Latest news

21:02Икром Алибоев — Чемпионлик, қизил карточка ва Германиядан таклиф ҳақида  0 20:52Йилнинг энг яхши хорижлик футболчиси мукофоти учун номзодлар  11 20:35Элит ОЧЛ. "Насаф" ўз майдонида Ҳамробеков тўп тепаётган "Трактор"га ютқазди  124 19:58Гвардиола Родрининг аҳволи ҳақида ахборот берди  0 19:31Винисиус қишда "Реал"ни тарк этиши мумкин, унга АПЛ клублари даъвогар  2 19:03Эронлик футболчи спиртли ичимликлар ҳақидаги видео туфайли жамоа машғулотларидан четлаштирилди  1 18:29"Футбол олами". "Нефтчи" — чемпион! 29-тур ҳақида батафсил  1 18:14ЎФА делегацияси 2 декабрь куни ЖЧ қуръаси учун АҚШга йўл олади  11 17:52"Андижон"да ижарада ўйнаётган футболчига Ироқ клуби қизиқмоқда  4 17:22Манба: Ботирали Эргашев легионерга айланиши мумкин  9 16:54Леван Арвеладзе: "Про лига кучсиз кўрингани йўқ, бу лигада ҳам кўтарилиш, пасайиш даври бўлди"  0 16:28ПФЛ "Навбаҳор", ОКМК, "Сўғдиёна", "Машъал" ва "Бухоро" ареналарини Суперлига стадионлари рўйхатига киритмаслиги мумкин  4 16:05Улар ЖЧ-2026ни телевизор орқали томоша қилади. Хвича, Осимхен, Собослаи ва яна 7 юлдуз  2 15:40Хаби Алонсо "Эльче" билан дуранг ҳақида: "Биз норозимиз, чунки "Реал" доим ютишни истайди"  12 15:18Икром Алибоев: "Ўшанда "цирк" кўрсатсам бўларди, бундан жамоам ютарди, бироқ эркаклик ғурурига қарши борган бўлардим"  14

Улар ЖЧ-2026ни телевизор орқали томоша қилади. Хвича, Осимхен, Собослаи ва яна 7 юлдуз News

Улар ЖЧ-2026ни телевизор орқали томоша қилади. Хвича, Осимхен, Собослаи ва яна 7 юлдуз

Муҳими, бу ҳали якуний рўйхат эмас.

Жаҳон чемпионати саралашининг асосий қисми ортда қолди. ЖЧ-2026 иштирокчиларининг 48 тасидан 42 таси аниқ бўлиб улгурди, қолган 6 йўлланма Европадаги сараш плей-офф босқичи ва қитъалараро ўтиш ўйинлари орқали ўз эгасини топади.

Деярли 150 терма жамоа мусобақанинг финал босқичига чиқиш имкониятини йўқотган. Улар орасида кутилмаган номлар — таркибида жаҳон юлдузлари бор кучли жамоалар ҳам бор. Бу футболчилардан ҳар бири чемпионат янада ёрқинроқ бўлиши учун ўз улушини қўшиши мумкин эди, аммо энди улар ҳам миллионлаб мухлислар сингари ўйинларни телевизор орқали томоша қилади.


Европа

Душан Влахович, Сербия
Амплуаси: ҳужумчи
Ёши: 25 
Клуби: "Ювентус"

Имкониятни йўқотган термалар орасида Сербия ФИФА рейтингида энг юқори ўринга эга (37). Анчайин қаттиқ зарба, сабаби болқонликлар охирги икки мундиалда иштирок этишганди.

Бу омадсизлик янада оғриқли бўлишининг асосий сабаби серблар нафақат Англияни, балки принципиал рақиб — Албанияни ҳам олдинга ўтказиб юборишди. Бу вазиятда "бургутлар"га ўз майдонидаги 0:1 ҳисобидаги мағлубият ҳал қилувчи роль ўйнади, натижада Велько Паунович шогирдлари рақибдан 1 очкога ортда қолишди.

Мусобақада Александар Митрович ҳам, Душан Влахович ҳам бўлмайди. "Ювентус" форвардига мухлисларнинг саволлари йиғилиб қолган: у муҳим учрашувларда йўқолиб қолиши одатга айланиб улгурди. Саралашда ҳам у фақатгина Латвия ҳамда Андорра дарвозасини ишғол эта олди.


Хвича Кварацхелия, Грузия
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Ёши: 24 
Клуби: ПСЖ

Грузия Евро-2024нинг кутилмаган кашфиётларидан бўлганди — жамоа сенсацион равишда 1/8 финалгача етиб борган, Кварацхелия эса етакчилик қобилиятларини кўрсатиб, "Наполи"дан ПСЖга кўчиб ўтганди.

Бироқ жаҳон чемпионатида Грузия бўлмайди — саралашнинг олти ўйинидан бештасида грузинлар мағлубиятга учради. Ким билади дейсиз, балки Вилли Саньоль жамоасига қуръада омад кулиб боқмагандир — гуруҳда Испания ва Туркия етакчилик қилишди. Айнан шу жамоаларга грузинлар "Евро"да ҳам имкониятни бой беришганди. Кварацхелия эса жамоада 1 тадан кўпроқ гол урган ягона футболчи бўлди — дастлабки икки турда Туркия ва Болгария дарвозаси ишғол этилганди. Табиийки, бу йўлланма учун етарли бўлмади.


Доминик Собослаи, Венгрия
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Ёши: 25 
Клуби: "Ливерпуль"

Италиялик Марко Росси бошчилигида Венгрия терма жамоаси анча кучли ўртамиёна жамоага айланди ва кетма-кет уч марта "Евро"нинг финал босқичига чиқишни уддалаганди. Аммо жаҳон чемпионатлари борасида венгрларнинг иши юришмаяпти — ўз вақтида дунёнинг энг кучли термаларидан бири бўлган жамоа 40 йилдан буён мундиалга чиқа олмаяпти.

Бу сафар жамоа ўтиш ўйинларига жуда яқин эди, аммо охирги турда ўз майдонида Ирландияга имконият бой берди. Ваҳоланки, 79-дақиқада айнан Венгрия терма жамоаси 2:1 ҳисобида олдинда бораётган ва жамоани дуранг ҳам қаноатлантирар эди.

Венгриянинг узоқ йиллик етакчиси Доминик Собослаи ўша баҳснинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлди: иккинчи голдан сўнг "Ливерпуль" ярим ҳимоячиси меҳмонлар мухлисларига провокацион ҳаракатлар кўрсатди, финал ҳуштагини эса кўзида ёш билан қарши олди. Уни тушиниш мумкин: Доминик Европа саралашида учинчи энг яхши ассистент бўлган бўлсада, терма жамоа яна ЖЧга чиқа олмади.


Беньямин Шешко, Словения
Амплуаси: ҳужумчи
Ёши: 22 
Клуби: "Манчестер Юнайтед"

Словения қанчалик ёмон ўйин кўрсатмасин охирги тургача ўтиш ўйинларига илиниб қолиш имкониятига эга эди. Матьяж Кек жамоаси ўз уйида Косовони таслим қилса етарли эди, лекин имконият бой берилди ва жамоа учинчи поғонада қолиб кетди.

6 ўйинда словенияликлар бирорта ғалабага эриша олмади ва бор йўғи 3 та гол урди. Қизиғи, улардан бирортаси ҳам терманинг асосий форварди Беньямин Шешко ҳисобига ёзилмади — энди эса у ҳам, терманинг бошқа бир юлдузи Ян Облак ҳам ЖЧ-2026дан четда қолди.


Қолганлар

Серу Гирасси, Гвинея
Амплуаси: ҳужумчи
Ёши: 29 
Клуби: "Боруссия Дортмунд"

Гвинея ҳеч қачон жаҳон чемпионатларида иштирок этмаган. Бу сафар ҳам жамоа бу натижадан анча йироқ эди. Африка ғарбида жойлашган ушбу давлат саралаш гуруҳида тўртинчи ўринни эгаллади. Улар нафақат Жазоирни балки Уганда ва Мозамбикни ҳам олдинга ўтказиб юборишди. Жамоа етакчиси Гирасси ҳам ажралиб тура олмади, 8 турда 1 тагина гол.

Дортмунднинг "Боруссия"си форварди учун бу каби самарадорлик — шубҳасиз муваффақиятсизлик. Ўтган мавсум гвинеялик Чемпионлар Лигаси тўпурарлигини Рафинья билан бўлишган, Бундеслигада эса фақатгина Кейндан ортда қолганди. Мана шу вазият биргина иқтидор бутун жамоага ғалаба олиб кела олмаслигига яққол мисол бўла оладигандек. Афсуски, ЖЧ-2030гача ҳам Гвинеяда вазият кескин ўзгариб кетмаса керак.


Брайан Мбеумо, Камерун
Амплуаси: ҳужумчи
Ёши: 26 
Клуби: "Манчестер Юнайтед"

Камерун Африкадаги саралашнинг ўтиш ўйинларида Конго ДРга мағлуб бўлди. Аслида жамоа ишни бунгача олиб бормаслиги мумкин эди: гуруҳда Камерун сенсацион тарзда Кабо-Вердега етакчиликни бериб қўйди. ЖЧ дебютантларидан бири нафақат мундиалларда, балки Африка миллатлар кубоги-2025 финал босқичига ҳам чиқа олмаганди.

Энди мухлислар мундиал майдонларида Замбо-Ангисса, Онана, Балеба, Нгамалё, Абубакар ва албатта, Мбеумо сингари юлдузларни кўришмайди.


Кейлор Навас, Коста-Рика
Амплуаси: дарвозабон
Ёши: 38 
Клуби: "Пумас"

"Реал" собиқ дарвозабони ва Чемпионлар Лигасининг уч карра ғолиби саралаш босқичи стартидан аввал термага қайтганди. Мақсад — хайрлашув ўрнида ЖЧ-2026да иштирок этиш эди. 

Бироқ коста-рикаликлар омадсизликка дуч келди. Ҳал қилувчи босқич гуруҳида улар Гаити ва Гондурасдан кейинги ўринни эгаллашди. Олти турда Коста-Рика 1 тагина ғалабага эришди ва қаторасига уч марта мундиалларда иштирок этган бўлсада, бўлажак мусобақани ўтказиб юборадиган бўлди. Жуда катта эҳтимолки, кейинги саралашда терма жамоа дарвозасини Навас эмас, бошқа кипер қўриқлайди.


Пьер-Эмерик Обамеянг, Габон
Амплуаси: ҳужумчи
Ёши: 36 
Клуби: "Марсель"

Агарда Мбеумо Камерун билан ЖЧ-2022да иштирок этган ва яна тўрт йилдан кейин мундиалга чиқиш учун имконияти бўлса, 36 ёшли Обамеянгда бундай имкон бўлмайди.

"Арсенал" собиқ форварди аслида бу саралашда ҳам ўйнамаслиги керак эди — у 2022 йил баҳорида халқаро фаолиятини якунлаганди. Аммо Габонни дебют жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун термага қайтганди.

Саралашнинг ёрқин ўйинларидан бири — Гамбия билан 4:3, "қария" бу баҳсда покер қайд этганди. Бироқ бу фақатгина ўтиш ўйинлари учун етарли бўлди — у ерда, ярим финалда Нигерия Габонни ўйиндан чиқариб юборди, Обамеянг эса катта эҳтимол орзуси билан хайрлашди. Яна тўрт йилдан кейин у 40 ёшда бўлади.


Виктор Осимхен, Нигерия
Амплуаси: ҳужумчи
Ёши: 26 
Клуби: "Галатасарой"

Нигериянинг омадсизлиги — Африка қитъасидаги саралашнинг энг кутилмаган натижаларидан бири. Қитъанинг рейтинг бўйича 5-жамоаси ўтиш ўйинларига ҳам етиб боролмади.

Нигерия устози рақибни сеҳр қилишда айблагани ҳақида ҳали ўқимаган бўлсангиз, ҳал қилувчи баҳс ва пенальтилар серияси ҳақида батафсил ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин. 

Осимхен учун бу натижа — шаҳсий омадсизлик ҳам. ЖЧ-2018да у таркибга киритилмаганди, тўрт йил ўтиб, Нигерия қитъалараро ўтиш ўйинида қоқилганди. Форварднинг мундиаллардаги дебюти 2030 йилда, Викторнинг ўзи 31 ёшдалигида амалга ошадиган кўринади. Лекин уёғи энди бошқа мақола.


Алексис Санчес, Чили
Амплуа: ҳужумчи
Ёши: 36 
Клуби: "Севилья"

Санчес — 2010 йилларда Чилининг гуллаган даврининг тимсолларидан ҳисобланади. Ўша терма жамоа қаторасига икки бор Америка Кубогида ғолиб бўлганди. Алексис Чили таркибида ўйинлар ва голлар сони бўйича рекордчи ҳисобланади.

Бироқ ҳозир жаоа ўтиш даврини бошдан ўтказмоқда ва Алексис, Видаль ҳамда Варгасга муносиб ўринбосарлар ҳали тайёр бўлиб улгурмади. Бунинг оқибатида натижа ҳам бошқачароқ — — Жанубий Америка саралашида охирги ўрин. Тажрибали мухлислар яхши билишади, бу қитъадан ЖЧга тўғридан-тўғри йўл олиш учун 10 жамоа ичида ТОП-6га кириш кифоя.

Санчес мунтазам равишда жароҳатлар билан қийналмоқда ва шу сабаб терма жамоада асосий фигура бўлмай қолган, охирги бир ярим йилда 2 та ўйинда иштирок этди. Алексис қанчалик хоҳламасин, яна мундиал ўйинларида кўришимиз мушкул вазифа, сабаби 2030 йил ёзида Санчес 41 ёшда бўлади.

Rating: +2   

Comments

   
24 nov 18:58:30
Umida Alimova
Orqalaringga qarab fol ochmanglar. Qattan bilasilar balki Amerikaga borib osha yerda 1 oy stadiondan jonli tomosha qilishar. Axir klublar tatilga chiqishadiku. Uni orniga soddagina qilib JCh da qatnashmaydigan futbolchilar deb yozilar
   
24 nov 16:11:00
ishonch
МДҲда кўп эҳтимол Ўзбекистон жаҳон чемпионатига боради, Украина чиқиш эҳтимоли жуда кам. Олға Ўзбекистон, руслар ўзбекларни уйда кузатади.
championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика