Шохруҳ Холматов: "Нефтчи"га қарши ўйин осон бўлмайди"
13 nov 2020 11:35
News
Шохруҳ Холматов: "Нефтчи"га қарши ўйин осон бўлмайди"
Биз мазкур дерби учрашуви олдидан "Турон" жамоаси сардори Шохруҳ Холматовнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Шохрухбек, дастлаб мухлисларга ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз...
- Мен 1993-йилда Қўқон шаҳрида туғилганман. Болалигимдан футболчи бўлишни орзу қилардим, бу спорт турига бўлган меҳрим жуда кучли эди.
- Биринчи мураббийингиз ким бўлган? Футболда илк бор қайси жамоа сафида майдонга тушгансиз?
- Биринчи мураббийим Воҳиджон Хакимов бўлганлар. Мен у киши қўл остида 12 ёшимдан бошлаб футбол ўйнашни бошлаганман ва шу даражага етишишимда ҳиссалари катта бўлган. Илк бор Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасида катта футболга кириб келганман.
- "Турон" клуби сафига қачон қўшилдингиз ва бу қандай юз берди?
- "Турон" сафига 2018-йилда келиб қўшилганман. Ўшанда мени жамоага клуб спорт директори Собир Ҳамидов таклиф қилганди.
- Сизнингча, якшанба кунги "Нефтчи"га қарши ўйин қандай руҳда ўтади?
- "Нефтчи"га қарши ўйин шиддатли руҳда ўтиши аниқ. Чунки айни дамда икки жамоага ҳам 3 очко жуда ҳам зарур. Шу куни томошабоп, мухлисларга ёқадиган беллашувларга бой учрашув бўлади деб ўйлайман.
- Жорий мавсумда "Турон" жамоаси олдига қандай вазифалар қўйилган?
- Жамоамиз олдида фақат ва фақат Суперлига йўлланмасига эга чиқиш вазифаси турибди. Насиб бўлса мавсум якунида бу истагимизга эришамиз деган умиддаман.
- Хориж футболида қайси жамоага мухлислик қиласиз?
- Хориж футболида Италиянинг "Милан" ҳамда Англиянинг "Челси" клубларига мухлислик қиламан.
- Севимли футболчингиз ким?
- Ёшлигимдан ва ҳозиргача ҳам Бразилия терма жамоаси аъзоси Тияго Силванинг ўйинларига жуда қизиқаман.
- Сиз "Турон" жамоаси сардорисиз. Айтингчи, жамоа сардори зиммасига қандай масъулиятлар юкланади?
- Жамоа сардори майдондаги аҳилликни таъминлаш, шунингдек ўйновчи мураббий вазифасини ҳам бажариши керак деб ўйлайман.
- Жамоа мухлисларига тилакларингиз...
- "Турон" клуби мухлислари биринчи навбат соғ-саломат бўлишсин. Бизни ҳамиша ҳозиргидек қўллаб-қувватлашдан чарчашмасин. Мавсум якунида Суперлига йўлланмасини биргаликда нишонлаймиз деган умиддаман.
Бекзод Толибов ёзиб олди
Comments