Суперлигадаги носупер ўтаётган чемпионатга назар (1-қисм)
03 nov 2018 15:12
News
Хўш, Суперлигада чемпионликни аниқлайдиган олтиталик ва жон сақлаб қолиш учун курашаётган иккинчи олтиталикдаги турнир жадвали қай ҳолатда?
Демак, даставвал чемпионлик учун курашаётган олтиталикда турнир жадвалининг энг пастки ўринида бораётган "Бухоро" ҳақида.
Улуғбек Бақоев бошқарувидаги жамоа кучлилар сафида ўтказилган 16 ўйинда атига 10 очко тўплаган ҳолда 6-ўринда турибди. Буёғига ҳар қандай ҳолатда ҳам бухороликларни мазкур поғонадан пастга тушиб кетмасликлари маълум. Аммо иккинчи савол бор, "Бухоро" чемпионат якунига қадар максимум бир ўрин тепага сакраш имкониятига эга. Улар қолган тўрт баҳсда ғалаба қозониб фақат "Металлург"ни қувиб ўтиш имкониятини сақлаб қолишган. Хаттоки тўртинчи ўринга кўтарилиш учун ҳам уларда имконият қолмади. Сабаби, "Бухоро" қолган барча учрашувларни ғалаба билан якунлаган тақдирда ҳам айни пайтда 4-ўриндаги "Бунёдкор"га очколар сони бўйича ета олишмайди.
Суперлига финишига қадар "Бухоро"да деярли ҳеч қандай мотивация қолмади. Фақатгина биргина ўрин сакраш имконияти қолган холос. Лекин чемпионатни бешинчи ўринда тугатадими ёки олтинчидами, бунинг катта аҳамияти йўқ. "Бухоро" буёғига медалларсиз қолгани расман аниқ.
"Бухоро"нинг қолган ўйинлар жадвали:
Уйда: "Пахтакор" (5 ноябрь)
Меҳмонда: "Локомотив" (9 ноябрь)
Уйда: "Навбаҳор" (25 ноябрь)
Меҳмонда: "Металлург" (30 ноябрь)
"Бухоро" тарихидаги энг яхши натижа: 2-ўрин ("Нурафшон" номи остида 1994 йил)
Ўтган йилги натижаси: 6-ўрин (2017)
Бу йил эгаллаши мумкин бўлган энг юқори эҳтимолий ўрни: 5-6
Бешинчи поғонадаги "Металлург"да ҳам назарий жиҳатдан фақатгина бир поғонага тепага сакраш имконияти қолган холос. Улар ҳам деярли ҳеч қандай мотивациясиз қолган 4 турни ўтказишади. Биргина кичик мотивация, бу жамоа назарий жиҳатдан ўз тарихидаги энг яхши натижани янгилаш имкониятига эга. Аммо буни амалда уддалаш ниҳоятда қийин масала. Чунки ҳозирда тўртинчи ўриндаги "Бунёдкор" билан орадаги фарқ 10 очкони ташкил қилмоқда. Бекободликлар ҳозирча клуб тарихидаги энг яхши натижа бўлиб турган 5-ўринни олишлари мумкин. "Металлург" 2002 йилги мавсумни "кучли бешталик"да якунлашга муваффақ бўлганди. Жорий мавсумда ҳам Андрей Шипилов шогирдлари жамоа тарихидаги энг яхши натижани такрорлашга яқин туришибди. Аммо жамоа буёғига чемпионат медаллари учун кураша олмайди.
"Металлург"нинг қолган ўйинлар жадвали:
Уйда: "Навбаҳор" (4 ноябрь)
Меҳмонда: "Пахтакор" (10 ноябрь)
Меҳмонда: "Бунёдкор" (24 ноябрь)
Уйда: "Бухоро" (30 ноябрь)
"Металлург" тарихидаги энг яхши натижа: 5-ўрин (2002 йил)
Ўтган йилги натижаси: 10-ўрин (2017)
Бу йил эгаллаши мумкин бўлган энг юқори эҳтимолий ўрни: 4-5-6
Чемпионлик учун курашдан чиққан "Бунёдкор"нинг имкониятлари ҳақида тўхталамиз. Ўтган турда "Локомотив"нинг "Металлург" устидан қозонган ғалабасидан сўнг "қалдирғочлар"да чемпионлик имконияти расман қолмади. Айни пайтда "Бунёдкор" нафақат медаллар, балки ОЧЛ йўлланмаси учун кичик имконият хосил қилган. Жамоа гарчи қийин вазиятда қолганига қарамасдан ОЧЛ йўлланмаси ва камида кумуш медали учун курашни давом эттирмоқда. Бу йўлда "Бунёдкор"нинг икки асосий рақиби "Навбаҳор" ҳамда "Пахтакор". Айнан медаллар ва ОЧЛга йўлланма берувчи иккинчи поғона масаласи кўп жиҳатдан "Бунёдкор"нинг мазкур жамоаларга қарши ўзаро баҳсида ҳал этилади. Ҳозирча "қалдирғочлар" 23 очко жамғарган ҳолда тўртинчи поғонани банд этиб туришибди.
