"Суперкубокни Қашқадарёга олиб кетишни ва 2016 йилги ғалабани такрорлашни мақсад қилганмиз". "Насаф" мураббийи ва футболчилари иштирокидаги матбуот анжумани
05 mar 2021 18:48
News
"Суперкубокни Қашқадарёга олиб кетишни ва 2016 йилги ғалабани такрорлашни мақсад қилганмиз". "Насаф" мураббийи ва футболчилари иштирокидаги матбуот анжумани
Ўзбекистон Супекубогидан олдинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Насаф" мураббийи Шуҳрат Тошпўлатов ва жамоанинг етакчи футболчилари Ҳусниддин Алиқулов, Абдувоҳид Неъматовлар иштирок этишди ва журналистларнинг қизиқтирган саволларига жавоб қайтаришди.
"Авваламбор ассалому алейкум матбуот анжумани иштирокчилари. Янги футбол мавсуми бошлангани билан барчани табриклайман. Йигитларимизда кайфият аъло даражада. Тайёргарлигимиз режа асосида ўтди. Умид қиламанки, эртага йигитлар бор кучлари билан иккинчи бор Суперкубокни қўлга киритиш учун ҳаракат қилишади. Билсангиз, 2016 йил айнан Суперкубокда "Пахтакор"ни таслим қилиб бош совринга эга чиққан эдик. Мана шу тарихни такрорлашга уриниб кўрамиз. Суперкубокни Қаршига олиб кетиш ниятидамиз. Клубимиз тарихига яна бир соврин ёзилишини истаймиз",- дейди Шуҳрат Тошпўлатов.
Ҳусниддин Алиқулов: - Жамоада руҳият аъло даражада, деб айта оламан. Эртага ғалаба қозониб мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Абдувоҳид Неъматов: - Бошланаётган янги мавсум билан ҳаммани табриклайман. Биз бу ўйинга юз фоиз тайёрмиз. Эртага икки жамоа учун ҳам тарихий учрашув бўлади. Суперкубокда 2016 йил зафар қучган эдик. Эртага ҳам ғалаба қозониб ортга соврин билан қайтишга ҳаракат қиламиз.
- Рўзиқул Бердиевга биринчи навбатда шифо тилаймиз. Бош мураббийнинг йўқ эканлиги жамоага қай даражада таъсир қилиши мумкин?
- Саволингизни тушундим. Яхши биласизлар, Рўзиқул ака жароҳат сабаб яқинда жаррохлик амалиётини ўтказдилар. Дейлик, "Сурхон" билан назорат ўйини куни операциядан икки соатдан сўнг қўнғироқ қилиб ўз маслаҳатларини бериб турдилар. Ҳозирда тикланиш жараёнини ўтказмоқдалар. Лекин, назарий машғулотларда ва бошқа ишларда майдонга чиқмасаларда ўз тавсияларини бериб турибдилар. Йигитлар буни ҳис қилган ҳолда эртага икки ҳисса кўпроқ куч билан ўйнашади, деган умиддаман. Рўзиқул аканинг бетоб эканлиги футболчиларга таъсир қилмайди.
- Ҳусниддин Алиқуловга савол: "Пахтакор"нинг ҳужум чизиғида Эрен Дердийок қолган. Ўтган мавсумдаги Жалолиддин Машарипов, Игорь Сергеев каби футболчиларни ўрнини бошқа ижрочилар эгаллаган. Бу тайёргарлик жараёнида режаларни ўзгартириб юбормадими?
- Мураббийимиз Рўзиқул ака кимга қарши қандай ўйнаш кераклигини айтиб ўтганлар.
- Шуҳрат Тошпўлатовга савол: Жамоанинг марказий позициясидаги икки футболчи бошқа клубларга йўл олди. Булар Шароф Муҳиддинов ва Дилшод Раҳматуллаев. Ислом Кенжабоев ўрнига Суҳроб Нуруллоев олинди. Лекин, марказда ҳаракат қиладиган ярим ҳимоячиларнинг ўрни тўлдирилмади. Бу узоқ мавсум давомида панд бермайдими?
- Тўғри айтдингиз, таркибда йўқотишлар бор. Шунга қарамасдан захирамизда ёш футболчиларимиз бор. Ўқув-машғулот йиғинида уларга ўйин амалиёти тақдим қилиб аста-секин асосий таркибга жалб қиляпмиз. Ёшлар назорат учрашувларида ўзларини яхши томондан кўрсатишди. Уларнинг ўрнини босадиган ёшлар чиқади. Ўйлайманки, бу ҳолат панд бермайди.
- Жамоа пенальтилар сериясига тайёрми?
Абдувоҳид Неъматов: - Ҳа, машғулотлар якунида бунинг устида ишладик. Бунга тайёрмиз.
Шуҳрат Тошпўлатов - Машғулотларда пенальтилар сериясига тайёрландик.
- Шуҳрат Тошпўлатовга савол: Ўйиндан олдин "Пахтакор"нинг қайси чизиғидан ҳавф кутяпсиз?
- Рақиб сафида ҳужум чизиғида йўқотишлар борлигини биламиз. Статисктикага қарайдиган бўлса ўтган мавсумда жамоанинг ярим голларини Машарипов, Сергеев, Ҳамдамовлар уришди. "Пахтакор" бош мураббийи бундан аввал Шота Арвелдазе билан бирга ишлаган. Шу боис уларнинг ўйин услубида катта ўзгариш бўлмайди. Бу жамоа доим ҳужумкор ўйин кўрсатади. "Пахтакор"ни жиддий ўрганиб чиқдик. Кучли ва кучиз томонларидан хабардормиз.
Comments