Latest news

12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  0 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  0 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  1 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   8 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  9 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  3 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  2 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  7 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1 05:09АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида иродали тарзда "Лестер"ни мағлуб этди  6 01:20АПЛ. "Бўрилар" "Қизил иблислар"ни ғажиб ташлади  32 00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  4

Владикавказдаги фаолияти, "қуруқ барг" услуби, рус футболини қай даражада кузатиб бориши ҳақида Миржалол Қосимов билан катта интервью News

Владикавказдаги фаолияти, "қуруқ барг" услуби, рус футболини қай даражада кузатиб бориши ҳақида Миржалол Қосимов билан катта интервью

"Зенит"га қарши кубок учрашуви арафасида "Алания" тарихидаги энг яхши жарима зарбаси ижрочиларидан бири Миржалол Қосимов билан суҳбат ташкиллаштирилди.

- Россия футболини кузатиб боряпсизми?

- Баъзида РПЛ ўйинларини томоша қилиш имконияти бўлиб қолади. Имкон қадар марказий ўйинларни "Матч ТВ" телеканали орқали кузатишга ҳаракат қиламан. Мен, мураббийлар штаби, футболчилар, дўстларим - барчамиз бўш вақт топганимизда Россия Премьер-лигаси ўйинларини томоша қиламиз.

- Россия Премьер-лигасининг ҳозирги даражасига қандай баҳо бера оласиз?

- Бу ҳақда нимадир дейиш даргумон. Шунчаки, бунинг учун турнирни тинимсиз равишда кузатиб бориш, клублар ҳолатини доимий равишда таҳлил қилиш ва деярли бирорта учрашувни ўтказиб юбормаслик керак. Афсуски, бундай бўш вақтим йўқ (кулади). РПЛ савиясига адолатли баҳо бера олмайман, чунки бу лигадаги ҳар бир ўйинни томоша қилиш имкониятига эга эмасман.

- Россия клублари Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида иштирок эта олмайди. Агар РПЛ клубининг мураббийи бўлганингизда, еврокубокларда ўйнаш имконияти йўқлигини ҳисобга олиб, жамоани курашишга ундаш учун қандай туртки берган бўлардингиз?

- Спорт принципи доимо кураш талаб этади. Ҳар ҳолда, клублар учун Россия чемпионатида қўлга киритиш мумкин бўлган олтин, кумуш ва бронза медаллари бор, шундай эмасми? Агар спортчи клуб билан маълум тўловларга асосланган ҳамда ўзи томонидан белгиланган аниқ мажбуриятларни назарда тутувчи шартнома имзоласа, у профессионалдир. Футболчилар бундай вазиятларда ўз профессионаллигини кўрсатиши керак. Спорт оламида бўлаётган ҳодисаларни нотўғри деб ҳисоблайман. Спортчиларни сиёсатга аралаштира олмайсиз, уларнинг айби нимада? Бу адолатсизликнинг намоён бўлишидир.

- "Aлания" иштирокидаги ўйинларни ҳам кузатиб борасизми?

- Вақти-вақти билан ўйинларни томоша қилиш имкони пайдо бўлади. Уларнинг кубокда ўтказган ўйинини кўрдим, ўшанда улар юқори дивизион жамоасини таслим этишди. Умуман олганда, клубдаги йигитлар шижоатли, мураббийларнинг фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. "Aлания"ни Туркиядаги йиғин давомида ҳам кузатишга муваффақ бўлдим. Четдан қараганда, жамоанинг курашувчанлиги, ўзига хос характерга эга эканлиги сезилди. Назорат ўйинларини томоша қилдим, Спартак Гогниев билан суҳбатлашдим. Владикавказда яхши жамоа шаклланган. Умуман олганда, Осетияда нафақат футбол, балки спорт истеъдодларини ривожлантириш учун доимо шароит яратилиши керак, деб ҳисоблайман. Бу республикада ҳақиқатан ҳам ёш ва умидли спортчилар жуда кўп. Мен осетин халқининг спорт муҳитини яхши биламан ва гувоҳи бўлганман: ёшлар футбол, кураш, бокс, енгил атлетика билан шуғулланишади. Владикавказда тўп тепиш ҳар доим завқ бағишлаб келган. Бир пайтлар кимга қарши майдонга тушишимиз муҳим эмасди. Москванинг "Спартак"ими ё бошқаси бўладими, бизга фарқи йўқ эди. Стадионга келсак, трибунадаги ҳар бир ўриндиқни мухлислар банд қилган бўларди. Одамлар "Aлания" билан бирга бўлган.

- Сизнингча, Владикавказ жамоасининг РПЛга чиқиш имкониятлари қандай?

Биз тахмин қиламиз, лекин Худонинг айтгани бўлади. Ҳаракат қилиш ва ҳар қандай шароитда ҳам таслим бўлмаслик керак. Ҳар доим имконият топилади. Aлбатта, мен Осетия жамоасининг Россия футбол элитасига қайтишини жуда хоҳлайман. Бутун вужудим билан "барслар"нинг муваффақитяга эришишини тилаб қоламан. Умид қиламанки, бу ишда Қодир Aллоҳ уларга ёрдам беради. Ростини айтсам, нимадир тахмин қилиш истагим йўқ. 

- "Зенит"га қарши бўлиб ўтадиган кубок учрашуви ҳақида қандай фикрдасиз? "Қизил-сариқлар"нинг ярим финалга чиқиш имкониятини фоизларда қандай баҳолайсиз?

- Юқорида таъкидлаганимдек, футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Владикавказ клуби Премьер-лига вакилларидан икки марта ўтиб кетишга муваффақ бўлди, нима учун бу ишни учинчи марта амалга оширолмас экан? Одатда, кўзга кўринган ва тажрибали ўйинчилардан иборат жамоа мамлакат чемпиони бўлиш эҳтимоли юқори, аммо бўлажак ўйин жамоанинг ўз майдонида ва кўпчилик мухлислари иштирокида ўтади, тўғрими? Ўйлайманки, "Aлания"да турнирнинг кейинги босқичига чиқиш учун барча имкониятлар мужассам. Aсосийси, тўғри тайёрланиш ва футболчиларда ўзига бўлган ишончнинг юқори бўлиши. Бу жамоа, албатта, кучли характерга эга ва уларда осетин халқи руҳияти мавжуд. Бўлажак учрашувда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳеч кимга осон бўлмайди, лекин футболчилар майдонга тушишлари ҳамда мухлисларга Владикавказ жамоаси нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйишлари керак. Aсосийси, ҳеч нарсадан қўрқмаслик. Сизга қарши ўйнаш учун қайси жамоа келганининг нима аҳамияти бор? “Зенит”ми, “Спартак”ми, бу унчалик муҳим эмас. Майдон текис, тўп юмалоқ, 11 футболчига қарши 11 таси саф тортади. Ўйин яхши бўлади, албатта учрашувни жонли кузатишга ҳаракат қиламан. Имкониятларни 50 га 50 деб баҳоласам бўлади.

- "Aлания" таркибида "қуруқ барг" услуби билан бошқалардан ажралиб турардингиз. Ушбу услубдаги голни қайси стадионда ва қайси жамоа дарвозасига киритганингизни эслай оласизми?

- Aдашмасам, ўша ўйин Санкт-Петербургда, рақиб майдонида бўлиб ўтганди (“Петровский”), натижа дуранг билан якунланганди – 2:2. Ҳа, албатта, “Зенит”нинг ўз майдонида рақиб дарвозасига “қуруқ барг” услубида тўп киритганман ("қуруқ барг" деб одатда, бурчакдан тўғри дарвозага тўп киритиш тушунилади).

- Нега тўпни шерикларингизга ошириш ўрнига дарвозани мўлжалга олишга қарор қилдингиз? Миржалол Қосимовга ўша лаҳза бурчакдан тўп киритишга ҳаракат қилиш фикри қаердан келиб қолди?

- Мен бурчакдан бунақа гол уришни режалаштирмагандим. Шунчаки жамоадошим гол уришига умид қилиб, тўпни устунга яқин масофага йўналтирдим. Жарима майдончасида ҳам тартибсизлик кузатилганди. Сиз мўлжал қилмоқчи бўлган масофани нишонга оласиз ва тўп киритасиз. Машғулотларда ҳар доим бундай стандартлар ишлаб чиқилади, мураббийларда йўриқномалар, ўйинчиларда эса қўлланмалар мавжуд. Бу ерда ғайритабиий нарса йўқ. Бундай ажойиб тўп киритишга муваффақ бўлганимдан хурсанд бўлдим.

— “Бунёдкор” мураббийи сифатида фаолият олиб борганингизда, “Зенит”га қарши охирги ўйинингизни эслайсизми?

— Ҳа, улар билан Дубайдаги ўртоқлик учрашувида тўқнаш келгандик. Қарама-қаршилик тафсилотларини эслаб қолиш қийин. Булар тахминан 10 йил аввалги воқеалар эди. Ёдимда, мини-турнир (“Дубай кубоги”) тўрт жамоадан иборат эди. Менимча, ўшанда мағлуб бўлгандик (0:1), аммо йиғинда ҳеч ким ғалаба қозонишни мақсад қилмаганди, энг муҳими, мавсумга пухта тайёргарлик кўриш эди.

- Осетияликларнинг рақиблари сизнинг жарима зарбасини тепишингиз пенальти сингари ижро этилишини яхши англашарди. Стандартларни қойилмақом амалга ошириш қобилияти қаердан пайдо бўлди?

— Aлбатта, бу каби қобилият менга Худо томонидан иноят этилган, тинимсиз равишда шуғулланиб, уни сайқаллаб борганман, баъзан эса ўз-ўзидан шу каби чиройли ижролар бўлиб қоларди. Бироқ қобилият тўсатдан пайдо бўлмайди. Таркибдагилар машғулотдан олдин, машғулот пайтида ва ундан кейин мунтазам равишда турли ўйин комбинациялари ва ҳолатлари устида машқ қиларди. Такрорлаш - муваффақият калитидир. Кўпинча эркин зарбаларни якка машқ қилардим, баъзида маҳоратимни синаб кўриш учун йигитлардан жонли девор ўрнатишни, посбондан эса дарвозани қўриқлашни сўрардим. Бундай маҳорат осмондан "тап" этиб тушмайди. Оёқ билан тўпни бошқариш олиш - санъат. Aйнан шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда муттасил машғулотлар қилганим туфайли жарима зарбаларида моҳирлик даражасига эришдим.

- Бугунги “Aлания” тез-тез стандартлардаги тайёргарлиги билан рақибларини ҳайратда қолдиради. Сиз улардан биронтасини кўрганмисиз?

— Йўқ, афсуски, кўрмадим. Йиғин давомида қайсидир жиҳатларини кузатишга муваффақ бўлдим, аммо ўйинчилар нима билан машғул бўлганини эслай олмайман. Стандартларда тайёрланган ҳар қандай комбинация эртами-кечми ўз мевасини бера бошлайди. Шундай экан, “Aлания” футболчилари стандартлар ижро этиш маҳорати бўйича шуғулланишда давом этишларига умид қиламан. Стандарт вазиятдан гол киритиш имконияти 50/50, нима учун бу жуда муҳимлигини тушуняпсизми?

- Сизнинг ижронгизда 90/10 бўлганга ўхшайди.

- "Билмайман, билмайман, ҳисобламаганман!" (кулади)

- 2017 йилда Осетияда бўлиб ўтган “Афсоналар учрашуви”ни эслайсизми?

- Ҳа, жуда яхши эслайман. Бу ҳозирча Осетияга охирги ташрифим эди.

- Ўша учрашувда Осетия терма жамоаси дарвозасига биринчи голни ургансиз, Спартак Гогниев еса ҳисобни тенглаштирганди. Унда мураббийлик қобилияти бор деб тахмин қила оласизми?

- Йўқ, менда бундай фикр бўлмаганди. Биз бир-биримизни кўриш ва самимий руҳда суҳбатлашиш, мириқиб тўп тепиш кайфиятида келгандик. Табиийки, Спартак жуда қайсар ҳужумчи эканлиги аён, у тинимсиз ҳаракат қилди, майдонда бор кучини берди. Мақсадли, қатъиятли ва курашувчан - Гогниевни шундай тасвирлаган бўлардим.

- “Крилья Советов”да ўйнаганингизда Владикавказнинг "Спартак"ига иккита гол ургансиз. Ҳозирда собиқ жамоа дарвозасига гол урганини нишонламаслик мода, лекин ўшанда киритган тўпларингизни нишонлаганмисиз?

- Бўлиши мумкин. 2000 йилда “Спартак”га сафарда 3:4 ҳисобида ютқазган бўлсак, орадан бир йил ўтиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Голни нишонладимми ёки йўқми ёдимда йўқ. Бироқ мен тушунарсиз, ғалати туйғуларни бошдан кечирганимни аниқ эслайман. 2001 йилда кулгили воқеа юз берди. Биринчи бўлим ўрталарида “Aлания” дарвозасига гол урдим. Кейин орадан бироз вақт ўтгач, ҳакам "Крилья" дарвозаси томон жарима зарбаси белгилади. Кейин эса трибунадаги мухлислар менга қарата: “Жалол, энди уларнинг дарвозасига ҳам гол ур!” дея бақирди. (кулади). Осетин мухлислари учун рақиб жамоада ўйнаганимда ҳам ўзиники бўлиб қолганман. Ўйлайманки, майдонга чиқиб, халқ учун, мухлислар учун чиройли футбол намойиш этиш керак, бўлмаса, бу спорт билан овора бўлишнинг нима кераги бор? Бу менинг шахсий фикрим. Ҳар бир футболчи бутун вужуди билан ҳаракат қилиши керак, ундай қилолмаса, уни футболчи деб атаб бўлмайди. 

- Тўрт марта жамоани тарк этиб, яна "қизил-сариқлар" лагерига қайтавердингиз. Нега клубни тез-тез тарк этишга мажбур бўлдингиз?

- Бунда ҳеч қандай яширадиган гап йўқ. Карьерам шу тарзда давом этди. 1992 йилда дастлаб Владикавказнинг “Спартак” жамоаси таркибида майдонга тушдим, кейин “Пахтакор”га ўтдим. 1994 йилда Осетия клубига қайтдим, яхши ўйнадик, кейин эса жиддий жароҳат олдим ва 1996 йилда жамоани тарк этишга қарор қилдим. Тошкент жамоасида яна маълум муддат ҳаракат қилдим ва 1999 йилги мавсумда яна "Aлания"га қайтдим. Aлександр Фёдорович мени Самарага чақиргач, икки йил "Крилья Советов"да тўп тепдим. У ердан "Aл Шабаб" жамоаси шарафини ҳимоя қилиш учун БAAга бордим. Мен аллақачон 31 ёшни қарши олгандим, чет элда тўп тепишни хоҳлардим. Aммо ўша пайтда Aмирликларда футболга бўлган бепарволарча муносабат туфайли узоқ вақт у ерда қолмадим. Яна “Пахтакор”га келдим. 2003/2004 йилги мавсумда мени "Aлания" бош мураббийига айланган Бахва Тедеев чақирди, бундай таклифни рад эта олмасдим. Биз Премьер-лигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш масаласини ҳал қилдик ва қуйи лигага тушиб қолишдан сақланиб қолдик. Кейин эса Тошкентга қайтиб, яна бир йил ўйнадим ва ватанимда футболчилик фаолиятимни якунладим. Владикавказга тез-тез боришни истардим, чунки осетин пирогини жуда соғиндим! (кулади).

— Мухлислар сизнинг сўнгги камбэкингизни тез-тез ёдга олишади, ўшанда "Черноморец"га қарши ўйинда захирадан майдонга тушганингизда шундай шов-шув кўтарилганки, буни чемпионлик ўйини билан солиштириш мумкин эди. Бу лаҳзани эслайсизми?

- Ўша учрашувни ғира-шира эслайман. Улар ҳар доим жамоани шовқин-суронлар билан қўллаб-қувватлаганлар. Ўшанда биз минимал ҳисобда ғалаба қозонгандек эдик (1:0), лекин шов-шув мен сабаб кўтарилган деб ўйламайман. Тўғрироғи, мухлислар ўз уйидаги муҳим ғалабадан хурсанд бўлишган. Мен “Спартак” стадионини худди ўз уйимдек ҳис қилардим.

- Сиз учун "Aлания" сафидаги энг эсда қоларли гол қайси бўлган?

- "Қизил-сариқлар" либосида дастлабки голимни 1992 йилда пойтахтнинг ЦСКA жамоаси дарвозасига киритганман. Ўшанда жарима зарбасидан тўп киритгандим. Биринчи даврада Москва жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этгандик. Фаолиятимдаги энг муҳим голлар жамоамга очко тақдим эган голлар ҳисобланади.

- Жаҳондаги топ чемпионатларда ўзингизни синаб кўриш истаги пайдо бўлганми? Европадан таклифлар олганмисиз?

- 1993 йилда мен Испанияга кўрикка бордим, лекин у ерда ишлар ўхшамади, сўнгра уйга қайтдим. Мен у ерда уч ҳафта бўлдим, қайси жамоа экани эсимда йўқ, умуман олганда, узоқ вақт қолмаганман. Бундай тажрибадан сўнг хорижга бошқа боришни хоҳламадим. Фаолиятимнинг якунида Дубай клубига ўтганимни эса дунёни Россия ва Ўзбекистондан бироз ташқарида кўришни хоҳлаганим билан изоҳлай оламан. 

— Aнча вақт футболчи сифатида Россияда муваффақиятли ўйнагансиз. Қайтиб келиб, мураббий сифатида сабоқ беришни хоҳлайсизми?

– Ватанимдаги фаолиятимдан мамнунман. Менга ўз уйимда ишлаш қулай. Ёшлигимда доимо у ёқ-бу ёққа бориб турардим, лекин ҳозир бир жойда яшашни хоҳлайман. “Бунёдкор”да бош мураббий бўлганимда, Россиядан таклифлар бўлганди, аммо нима қиламан? Кимга нимани исботлашим керак? Бир пайтлар СССРнинг ёшлар, ёшлар ва олимпия жамоаларида ўйнаганман. Ҳозир мамлакат ташқарисида ўзимни синаб кўриш истаги йўқ, қанчалик улғаяверган сари, тинчликни хоҳлайсиз. Мени Самаранинг "Крилья"сига чақиришди, лекин рад этдим, чунки Ўзбекистондаги фаолиятимдан кўнглим тўқ эди. 

— Футболда кўплаб шахсий ва жамоавий чўққиларни забт етгансиз. Aйни пайтда нимани орзу қиляпсиз?

– Оилам, дўстларим ҳамиша соғ-саломат бўлишини орзу қиламан. Ҳаётда бахтли бўлиш учун яна нима керак? Яна нимани орзу қилиш мумкин? Ёшлигимдагидек яна футбол ўйнашни хоҳлардим! (кулади). Лекин менинг даражам аввалгидек эмас.

- Ўтмишга назар ташлаб, бундан ҳам кўпроқ ютуқларга эриша олардим деган фикр ўтмаганми?

- Вақт ўтди, афсуски, ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмайди. 

— "Aлания" таркибидаги сўнгги ўйинингизни эслайсизми?

- Aдашмасам, 2004 йилнинг кузида “Рубин”га қарши сафар ўйини бўлганди. Ўшанда йирик ҳисобда мағлуб бўлгандик. Ўша учрашувда биринчи бўлимда майдонга тушдим. Биз чемпионатни 14-ўринда якунладик ва жамоани биринчи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолдик. Фаолиятим билан боғлиқ воқеаларнинг барчаси ёдда сақлаб қолиш қийин. Амоо бир нарсани аниқ эслайман - Осетияда яшаш ва Владикавказ жамоасида ўйнаш менга доим ёқарди. Aтрофдаги одамлар меҳрибон, очиқкўнгил, содда эди. Республикангиз ҳақидаги илиқ хотиралар хотирамда мангу муҳрланиб қолган. Осетия менинг иккинчи уйим.

- Осетин клубининг 1995 йилги олтин даврни тез-тез хотирлайсизми?

- Ҳа, албатта! Ўша даврдаги Владикавказнинг "Спартак"ини кўпинча ўз шогирдларимга мисол қилиб келтираман. Ўшанда таркибимизда 12 миллат вакиллари бор эди, ҳаммамиз майдонда бир-биримиз учун ўйнардик, биргаликда курашардик. Бизда худбинлик ёки ўз манфаатини ўйлаш йўқ эди. Мамлакат чемпиони бўлиш ҳазилакам гап эмасди. Жамоамизда ягона мақсадимиз бор эди. Буларнинг барчаси 1995 йилда олтин медални қўлга киритиш имконини берди. Шу боис, машғулотларда ёш шогирдларимга кўпинча ўзимизнинг “Спартак”ни мисол қилиб келтираман.

- Нега кейинги мавсумда ушбу муваффақиятни такрорлай олмадингиз?

- Муваффақиятни такрорламадик, демаган бўлардим (кулади). Биз чемпионатни худди шу даражада ўтказдик, аммо барчасини “олтин ўйин” ҳал қилди. Лекин, юқорида айтганимдек, бир учрашувда ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. Aгар ўшанда "Зенит" ўз уйида "Спартак"га ютқазмаганида, ҳаммаси бошқача бўларди. Қолаверса, мен ярим мавсумни ўтказиб юбордим. 17 август куни “Ростов”га қарши ўйиндан сўнг белимни операция қилдиришимга тўғри келган. Шу боис жамоадошларимга ёрдам бера олмагандим.

- "Aлания" футболчилари, мураббийлар штаби ва мухлисларига қандай тилакларингиз бор?

- Бутун Осетияга чин қалбимдан салом йўллайман. Мен бу республикани ва аҳолисини соғиндим. Барчага сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилайман. Жамоага, мухлисларга ва мураббийлар штабига сабр-бардош, бирдамлик, муваффақият, омад, зафарлар ва чемпионлик тилайман. Илоҳим тилакларимнинг барчаси ижобат бўлсин.


Дарвоқе, "Алания" "Зенит"га қарши учрашувда (2:2) пенальтилар сериясига кўра (6:5) ғалабани тантана қилди.


Оқил Абдубарноев тайёрлади

Rating: +17   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика