Latest news

19:14ЛаЛига. "Жирона" ғалабага эришиб, 2-ўринга кўтарилди. Жамоа ҳужумчиси тўпурарлар жадвалида етакчилик қилмоқда  0 19:07Салоҳ 79 дақиқада Клопп билан жанжаллашиб қолди  1 18:32Ўзбекистон Кубоги. "Олмипик Мобиуз" "Зомин"ни таслим қилиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди  1 18:28Ўзбекистон кубоги. "Локомотив"ни енгган "Қизилқум" рақибини гуруҳда қолдириб, плей-оффга йўл олди  0 18:28АПЛ. "Ливерпуль" "Вест Хэм" билан дуранг қайд этди ва чемпионлик учун имкониятларини пасайтириб юборди  12 18:15"Манчестер Юнайтед" - "Бёрнли". Таркиблар эълон қилинди  3 17:53"Бавария" - "Айнтрахт". Асосий таркиблар билан танишинг  0 17:47"Боруссия" Д - "Лейпциг". Кимлар асосий таркибда?  2 17:28Титулдан сўнг: А Серия 34-тур превьюси, Шомуродов собиқ жамоасига гол урадими?  4 16:43"Where is Saudi Arabia?". Ўзбекистон - Саудия Арабистони ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  12 16:25Жасурбек Жалолиддинов: "Бугун майдонда қўрққан жамоа ютқазди"  8 15:34U23 Осиё Кубоги ярим финалида ўзбекистонлик мутахассис ишлайди  4 15:25Ўзбекистон кубоги. “Локомотив” – “Қизилқум”. Асосий таркиблар маълум  1 15:23Индонезия - Ўзбекистон баҳсини ким бошқаради?  28 14:55Умарали Раҳмоналиев: "Рақибнинг провокацияларига тайёр эдик"  4

Таҳлил. Таркиб барқарорлиги – аутсайдерлар муаммоси News

Таҳлил. Таркиб барқарорлиги – аутсайдерлар муаммоси

Олий лигада охирги пайтларда жамоаларда анъаналар, уларга содиқ футболчиларнинг йўқлиги ҳақида кўп ёзяпмиз.

Клубда бир неча йил фаолият олиб борадиган ўйинчи бўлмаса, анъана ва жамоавий характер ҳам бўлмайди, албатта. Ҳозирда каттагина маблағ сарфлаб, олий лигада амаллаб жон сақлаб қолган жамоалар таркибига назар ташлар эканмиз, уларда юзага келган ҳаддан кўз ўзгаришлар ривожланишга йўл қўймаётганини кўрамиз. Таркиб барқарор кўринишга келтирилмас экан, натижаларнинг ўсиб бориши тўғрисида ўйлаш қийин.

Олий лиганинг 2015 йилги мавсумини таҳлил қилиб, ўқувчиларимизга бу борада батафсил маълумот беришга қарор қилдик. Таҳлилимизнинг биринчи қисмида турнир жадвалида 9-16-ўринларни эгаллаган жамоалардаги вазиятни ўрганиб чиқамиз. Бунда жорий мавсумда улар таркибида неча нафар футболчи майдонга туширилгани ва давралар оралиғида ўзгаришлар миқдори қандай бўлганини кўрамиз. Шу кўрсаткичлар орқали ҳам ишқибозлар жамоалар ҳақида аниқ тасаввурга келиб олишига етарли бўлади.


“ДИНАМО”: 33 ўйинчи, танаффусда 15 ўзгариш (кетганлар – 5, келганлар - 10)
Самарқандликлар ушбу йил олий лига ўйинларида жами 33 нафар футболчи хизматидан фойдаланишган. Бу мавсум мобайнида жамоада ўзгаришлар рўй бергани ва аниқ асосий таркиб мавжуд бўлмаганини кўрсатади. “Динамо” шунча ўйинчи майдонга туширгани билан ҳам биринчи лигага тушиб кетишдан қутулиб қола олмади. Давралар оралиғида катта ўзгаришлар юзага келгани жамоада селекция жараёни йил бўйи нотўғри олиб борилганини исботлайди. Эътибор қилинг, ёзда жамоага 10 футболчи келиб, 5 нафари кетган. Янги келганлардан Юнусов, Шарофиддинов, Бозоров, Бобоқулов, Мурзоев, Филипосян, Шотурсунов ва Асқаров асосий таркиб аъзоларига айланишди. Улар ўйин услубини шакллантиргунча жамоа биринчи лигага тушиб кетишга улгурди. Ибрагимов, Смоляченко, Муродов, Фомин ва Чипев эса биринчи даврада самарқандликлар ўйинини белгилаб беришганди. Сўнгги йилларда тобора аҳволи ёмонлашиб борган “Динамо” раҳбариятига шунча огоҳлантириш ҳам камлик қилди. Оқибатда шунда машҳур ва тарихий шаҳарнинг бош жамоаси 1-лигага равона бўлди. Буни шармандаликдан ўзгача баҳолаб бўлмайди. Балки, энди клуб раҳбариятининг боши деворга қаттиқроқ теккандир.
Давралар оралиғида келганлар: Илҳом Юнусов, Ҳамдам Раҳмонов, Дилшод Шарофиддинов, Феруз Бобоқулов, Акмал Бозоров, Камолиддин Мурзоев, Артём Филипосян, Сардор Омонов, Фарруҳ Шотурсунов, Сергей Рекун, Ҳасан Асқаров, Холмўмин Давронов,  Алишер Маматқулов, Мирзоубайдулло Рўзиев.
Кетганлар: Константин Мандриченко, Александр Болиян, Азиз Ибрагимов, Павел Смоляченко, Муроджон Тўйчибоев, Маъруфхон Муродов, Максимилиан Фомин, Николай Чипев.

“СЎҒДИЁНА”: 29 ўйинчи, танаффусда 16 ўзгариш (кетганлар – 6, келганлар - 10)
Жиззахликларда аҳвол бошқачароқ: жамоанинг молиявий имконияти унчалик яхши эмас. Шу сабабли эътибор асосан ёш ва олий лига клублари эътиборидан четда қолган футболчиларга қаратилади. Улар ўйинини топиб олиб, яна бошқа клубларга ўтиб кетишади. Кейин иш яна қайтадан бошланади. Ўшандай ўйинчилар таркибга жалб этилади ва сўнг яна бошқа жамоаларга равона бўладилар. “Сўғдиёна” охирги 3-4 йилда бир қатор футболчиларни яна катта футболга қайтарди деб айтса бўлади. Ушбу йил жамоанинг ўртача ёши энг кичик бўлганини таъкидлаш лозим. Агар молиявий тарафдан ҳеч бўлмаганда ўртачароқ шароитлар яратилса, натижалар яхшиланишини кутиш мумкин. Бу йил Музаффар Музаффаров ва Жасур Ҳакимов анча ўсишга эришганини кўрсатишди. Мавсумда жамоа сафида 29 нафар ўйинчи ҳаракат қилган. Давралар оралиғида 6 футболчи кетиб, ўрнига 10 нафари келиб қўшилган. Иккинчи даврада келганлардан Клецков, Исоқжонов ва Мухторов жамоанинг олий лигада қолишига ҳиссаларини қўшишди. Тан олиш керак, мавсум олдидан кўпчилик “Сўғдиёна”нинг тушиб кетишини башорат қилганди. Лекин жамоа амаллаб ирода кўрсатди ва Жиззахда олий лига ҳавоси сақланиб қолди.

Давралар оралиғида келганлар: Фарҳод Йўлдошев, Александр Клецков, Қаҳрамон Баҳодиров, Дониёр Усмонов, Иззатбек Ғаниев, Исломжон Исоқжонов, Хуршид Мухторов, Иззат Абдуллаев, Азамат Султонов, Шаҳзод Тоғаев.
Кетганлар: Михаил Наумов, Илҳом Комилов, Вусал Магерамов, Суҳроб Қобилов, Элёр Жаҳонов, Анвар Ражабов.


“БУХОРО”: 39 ўйинчи, танаффусда 27 ўзгариш (кетганлар – 14, келганлар - 13)
Шунчаки даҳшат! Шундай эмасми?! Бир мавсумда 39 нафар футболчи хизматидан фойдаланган жамоага бошқача таъриф беришни билмадим. Айтайлик, шунча ўйинчи билан АПЛ, ЕЧЛ ёки ОЧЛда қатнаша олмайсиз. Англияда рўйхатга 25, ОЧЛда 30 нафар футболчини киритишингиз мумкин холос. “Бухоро”даги бу ҳолат жамоа мавсум давомида қанчалар кўп хато қилганини намойиш этади. Жамоа икки даврада турли таркиблардан фойдаланди. Яхши бюджетга эга бўла туриб, олий лигада сўнгги турда жон сақлаб қолган клубда аҳвол кўрсатадики, жамоада анъана юзага келмаса, катта пул билан фақат биринчи лигага тушиб кетмаслик мумкин. Биринчи даврадан кейин 14 футболчи кетиб, 13 янги ўйинчи ташриф буюрган. Бунақа ҳолатни Европада ҳаваскорлар лигасида ҳам кўрмасак керак. Олий лигада қолган жамоадан энди барқарорлик кутиб қоламиз. “Бухоро”да ишлар тўғри қўйилса, молиявий ҳолати билан жамоа бемалол турнир жадвалининг биринчи қисмида бўлиш учун кураша олиш салоҳиятига эга. Биринчи даврада селекция умуман хато бўлганини натижалар исботлади. Танаффусда эса тажрибали Тачмурод Агамуродовнинг ёрдами билан таклиф этилган футболчилар катта ишни бажаришди. Мелзиддинов, Ибрагимов, Қобулжонов, Чипев, Фомин, Смоляченко ва Шукуров каби ўйинчилар “Бухоро”нинг олий лигада қолишига ёрдам беришди. Бу ёғига ушбу таркиб асосида барқарорликни юзга келтириш лозим. Албатта, маҳаллий иқтидорларга эътибор беришни йўлга қўйиш даркор.

Давралар оралиғида келганлар: Руслан Мелзиддинов, Азиз Ибрагимов, Сардор Қобулжонов, Алишер Санаев, Николай Чипев, Нодир Давлатов, Маъруфхон Муродов, Сергей Георгиев, Тимур Аюпов, Максимилиан Фомин, Максим Антонюк, Павел Смоляченко, Отабек Шукуров.
Кетганлар: Фарруҳ Турдалиев, Виталий Пламадела, Отабек Исроилов, Евгений Кочнев, Саидкомил Акбаров, Сардор Жаҳонов, Аҳрор Умаржонов, Каравческу, Алибобо Раҳматуллаев, Дилявер Абибуллаев, Тимур Турдиев, Зайниддин Тожиев, Богдан Хауши.

“АНДИЖОН”: 28 ўйинчи, танаффусда 21 ўзгариш (кетганлар – 11, келганлар - 10)
Иккинчи даврада Эдгар Гесс жамоани тарк этгандан кейин натижалари бирданига яхшиланган “Андижон” олий лигада қолиш масаласини бир неча тур олдин ҳал этишга эришди. Жамоа сафида бу йил 28 ўйинчи майдонга туширилди. Бу ўртачачадан юқорироқ кўрсаткич ҳисобланади. Ёзда рўй берган ўзгаришларнинг аксарияти ёш футболчилар иштирокида кузатилди. Келганлардан Бердиев, Ҳусанов ва Олимов асосий таркибда ҳаракат қилишди. Бердиев қатор голлари билан муҳим очколар эришилишига ёрдам берди. Кетганлар ҳам кўпроқ ёш ўйинчилардан иборат эди. Шунинг учун таркибда биринчи даврадан кейин катта ўзгаришлар кузатилди деб айтиш қийин. Йил бошидан олий лигада қолишга интилган “Андижон” буни уддалади, лекин жамоа яхшироқ ўйнаш салоҳиятига эга эди. Бироқ биринчи даврада ички муҳитда турли келишмовчиликлар содир бўлгани ҳақида баъзи гаплар тарқалди ва бу натижаларга таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Иккинчи даврада вазият бирданига ўзгариб кетди.

Давралар оралиғида келганлар: Анвар Бердиев, Турсунбой Ҳусанов, Иқбол Бобохонов,  Абдурасул Абдуғаниев,  Абдуллоҳ Олимов,  Хондамир Йўлдошев, Дилмурод Маҳмудов, Равшан Тоҳиров, Бахтиёр Қосимов, Баҳром Қосимов.
Кетганлар: Муҳаммадиброҳим Раимжонов, Билол Шарофиддинов, Акбаржон Хўжаев, Руслан Гаффаров, Фарруҳ Шотурсунов, Сайриддин Гаффаров, Виталий Зотеев, Сардор Солижонов, Шоҳжаҳон Нўъмонов, Икромиддин Зайнобиддинов, Дониёр Усмонов.


“ҚЎҚОН-1912”: 27 ўйинчи, танаффусда 15 ўзгариш (кетганлар – 6, келганлар - 9)
Олий лигага қайтган қўқонликлар учун бу кўрсаткичларни қониқарли деб ҳисобласа бўлади. Чунки ҳозир бизда биринчи лигадан юқори лигага чиққан жамоа ўша таркиби билан жон сақлаб қолиши қийин. Шу сабабли таркибда ўзгаришлар қилишга тўғри келади. “Қўқон-1912” жорий мавсум учун олдига қўйилган вазифани уддалади. Ёзги танаффусда жамоага ёрдами тегиши мумкин бўлган футболчилар таркибга қўшиб олинди. Ҳайдаров бир қатор голлари билан Қўқон жамоасига очколар келтирди.Умуман олганда, жамоа мавсумда асосий таркибини деярли шакллантирди. Бироқ ижарага олинган футболчилар билан боғлиқ ҳолатдан чиқиб кетиш учун ўйинчилар билан тўлиқ шартнома имзолаш йўлга қўйилиши шарт.

Давралар оралиғида келганлар: Александр Критинин, Суҳроб Қобилов, Илҳом Комилов, Ойбек Нурбоев, Отабек Ҳайдаров, Асилбек Омонов, Шоджамшид Жинайдуллаев, Элёр Мўйиддинов, Аброр Раҳмонов.
Кетганлар: Владимир Аргун, Хуршид Мухторов, Каҳрамон Муҳаммаджонов, Иззат Ғаниев, Муҳриддин Аҳмедов, Азамат Турсунов.

“ШЎРТАН”: 25 ўйинчи, танаффусда 11 ўзгариш (кетганлар – 6, келганлар - 5)
Ғузорликлар ҳам олий лигага қайтган мавсумида курашчан жамоа туза олишди. Асосий таркиб мавсум мобайнида ўйнаб келди. Мухтор Қурбонов жамоасида ёзги танаффусда баъзи ўзгаришлар кузатилди. Қораев, Жўраев ва Мамадалиевнинг келиши Ғузор клубига баъзи муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берди. Албатта, “Шўртан” ҳозирча барқарор ўйин кўрсата олмаяпти. Кетма-кет мағлубиятсиз учрашувлардан кейин ғалабасиз сериялар учраб турди. Жамоа аввал тажрибали футболчиларни жалб этиб, яхши жамоа шакллантирганди. Бироқ бу йўл катта маблағни талаб қилади. Энди клуб қайси йўлни тутишини келаси йили билиб оламиз.
Давралар оралиғида келганлар: Ботир Қораев, Сарвар Жўраев, Суннат Мамадалиев, Жавлон Рамазонов, Акмал Раҳимов.
Кетганлар: Виктор Карпенко, Жамол Отақулов, Виктор Клишин, Рустам Аъзамов, Элёр Интизомов, Темур Жўраев.


“ҚИЗИЛҚУМ”: 24 ўйинчи, танаффусда 20 ўзгариш (кетганлар – 10, келганлар - 10)
Навоий жамоасида ҳам вазият анча яхши тарафга силжиди. Асосий таркиб ўзаги маълум, энди аста-секинлик билан ўйинни янада шакллантириб бориш имконияти мавжуд. Давралар оралиғидаги ўзгаришларнинг кўпи асосий таркибда ўйнамаётган футболчилар ҳисобига тўғри келди. Яъни, улар жамоага салбий таъсир кўрсатадиган даражада эмасди. Агар 1-2 муҳим учрашувларда очко йўқотмаганда “Қизилқум” жадвалда юқорироқ поғоналарда жойлашиши мумкин эди. Сафга 2-3 яхши савиядаги ижрочилар қўшиб олинса, Навоийда кучли жамоани ташкил қилиш мумкин. Болалар футболига эътиборни кучайтирадиган пайт ҳам келди. Чунки футболга қизиқадиган ҳудудда иқтидорли ёшларни тарбиялаш орқали муваффақиятга эришиш мумкин. “Қизилқум” ўртамиёналар орасида ўсиш учун яхшироқ имкониятга эга жамоа ҳисобланади. Ҳамма гап кейинги режалар қандай эканлигига боғлиқ.

Давралар оралиғида келганлар: Виктор Клишин, Достон Абдураҳмонов, Наврўз Алимов, Руслан Искандаров, Баҳром Нарзуллаев, Диёр Раҳмонов, Алишер Усмонов, Сардор Жаҳонов, Ғайрат Давронов, Аббос Рустамов.
Кетганлар: Вячеслав Шевченко, Алишер Санаев, Феруз Бобоқулов, Алишер Азизов, Хуршид Йўлдошев, Баҳодир Қосимов, Пётр Батаров, Фарҳод Ашуров, Олмос Файзиев, Жаҳонгир Исматов.

“МЕТАЛЛУРГ”: 20 ўйинчи, танаффусда 3 ўзгариш (кетганлар – 1, келганлар - 2)
Бекободликлар таркиби охирги йилларда олий лигада энг барқарор саналиб келинаётганлардан биридир. Жамоада катта ўзгаришлар рўй бермайди. Янги авлоднинг кириб келиши ҳам аста-секинлик билан амалга оширилади. Шу тариқа Сафоев, Абдужабборов, Сулаймонов, Нурматов сингари ўйинчилар асосий таркиб вакилларига айланиб боришди. 2015 йил олий лигада “Металлург” сафида 20 футболчи ҳаракат қилган. Бу таркиб шаклланиб бўлганини кўрсатади. Бекободликлар сафарда очко йиғиш борасида 6-поғонани эгаллашди, бироқ уйдаги беллашувларда улар муҳим очколарни қўлдан чиқаришди. Жамоа ҳозир танлаган йўлидан воз кечмайди ва кейинги йил ҳам шу ўйинчилар билан мавсумни ўтказишини кутиш мумкин. Ёзда келган ва кетган футболчилар ёшлар жамоасига тааллуқли бўлгани туфайли уларни ёзиб ўтирмадик.

Дастлабки 8 поғонадан ўрин олган жамоаларда бу борада вазият қандай эканлигига навбатдаги мақолада назар солиб ўтамиз.


Беҳзод НАЗАРОВ.

Rating: -6   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика