аралашуви билан маошини олганди. Энди маош тўлови кечиктирилмайди. Ҳар ҳолда, олимпия қўмитаси анча бой ташкилот ҳисобланади.

- Бироқ клублар масъулиятни йўқотиб, олимпия қўмитасига қарам бўлиб қолиши мумкин-ку.

- Шартга кўра, клублар энди легионерларни фақат олимпия қўмитаси рухсати билан харид қилиши мумкин. Демакки, қатарликлар хориждан футболчи таклиф этиш масаласига жиддий ёндашмоқдалар.

Бу ижобий ҳолат. Масъулиятга келсак, МОҚ фақат белгиланган маошни тўлайди, мукофот пуллари эса клублар зиммасида қолади.

- Умуман, бу олимпия қўмитаси томонидан кўрсатилаётган беғараз ёрдамми ёки қарз...?

- Қарз эмас. Қайтараман, олимпия қўмитаси бақувват ҳомийларга эга, яъни ташкилотда пул бор. Айтиш жоиз, Қатар МОҚ нафақат футбол, балки бошқа спорт турлари учун ҳам катта маблағ ажратмоқда.

- Юлдузлар лигаси иштирокчиларидан бадал пули ҳам олинадими?

- Ҳеч қандай бадал йўқ. Аксинча, барча клубларга мавсум якунида Юлдузлар лигасидаги натижасига қараб, пул мукофоти берилади. Бу - Қатар жамоалари учун яратилган шароит ва имтиёзнинг бир кўриниши.

- Хўш, мамлакат чемпиони ва кубок соҳиби айнан қанча мукофот олади?

- Аниқ рақамларни айтолмайман. Чунки мукофот пули миқдори чемпионат якунида эълон қилинади. Лекин чемпион ҳам, кубок совриндори ҳам каттагина суммага эга бўлиши тайин.

- Яқин орада хорижнинг қайси жамоалари Қатарда меҳмон бўлиши мумкин? Демоқчимизки, биринчи мустақил ишингиз қачон амалга ошади?

- Иш бошлаганимга бир ой бўлди ва биринчи лига кубогида кординатор вазифасини бажаришга улгурдим. Саволингизга келсак, Кўрфаз кубоги сабаб, режалаштирилган кўплаб ўйинлар бекор қилинди. Масалан, «ПСЖ» ҳам Дохага келиши керак эди. Лекин бунга Кўрфаз кубоги халақит берди.

Хуллас, яқин орада Қатарда ўтказиладиган ОЧЛ ҳамда ОФК кубоги ўйинларида мезбон давлатнинг расмий вакили сифатида ишлайман. Дейлик, 30 январь куни «Пахтакор» ОЧЛ саралаши «плей-офф» ўйинида «Ал-Гарафа» меҳмони бўлади. Қатар ФА томонидан бу ўйинни ташкиллашга масъул сифатида тайинланганман.

Бундан ташқари, Ироқ ва Сурия клублари ОФК кубогидаги ўйинларини Қатарда ўтказади. Уларга ҳам айнан мен  масъулман. Айни пайт Суриянинг яна бир клуби халқаро ўйинларини Қатарда ташкиллаш бўйича музокара олиб боряпти. Демакки, ОФК кубоги доирасидаги 9та учрашувда расмий вакил сифатида қатнашишим мумкин.

- «Ал-Гарафа» ҳақида сўз очдингиз. Қизиқ, Уэсли Снейдер трансфери ҳам олимпия қўмитаси томонидан амалга оширилдими ёки...?

- Футболчи танлаш клуб ихтиёрида, олимпия қўмитаси бунга аралашмайди. Фақат таклиф этилган легионерни олимпия қўмитасининг алоҳида ишчи гуруҳи кўриб чиқади. Масалан, инглиз клублари ҳам хоҳлаган футболчини тўғридан-тўғри харид қилолмайди.

Бу борада Англия ФАнинг қоидалари бор. Шунинг натижасида клублар фақат Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар футболчилари ёки миллий жамоада етарли амалиётга эга ўйинчилар билан шартнома тузади. Қатарда ҳам худди шундай - фақат якуний қарор олимпия қўмитасига тегишли.

Снейдерга келсак, уни ортиқча таърифлаш шарт эмас. Шунинг учунми, олимпия қўмитаси голландиялик юлдузнинг «Ал-Гарафа»га ўтишини муҳокама ҳам қилмади. Аксинча, шартнома тузилган куниёқ махсус  тақдимот маросими ўтказиб берди.

- Айтингчи, ЖЧ-2022 ташкилий қўмитасида ҳам ишлашингиз мумкинми? Зеро, тайёргарлик жараёни билан шуғулланаётган мутахассисларнинг 90 фоизи хориждан.

- Эҳтимол. Аммо олдиндан аниқ гапиришим қийин. Қолаверса, бир йиллик шартнома билан Қатар ФАга боғланганман.

- «Аспайр» академияси бутун дунёда машҳур - даргоҳга хориждан ҳам ёш футболчилар қабул қилинади. Клублар тизимида ҳам алоҳида академия борми?

- Ҳа, албатта. Хусусан, академия тарбияланувчилари ўртасида алоҳида чемпионат йўлга қўйилган. «Аспайр» эса фақат футбол эмас, бошқа спорт турларига ҳам ихтисослашган.

- Қатарда ўйинларни ташкил этишда муаммо йўқ - барчаси юқори савияда. Лекин мухлислар ташрифи анча паст...

- Асосий муаммо - Қатарда туб аҳоли сони жуда кам. Ваҳоланки, мамлакатда 17та профессионал клуб бор. Қисқаси, аҳолига нисбатан олганда, клублар кўп.

БААда ҳам худди шундай ҳолат. Дубай ва Дохада фақат футбол эмас, дунё миқёсидаги бош мусобақалар ҳам тез-тез ўтказилади - теннис, «Формула-1»... Мана, шу кунларда Куба, Эрон, Жазоир каби мамлакат терма жамоалари иштирокида гандбол бўйича нуфузли халқаро турнир бўляпти.

Қолаверса, кўнгилочар масканлар кўп. Футболни эса уйда, телевизор орқали ҳам кўраверишади. Араблар айниқса, жазирама ёз кунлари уйларидан чиқишни эп кўрмайдилар.

- Чемпионат ўйинларига кириш тартиби қандай - чипта сотиладими ёки бепул?

- Кириш пуллик, лекин чипталар қиммат эмас. Тўғри, VIP-ложалар баҳоси бирмунча баландроқ - 100 долларгача.

- Қатарликлар «Ал-Гарафа» - «Пахтакор» ўйинига нечоғли қизиқишяпти, маҳаллий матбуотчи?

- Табиийки, қизиқиш катта. Айниқса, Уэсли Снейдер «Гарафа» сафига қўшилгач, эътибор кескин равишда ошди. Матбуотда ёзилишича, «Ал-Гарафа» Снейдер ва Теримини айнан ОЧЛ учун сотиб олган. Лекин менимча, клуб раҳбарияти таркибни чемпионатда ҳам муносиб иштирок этиш мақсадида кучайтирган.

«Гарафа» ўтган йили Юлдузлар лигасида 5-ўринни эгаллаганди. Ҳозир эса нисбатан пастроқда турибди. Демакки, клуб Снейдер ва Терими ёрдамида ички чемпионатдаги вазиятни ҳам ижобий томонга буришни кўзламоқда...

- ЎФФ ва Қатар ФА ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми доирасида шифокорларимиз Дохада бўлиб қайтишди. Яна қандай режалар бор?

- Бу саволга жавоб беролмайман. Чунки ҳужжатни имзолаш жараёнида иштирок этмаганман. Агар икки мамлакат терма жамоалари ва клублари ўртасида ўртоқлик ўйинлари ёки йиғинлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган бўлса, бу жараёнда бевосита қатнашаман.

Хуллас, қандайдир янгилик чиқса, дарҳол хабар бераман, албатта. Айтишим керак, Қатар ФА яқин орада яна бир қатор миллий федерациялар билан худди шундай меморандум имзолашни мақсад қилган...

- Қатар ЖЧ-2022гача ФИФА ва ОФК миқёсидаги яна қайси мусобақаларга мезбонлик қилмоқчи?

- Билишимча, 2021 йили Конфедерациялар кубоги ўтказилмайди. ФИФА янги турнир лойиҳаси устида ишлаяпти. Яъни Конфедерация кубоги ўрнига ёзда Клублар ўртасидаги ЖЧ ташкиллаштирилиши мумкин - кенгайтирилган шаклда.

Лекин бу турнир Қатарда эмас, бошқа давлатда ўтказилади. Катта эҳтимолки,  Хитойда. Хуллас, ЖЧ-2022гача Қатар мезбонлик қиладиган асосий мусобақа - бу Кўрфаз кубоги-2019. Ҳозирча шундай.


Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди "Интерфутбол" газетаси

Рейтинг: +25   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика