Темурхўжа Абдухолиқов: "Ал Ҳилол"дан аламимизни олишга ҳаракат қиламиз"
05 may 2016 02:15
News
Темурхўжа Абдухолиқов: "Ал Ҳилол"дан аламимизни олишга ҳаракат қиламиз"
"Раҳбарият томонидан олдимизга қўйилган минимум вазифа бажарилди. Гуруҳдан чиққанимизга хурсандмиз. Нимчорак финалда "Ал Ҳилол" билан тўқнаш келадиган бўлдик. Бу жамоа "Пахтакор"га қарши беллашувда ёмон таассурот қолдирмаганди. Энди Ўзбекистон шарафини фақат "Локомотив" ОЧЛда ҳимоя қилади. Буёғига барчамиз биргалашиб мухлислик қилсак фойдадан холи бўлмайди. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади", - деди Темурхўжа Абдухолиқов.
- Жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичини кўтаринки кайфиятда ўтказди. Дастлабки бешта турда жамоа ҳужумкор, тажовузкор ўйнади. Лекин айнан бугунги учрашув мухлисларни ранжитди. Шахсан сизга "Локомотив"нинг кўрсатган ўйини ёқдими?
- Ҳар доим ҳам ўйиндан қониқиб бўлмайди. Масалан кеча "Пахтакор" зўр ўйнади, барча уларнинг ўйинидан завқ олди. Аммо якундачи? Нима бўлди? Ёки "Насаф"нинг ўйинларини кўпчилик мақтаганди, мухлислар қониқишганди. Аммо улар ҳам гуруҳда қолиб кетишди. Масалан катта куч билан олдинга ўтиб, ҳужумкор ўйнаб, аммо якунда керакли натижани қўлга кирита олмаганимизда нима бўларди? Биз аввало эҳтиёткорлик билан ўйнадик. Ҳеч қайси жамоа голдан суғурталанмаган. Гарчи гуруҳда пешқадамлик қилиб турган бўлсакда, мағлубият бизни кейинги босқичсиз қолдириши мумкин эди. Натижани ўйлаб ўйнадик. Рақиб ҳимояга урғу қаратгани учун биз ҳам бор кучимизни ишга солмадик. Олдимизда турган вазифани уддаладик.
- Нимчорак финал ўйинида эски таниш, "Ал Ҳилол"га дуч келдинглар. Имкониятларни қандай баҳолайсиз?
- Бу жамоа билан ўтган йили гуруҳ босқичида дуч келгандик. Бу сафар улардан аламимизни олишга ҳаракат қиламиз. Агарда барчамиз бирга, бир тан-у, бир жон бўла олсак, унда бу жамоа тўсиғидан ҳам ўта оламиз. Агарда баъзи мухлислар ўзларини бугунгидек тутадиган бўлишса, унда бизга янада қийин бўлади. Мен бошқа жамоа мухлисларини бизга ишқибозлик қилишга чорламоқчи эмасман. Ҳамманинг ўз танлови ва ўз жамоаси бор. Ким кимни қўллаб-қувватлашни ўзи ҳал қилади. Бизга ишонч билдирган мухлисларга эса миннатдорчилик билдираман.
Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.
Comments