"Бунёдкор"нинг қолган ўйинлар жадвали:
Уйда: "Локомотив" (5 ноябрь)
Меҳмонда: "Навбаҳор" (10 ноябрь)
Уйда: "Металлург" (24 ноябрь)
Меҳмонда: "Пахтакор" (30 ноябрь)
"Бунёдкор" тарихидаги энг яхши натижа: чемпионлик
Ўтган йилги натижаси: 4-ўрин (2017)
Бу йил эгаллаши мумкин бўлган энг юқори эҳтимолий ўрни: 2-3-4-5
Айни пайтда онлайн тарзида бронза медалларига эгалик қилаётган "Навбаҳор" расман чемпионлик курашидан чиқиб кетмаган. Наманганликлар назарий жиҳатдан ҳали чемпионлик учун кураши кўришлари мумкин. Аммо бунинг "Локо" қолган барча ўйинларда мағлубиятга учраши талаб этилади. Андрей Канчельскис бошқарувидаги жамоа бор эътиборини келаси ОЧЛга йўлланма берувчи иккинчи поғонада қаратган. Бу борада улар "Пахтакор" билан жиддий рақобатлашишларига тўғри келади. Ҳозирча улар орасида фарқ 3 очкони ташкил қилмоқда. Агарда "Навбаҳор"нинг "Пахтакор" билан очколари сони тенглашиб қолса, унда регламент бўйича ўзаро ўйинлар натижасига мурожаат қилинади. Агарда шундай бўлса, унда "Пахтакор" устунликка эга. Чунки ушбу жамоалар ўртасидаги ўзаро курашда 1тадан ғалаба ва дуранг қайд этилган. Очколар сони тенглашиб қолса, "Пахтакор" сафардаги голли дуранг эвазига турнир жадвалида "Навбаҳор"дан юқори туради. Шу боисдан ҳам "Навбаҳор"ни фақатгина очколар бўйича олдинга ўтиб олиш қониқтиради. "Навбаҳор"нинг ОЧЛ йўлланмаси учун кураши учун "Пахтакор" камида иккита ўйинда очко йўқотиши ва Канчельскис шогирдлари буёғига йўқотишларсиз чемпионатни якунлашлари талаб этилади. Назарий жиҳатдан "Навбаҳор"да ҳозирча барча имконият сақланиб қолган. Аммо уларнинг чемпионлик ёки ОЧЛга йўлланма берувчи ўринга курашишлари ўзларига боғлиқ эмас. Яъни, "Навбаҳор" буёғига рақибларини очко йўқотишини кутиб, ўзлари қолган барча ўйинларни ғалаба билан якунлашлари керак.
"Навбаҳор"нинг қолган ўйинлар жадвали:
Меҳмонда: "Металлург" (4 ноябрь)
Уйда: "Бунёдкор" (10 ноябрь)
Меҳмонда: "Бухоро" (25 ноябрь)
Уйда: "Локомотив" (30 ноябрь)
"Навбаҳор" тарихидаги энг яхши натижа: чемпионлик (1996)
Ўтган йилги натижаси: 5-ўрин (2017)
Бу йил эгаллаши мумкин бўлган энг юқори эҳтимолий ўрни: 1-2-3-4
"Пахтакор"нинг чемпионлик курашдаги имкониятлари кескин пасайиб кетди. Шота Арвеладзе бошчилигидаги жамоа айни пайтга келиб медаллар учун кураш тақдирини ҳам ўз фойдасига ҳали расмийлаштиргани йўқ. Жамоа эҳтимолий жиҳатдан чемпионатни медалларсиз тугатиши ҳам мумкин. Ёки аксинча, "шерлар" "темирйўлчилар"нинг кетма-кет очко йўқотишлари натижасида шоҳсупа тепасига чиқишлари ҳам назарий жиҳатдан инкор этилмайди. Ҳозирча. "Пахтакор" буёғига ОЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолмаслик учун бор эътиборини янада жамлашига тўғри келади. Чунки, жамоа кубок финалини бой берди ва буёғига камида мавсумни иккинчи поғонада тугатиши лозим. Акс ҳолда Арвеладзе жамоаси келаси мавсумни халқаро мусобақасиз бошлашига тўғри келади. Бу эса "Пахтакор" учун чинакамига катта инқироз дегани. Чунки чемпионлик ва кубок учун курашган жамоа мавсумни хаттоки ОЧЛ йўлланмасисиз тугатиши ҳақиқий инқироз дегани. Назарий жиҳатдан "Пахтакор" чемпионлик учун курашда имкониятлар сақланиб қолган бўлса, аксинча, якунда умуман қуруқ қўл билан қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Гарчи чемпионлик учун кураш ўз интригасини йўқотган бўлсада, "шерлар"ни қолган баҳсларда бўшашишга ҳақлари йўқ. Акс ҳолда жамоани ҳар қандай эҳтимолий сценарий остидаги чемпионат финиши кутмоқда.
"Пахтакор"нинг қолган ўйинлар жадвали:
Меҳмонда: "Бухоро" (5 ноябрь)
Уйда: "Металлург" (10 ноябрь)
Меҳмонда: "Локомотив" (25 ноябрь)
Уйда: "Бунёдкор" (30 ноябрь)
"Пахтакор" тарихидаги энг яхши натижа: чемпионлик
Ўтган йилги натижаси: 3-ўрин (2017)
Бу йил эгаллаши мумкин бўлган энг юқори эҳтимолий ўрни: 1-2-3-4
Кетма-кет учинчи маротаба чемпионлик финишига яқинлашаётган "Локомотив" келаси турдаёқ барча масалани расман ҳал этиб қўйиши мумкин. Бунинг учун дастлаб "Пахтакор" Бухорода очко йўқотиши ва "Локо" "Бунёдкор" майдонида зафар қучиши кифоя. Шунда Суперлигада чемпионлик тақдири чемпионат якунланмасиданоқ ҳал бўлади. Ёки аксинча, "Локо" "Пахтакор"нинг қоқилишига эътибор қилмасдан, кетма-кет икки ўйинда ғалаба ёки минимум 5 очкони қўлга киритса, унда чемпионликка эришиш бўйича ўзига хос хет-трик қайд этади. Айни пайтга келиб эса "Локо" минимум бронза медалларини расмийлаштиришга улгурди. Яъни, жамоа қолган барча ўйинларда мағлубиятга учраган тақдирда ҳам учинчи ўриндан пастга тушиб кетмайди. Аммо бунда "темирйўлчилар" ОЧЛ йўлланмасидан мосуво бўлишади.
"Локомотив"нинг қолган ўйинлар жадвали:
Меҳмонда: "Бунёдкор" (5 ноябрь)
Уйда: "Бухоро" (9 ноябрь)
Уйда: "Пахтакор" (25 ноябрь)
Меҳмонда: "Навбаҳор" (30 ноябрь)
"Локомотив" тарихидаги энг яхши натижа: чемпионлик
Ўтган йилги натижаси: 1-ўрин (2017)
Бу йил эгаллаши мумкин бўлган энг юқори эҳтимолий ўрни: 1-2-3
Суперлигада чемпионлик учун курашаётган олтиталикда кутилган интрига вужудга келди десак муболаға бўлади. Аксинча, Суперлига аталмиш янги формат остида ўтаётган чемпионат кутилган интригани тақдим этмади. Айниқса "олтин очколар" қоидаси баъзилар кутган қизиқишни, эҳтимолий фантазияларни амалга ошира олмади, чамамда.
Энг катта баҳо бу мухлислар қизиқиши. Айни пайтда чемпионатдаги ўйинлар ҳеч қандай ажиотажсиз ва аншлагсиз ўтмоқда. Хаттоки чемпионлик учун курашаётган жамоалар иштирокидаги баҳслар ҳам стадионларни тўлдирмаяпти.
Масалан аввалги учта чемпионатимиз, яъни Олий лига номи остида ўтган ички биринчилигимизда чемпионлик масаласи охирги турда ва бир тур олдин ҳал этилган.
Суперлигада эса чемпионлик масаласи келаси турда ойдинлашиши ёки охирги турга қадар давом этиши мумкин. Аммо чемпионлик масаласи сўнгги паллаларга қадар очиқ қолган тақдирда ҳам бу йилги чемпионат ўтган йиллардаги Олий лигадан қайсидир сифат ёки интрига борасида ўтиб кетди, дея олмайман. Энг катта асосий фарқ шуки, бу янгича формат, жамоаларнининг икки гуруҳга бўлиниши, биринчи босқичда юзага келган навбатчи ўйинлар, мотивациясиз қолган жамоалар ва "олтин очколар" қоидаси.
Бу фарқ фойдага ишлади, чемпионатимиз савиясини кўтарди, десам ўзимни-ўзим алдаган бўламан. Суперлига кутилган супер даражани бизга тақдим этолмади. Бу йилги суперлига аввалги ОЛИЙ лигамизнинг олий даражасини ҳам такрорлади, деёлмайман. Чунки Олий лига номи остида бир қанча чемпионатларимиз бунданда қизиқарлироқ, кучлироқ ва савия жиҳатидан юқорироқ ўтган.
Қолган хулоса эса ўзингиздан...
Пастки олтиталикдаги ҳолат ва вазият ҳақида эртанги мақолада батафсил тўхталиб ўтамиз. Давоми бор...
Comments