Шота Арвеладзе: “Футболчилар чемпион бўлишганидан кейин ҳам ойлик маошлар ва мукофот пулларини олишда давом этишади”
19 oct 2019 21:38
News
Шота Арвеладзе: “Футболчилар чемпион бўлишганидан кейин ҳам ойлик маошлар ва мукофот пулларини олишда давом этишади”
- Терма жамоадаги ўйинлардан кейин футболчиларнинг яна жамоа ўйинига мослашиши қийин кечади. Шунга қарамай, футболчиларимизга раҳмат, бугун ўзларини яхши кўрсатишди. Биринчи бўлимда “Динамо” яхши ўйнади, ҳисобни очди, аммо бўлим якунида иккита гол уришимиз жамоамиз натижасига катта таъсир қилди. Иккинчи бўлимда захирадаги футболчиларнинг туширилиши ўйинимизни янада кучайтирди ва 4:1 ҳисобда ғалаба қозондик. Жамоамизда маҳорат юқорилиги ва ўйин жаҳатдан устун эканлигимиз кўринди.
- Чемпионликдан кейин жамоани руҳлантириш қийин кечмаяптими?
- Бу профессионализм. Ахир, футболчиларимиз чемпион бўлишганидан кейин ҳам ойлик маошлар ва мукофот пулларини олишда давом этишади. Чемпионатни, рақибларни ва мухлисларни ҳурмат қилишимиз шарт. Бугун жамоамизнинг чиройли ўйини барча мухлисларни қувонтирди, деб ўйлайман. Самарқандда ҳам мухлислар чиройли ўйинни олқишлашди.
- Биринчи давра ва иккинчи даврадаги “Динамо” орасида қандай фарқ кўринди?
- Бугунги ва Тошкентдаги “Динамо”га қарши ўйинларимизни эслайдиган бўлсак, биринчи даврадаги “Динамо”да ишонч юқори эди, биз уларни қийинчилик билан мағлуб эта олгандик. Бугун биринчи бўлим якунида иккита гол уришимиз вазифамизни осонлаштирди. Бугунги “Динамо”га бу ўйингача бўлган кетма-кет муваффақиятсизликлар таъсир қилмоқда, деб ўйлайман. Умуман олганда эса, “Динамо”ни курашувчан ва жанговар жамоа деб биламан. “Динамо” кейинги 4 та турда очколар олиб, лигада қолишини тилаб қоламан.
Усмон Ибодов ёзиб олди.
Comments