"Ювентус" юлдузи жамоани тарк этмоқчи. Лойиҳага ишонмаяпти ва энг катта маош сўрамоқда
02 feb 2022 16:15
News
"Ювентус" юлдузи жамоани тарк этмоқчи. Лойиҳага ишонмаяпти ва энг катта маош сўрамоқда
Ёш Пауло Дибала "Палермо"даги ҳаракатлари билан кўпчиликнинг эътиборини тортганди. Аммо "Ювентус"даги олти ярим мавсумдан фақатгина биттасини чинакамига футбол суперюлдузи даражасида ўтказди. Пауло – ажойиб футболчи, бироқ "Ювентус" уни йўқотишдан ростан қўрққанида, янги шартнома бўйича музокаралар февралгача қолдирилмаган бўларди.
Бошқа томондан Аллегри жамоасида Дибаланинг энг яхши спорт формасидаги даражада ўйнашга тайёр футболчилар қанча? Бу савол айниқса, Кьезанинг жароҳатидан кейин "Ювентус" мухлисларини қизиқтирмоқда. 28 ёшли футболчи шартномасининг узайтирилишининг "+" ва "-"лари ҳақида сўз юритамиз.
Дибала шартномасини узайтириши учун "+"
1. "Ювентус"нинг бугунги таркибида ажралиб туриши. Турин клуби мухлислари хафа бўлишмасин-ку, аммо "Наполи"га ҳам, "Милан"га ҳам мағлуб бўлмаганига қарамай, Аллегри шогирдлари кучли футбол намойиш этяпти деб бўлмайди. Ноябрдаги "Аталанта" билан ўйиндан кейин А Серияда тўққиз учрашувлик серия қайд этилди. Бироқ "Ювентус" аввалги формасидан анча узоқлигини исботлаш учун "Рома"га қарши биринчи бўлимни кўришнинг ўзи етарли. Дибала каби ноодатий ҳаракатлар, қарорлар чиқара оладиган футболчилар керак. Пауло 7 та гол урди ва 3 та ассист қайд этди. Роналду кетгач, бу ҳар икки йўналишда энг яхши кўрсаткич ҳисобаланади.
2. Влахович билан яхши тандем ҳосил қилиши мумкин. Душан трансфер ойнасининг охирида Туринга кўчиб ўтди. Роналду билан Дибала орзулардаги жуфтлик бўла олмади, сабаби ўтган мавсум Пауло А Серияда бор йўғи 14 беллашувда асосий таркибда майдонга туширилди. Ҳозир эса Аллегри қайтди, бу Пауло учун янги имконият дегани. Мората билан жуфтликда фақат аргентиналик кўзга ташланмоқда, агар унинг ёнида Влахович каби туғма марказий форвард ва снайпер бўлса, қахрамонимиз янги даражага чиқа олиши мумкин. Агарда Дибалани текинга қўйиб юборилса, унинг ўрнини тўлдира оладиган "арзон футболчи"ни топиш деярли имконсиз. Бир йил аввал у Америка Кубоги қайдномасига ҳам киритилмаганди, ҳозир эса Месси йўқлигини билдирмаслик учун жалб этилган. Тўғри, мақтанишга арзирли натижа эмасдир, лекин унинг бугунги формасини таърифлашнинг яхши йўли.
3. Де Лигтга берилган келишув шартларини такрорлашни сўрамоқда. Дибала вакиллари сўраётган талаблар космик рақамлар эмас. Бу агенти телефон орқали Леонардо билан гаплашиб, ўзи "Барселона"дан кечирим сўраб, шартнома имлоламоқчи бўлган, лекин кейин фикри ўзгариб қолган Дембеле эмас. Француз худдики каталонияликларнинг устидан кулаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Дибала эса ёзди эркин агентга айланиши мумкинлигидан фойдаланмоқда, лекин шу билан бирга конструктив мулоқотга имкон қолдирмоқда. "Ювентус" нафақат Роналдуга йилига 31 млн евро берди, балки Де Лигтга Италиядаги илк кунларидан бонуслар билан 12 миллионга айланиши мумкин бўлган 8 млн евро таклиф қила олди. Дибала эса 7.3 миллион маош олади ва максимум бу сумма 9 млн еврогача ўсиши мумкин. Маоши бироз ошиши ва муваффақиятли ўйин эвазига бонус кўринишида яна маблағ ишлаб олиш имкониятини сўрамоқда. Мураккаб жараён эмас, "Ювентус"нинг бунга қурби етади, бироқ хоҳиши-чи?
Пауло шартномасини узайтириши учун "-"
1. Анча вақтдан буён топ клубда ҳаракат қилаётганига қарамай, Дибалага стабиллик етишмаслиги фактори ўзгарганича йўқ. Ташқи кўринишидан келиб чиқиб, Дибала йигирмадан энди ошганми ёки ўттизга яқинлашиб қолган, аниқ айтиб бўлмайди. Шу сабабли Варан ёки Облак – ветеран, уларнинг тенгдоши Пауло эса "ёш иқтидор" деган фикр онгостида қолаверадигандек. Аргентиналик анча олдин чинакам юлдуз сингари ҳаракат қилиши керак эди, лекин ҳозирча ўхшамаяпти. Скалони ўтган ёзда ортиқча ташқи таъсирсиз футболчининг ҳолатига баҳо бериши мумкин бўлган инсон эди. "Ювентус"га юзага келган мураккаб вазиятда ёрдам керак бўлган бир паллада Дибаладан ёрқин ҳаракатларни мухлислар кутди, аммо кўра олмади. Январь ойидан то апрелга қадар жароҳат бўлгани ёдингизда бўлса, соғ-саломатлигида ҳам Пауло бир ёрқин, бир омадсиз ўйин кўрсатмоқда. Ўтган мавсум у чемпионатда 4 та гол ва 3 та ассист қайд эта олди.
2. Футболчи "Ювентус"нинг келажагига, клуб лойиҳасига шубҳа билан қарамоқда. Дибала сўнгги вақтларда интервьюларда кескин фикрларни яширмаяпти. Нафақат жамоадошларини танқид қилди, балки Аллегри футболини ҳам аяб ўтирмади. Шу ўринда мураббий ва футболчи ўртасидаги муносабатлар қай даражадалиги борасида саволлар пайдо бўлган. Бироқ якунланаётган келишувни узайтиришдан бош тортиш – яққол белгидек. Пауло ҳозирда Аллегри ва Аньелли "Ювентус"ига ишонмаяпти. Келажаги ўзи учун мавҳум ҳисоблоанган клуб билан узоқ муддатли алоқани имзолашга шошилмаяпти.
3. Жамоани қайта қуриш вақти келган. Дибала – ностандарт футболчи ва уни исталган тактик схемага киритиш осон бўлмайди. Фақатгина унга буткул эркинлик берилсагина муаммо бўлмайди. Шу билан бирга Пауло доим ҳам бу каби эркинликнинг қадрига етмайди. Ёрқин мавсумдан кейин у голлар борасида ҳам, ассистлар бўйича ҳам 3 - 8 интервалидаги кўрсаткич билан чекланиши мумкин. Бу каби футболчига катта маош берган маъқулми ёки ҳужумни тўлиқ Влахович атрофида қуриб, қанотларда уни Куадрадо ва ёзда сафга қайтгач, Кьеза қўллашидан умид қилган тўғрироқми? Дибала ўзининг атрофида қурилган жамоа билан ЕЧЛ финалигача етиб бора оладиган фигурага унчалик ўхшамайди. У янги Платини эмас. Аньелли аргентиналикни "Барселона" 120 млн евро таклиф қилаётганида қўйиб юбориши мумкин эди. Энди эса тўп Дибала томонида ва футболчининг ўзи якуний қарорни қабул қилиши зарур.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments