Афсонавий Рауль Гонсалес илк бор катталар жамоасини бошқаради

Sherzod Nurmatov
10 ноя 2026, 11:55
Испаниялик мутахассис Рауль Гонсалес расман "Реал Овьедо" бош мураббийи этиб тайинланди.

Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, 49 ёшли мураббий бу лавозимда 9 ноябрь куни жамоани тарк этган Хулиан Калеронинг ўрнини эгаллади. Эътиборлиси, мутахассиснинг истеъфоси "Овьедо" чемпионатнинг сўнгги турида "Кадис" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганига қарамай юз берди.

Гонсалес билан тузилган шартнома 2028 йилнинг июнигача мўлжалланган. Мадриднинг "Реал" клуби собиқ ҳужумчиси учун бу профессионал даражадаги асосий жамоа билан илк иш тажрибаси бўлади.

Бунга қадар Рауль "Реал" тизимида фаолият юритиб, ўсмирлар жамоаларини шуғуллантирган, сўнгра кетма-кет олти мавсум давомида клубнинг иккинчи жамоаси — "Кастилья"ни бошқарган. Унинг қўл остидаги мадридликлар ўсмирлар жамоаси 2020 йилда УЕФА Ёшлар Лигасида ғолиб чиққан.

Қизиқ томони шундаки, "Реал Овьедо" тизимида янги бош мураббийнинг ўғли — Эктор Гонсалес ҳам тўп тепади. У жамоанинг ўринбосарлар таркибида ҳаракат қилмоқда.

Раулнинг "Овьедо" бош мураббийи сифатидаги дебюти 14 ноябрга режалаштирилган. Шу куни унинг жамоаси Испания иккинчи дивизиони доирасида "Жирона"ни қабул қилади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: realoviedo.es

Сўнгги янгиликлар

Барча ›