Latest news

01:41Паоло Мальдини: "Роналду – топ ўйинчи ва кучли шахсият, аммо мен Мессини афзал кўраман"  6 01:05Лукакунинг янги клуби деярли маълум  0 00:29Ўртоқлик учрашуви. "Дўстлик" Тожикистон Олий лигаси жамоасини мағлуб этди  0 23:55Ўртоқлик учрашуви. "Навбаҳор" "Хоразм"ни минимал ҳисобда таслим этди  0 23:40Қозоғистон Лига кубоги. "Турон" ва "Ордабаси" ўртасидаги ўйинда жанговар дуранг қайд этилди  0 23:27"Тоттенхэм" 60 млн фунтлик ўйинчисини Саудия Арабистонига қўйиб юборишга тайёр  0 22:47Расман: Санжар Қувватов "Нефтчи"ни тарк этди  9 22:39Ўртоқлик учрашуви. "Пахтакор" Чераннинг голи эвазига "Қўқон-1912"ни мағлуб этди  8 22:30Назорат учрашуви. "Бунёдкор" "Арал"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  3 21:58МЮ товон пули 60 млн евро бўлган испаниялик хавбекка қизиқмоқда  1 21:32"Ман Юнайтед" Маунтни сотишни режалаштирмаяпти. Хавбек янги мавсумда ўзини кўрсатмоқчи  1 21:06"Mirabror Usmanov Cup-2024". Ўзбекистон Қирғиз Республикасини мағлуб этди, Нишоновдан хет-трик!  3 21:01Фюллькруг Ла Лига гранди сафига ўтиши мумкин  1 20:27Назорат учрашуви. "Андижон" ва "Қизилқум" ўртасидаги ўйинда 4та гол урилди  7 19:59"Фенербахче" "Севилья" билан Юссеф Эн-Несири трансфери бўйича келишувга эришди, аммо...  1

Уругвай - Ўзбекистон учрашуви ҳақида News

Уругвай - Ўзбекистон учрашуви ҳақида

Биз учун тарихий ўйинга айланган учрашув кутилганидек Уругвайнинг ғалабаси билан тугади.

Уругвай учун мундиал олдидан расмий машғулот вазифасини бажариши лозим бўлган баҳсда - Ўзбекистон терма жамоасининг кучли рақиблар фонида қандай салоҳият ва потенциалга эга эканлигига яна бир бор амин бўлдик.

Ўзбекистон терма жамоаси халқаро ўртоқлик учрашувлари доирасидаги энг кучли ва қийин рақибга қарши меҳмонда, Уругвай учун тарихий "Сентенарио" стадионидаги хайрлашув учрашувида муносиб қаршилик кўрсатди. Ўйинни жуда яхши бошладик. Кападзе терма жамоамизнинг устунлик тарафини ҳисобга олган ҳолда, тўп назорати ва қисқа паслар орқали ўйинни қуришга ҳаракат қилди. Ҳамробеков, Ғаниев, Сидиқов учлиги марказда дастлабки 30 дақиқа жуда совуққон ва хотиржам ўйнади. Қисқа паслар орқали ҳужумга ўтишга уринишлар амалга оширилди. Аммо қанотлар кутилганидек ҳужумга фаол ишламади. Ҳужумга қўшилишда ҳар иккала қанот вингерлари пассив ҳаракат қилишди. Натижада ҳужумда вазият яратишда муаммоларга дуч келдик. Лекин Уругвайдек жамоага қарши ўйинда ҳужумга ўтишга бўлган уринишларниёқ алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ҳар ҳолда Осиё грандларига қарши охирги йиллари шунчаки тўпни теп, югур услубидан воз кечилди. Марокаш, Сенегал, Уругвай сингари рақибларга қарши ўша қўрқоқ услубдан воз кечилишиёқ олдинга ташланган қадам.

Тўғри, учрашувда хатолар кузатилди. Лекин қўпол позицион хатолар эмас, балки техник хатолар учради. Айнан Сидиқовнинг майдон марказидаги техник хатосидан кейин биринчи гол вужудга келди. Голга қадар эса жамоа хотиржам, совуққон футбол намойиш этаётганди. Ўша вазиятда терма жамоамиз ҳужумга ўтаётганда, Сидиқов тўпни кўпроқ ўзида сақлаб қолиш натижасида кутилмаганда техник хатога йўл қўйди. Ҳимоячилар эса ўз ҳудудларига қайтишга улгуришмади. Луис Суарес эса узилиб қолган ҳимоя чизиғини биргина аниқ узатма билан бутунлай кесиб юборди.

Сидиқовнинг техник хатоси ва ўтказиб юборилган голдан кейин жамоанинг кайфияти тушиб кетди. Чунки кучли рақибларга қарши одатда кучсиз жамоалар биринчи голга қадар муносиб қаршилик кўрсата олишади. Буёғи эса руҳият билан боғлиқ масала. Голгача нафақат жамоа, балки Жавоҳир Сидиқов жуда яхши ўйнаётганди. Айниқса Сидиқов жуда фаол ва ҳужумларни ташкил этишда жонбозлик кўрсатаётганди. Хато Сидиқовни ўйинини издан чиқарган бўлса, гол бутун жамоа руҳиятига таъсир кўрсатди.

Шундан сўнг ҳимояда техник хатолар бироз кўпайди. Аммо иккинчи темпда хавфни бартараф этишга улгурдик. Маълум вақт ўтгач жамоамизнинг ўйини яна изга тушгандек бўлди. Аммо тўпни фақат майдон маркази ёки ўзимизни ҳудудимизда назорат қилдик. Ҳужумга ўтишда боғламлар бир текис ишламагани ва ғоя камлиги тўсқинлик қилди. Айнан олдинги чизиқда жамоа нималар билан машғул бўлиши, ҳужумни қандай ташкил этиш борасида тасаввурлари камлик қилди. Бу ерда рақибнинг номи ва кучи ҳам футболчиларга руҳан таъсир қилганини қўшимча қилиш лозим.

Иккинчи гол ҳам яна техник хато туфайли вужудга келди. Яъни Рустам Ашурматов кутилмаган тасодиф эвазига тўпни қўли билан ўйнаб юборди. Ҳакам эса "нуқта"ни кўрсатди. Суарес эса "нуқта"дан адашадиган футболчи эмас.

Учинчи голни эса стандарт вазиятидан кейин ўтказдик. Кишини қувонтирган жиҳат, Уругвайга қарши баҳсда ҳимоя чизиғи позицион жуда тартибли ва ишончли ўйнади. Голлар форс-мажор, яъни техник хатолар ва стандарт вазиятларидан кейин ўтказилди. Бу кўпроқ рақибнинг номдорлиги ва кучлилиги таъсири натижасида юзага келган ҳолат.

Ҳужумда ғояларимиз жуда танқислиги ва танлов йўқлиги асосий камчилик. Айнан шу жиҳатларни панд томони шунда бўлдики, биринчи гол бўлган вазиятдан олдин Сидиқов олдинги чизиқда вариант излаб тўпни ўзида кўпроқ сақлаб юборди. Яъни, олдинги чизиқда танлов ва боғламлар ишламаётган паллада, марказдаги футболчилар тўпни йўқотиб қўйишади. Чунки бошланаётган ҳужумлар тўп ўртага келганда тўхтаётганди.

"Сентенарио"даги учрашувда голга қадар маълум муддат ташаббусга ҳам эгалик қилганимиз ёқимли ҳолат. Буни эса Уругвай терма жамоаси кутмагани аниқ. Улар Ўзбекистон фонида оддийроқ, машғулот ўтказишга мос рақибни кўришгани аниқ. Лекин жамоамиз ўз ўйини билан бизга беписанд кўз билан қарамасликларига мажбурлай олди. Ўзбекистон билан ўйин Уругвай учун шунчаки расмий машғулот эмас, балки фойдали ва жиддий ўртоқлик беллашувига айланди. Чунки Уругвайнинг мундиалдаги гуруҳдаги рақиблари - Миср, Россия ва Саудия Арабистонига боғлиқлик ва яқинлик тарафларимиз мавжуд.

Россия терма жамоасига менталитет ва услуб жиҳатдан яқинроқмиз. Миср терма жамоаси билан техник тарафлама ўхшаб кетамиз. Саудия Арабистони эса қитъдошимиз ва қарши ҳужумларга ўтишда ўхшаш тарафларимиз кўп. Шу боисдан ҳам Уругвай учун Ўзбекистонга қарши ўйин фойдали бўлди. Буни Оскар Табареснинг фикрларидан ҳам ўқиб олиш мумкин. Муҳими, биз Уругвайни ҳайрон қолдирдик.

Кишини хурсанд қилган жиҳатлардан бири - Ҳамробековнинг таянч ҳудудида ўрнатган ҳокимлиги. Ҳамробеков терма жамоамизнинг ҳақиқий таянчига айланаётганини исботлади. Буёғига Ўзбекистон терма жамоасида Одил исмли етакчилар сони яна биттага кўпаядиган.

Шундай кучли ва юлдузли терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари бизга ишонч ва совуққонликни тақдим этади. Бу каби ўйинлар кучли рақибларга қарши иммунитетимизни кучайтиради.

Кучли жамоалар фонида камчиликларимизни кўриб оламиз. Уругвай билан ўйин бизга жуда катта мактаб бўлиши шубҳасиз. Бу баҳс бизга ҳақиқий кўзгу вазифасини бажариб берди. Муҳими, керакли хулосаларни чиқариш лозим.

Кўп нарса эса келажакда терма жамоамизни ким бошқариши ва унга Темур Кападзе ҳақиқатдан ҳам ёрдамчи бўлишига боғлиқ. Агарда Кападзе янги келадиган мураббийга ёрдамчи бўлса, унда бу ўйинларнинг меваси сезилиши аниқ. Агарда Кападзедан шунчаки вақтинча шох вазифасида фойдаланиб турган бўлсак, бу номдор жамоаларга қарши ўйинлар шунчаки ҳавога учириб юборилган бўлиб қолади. Чунки янги келадиган мураббий ўз йўналиши ва ёндошувидан келиб чиқиб, барча ишни нолдан бошлайди.

Келажакда ярим ҳимоя ва ҳужум боғлами устида ишлаш борасида нисбатан кучсиз рақибларни ўртоқлик ўйинларида танлашга тўғри келади. Бу нафақат боғламларни ишга солиш учун, балки жамоанинг руҳий ҳолати, яъни ғолиблик руҳини кўтариш учун ҳам хизмат қилиши керак бўлади.

Оддий мисол, Уругвай муҳим мусобақа олдидан биз билан ўйнади. Германия эса Жаҳон чемпионатига йўл олиш арафасида бугун Саудия Арабистонига қарши ўйнайди. Сабаби аниқ.

Биз шаклланиш ва кучайиш учун нафақат кучли рақиблар билан ўйнашни, балки жаҳон тажрибасининг бу тарафидан ҳам ўрнак олишни унутиб қўймаслигимиз лозим. Ҳаммаси меъёр билан ва ўз вақтида бўлгани яхши. Бунданда муҳим жиҳат шуки, биз тезроқ янги бош мураббий борасида аниқ тўхтамга келишимиз ва Осиё кубоги учун махсус режаларни тайёрлашимиз шарт.


Шаҳбоз Беғамов

Rating: +66   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика