Latest news

00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  17 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  28 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

Шомуродовнинг А Серияга ўтиш тарихи ҳақида қизиқ маълумотлар News

Шомуродовнинг А Серияга ўтиш тарихи ҳақида қизиқ маълумотлар

Пандемия бўлмаганида, эҳтимол, ҳаммаси бошқача бўлар эди.

Сўнгги йилларни инобатга олсак, бу трансфер ойнаси РПЛ учун ўзига хос бўлди – бирданига 2 футболчи топ-лигаларга равона бўлди. Рус матбуоти Алексей Миранчукнинг "Аталанта"га трансфери ҳақида кўп ёзди. Энди Sports.ru Элдор Шомуродовнинг фаолияти ва унинг "Ростов"дан "Женоа"га ўтиши билан боғлиқ барча тафсилотларга тўхталиб ўтди. 

***

Элдор Шомуродов агентлари билан Тошкентдаги биринчи учрашувдаёқ Европага кўчиб ўтиш истаги ҳақида айтган – ўшанда у "Бунедкор"да ўйнар, РПЛ ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди.

"ProSports Management" Ўзбекистоннинг асосий юлдузини топиши бежиз эмас: 2000 йилларнинг ўрталарида Герман Ткаченко бошчилигидаги компания ярим ҳимоячи Марат Бикмаевни ("Крылья Советов", "Рубин", "Спартак-Нальчик" ва "Алания"да ўйнаган), 2010 йилларнинг бошида эса Одила Аҳмедовни Россияга олиб келган. Қолаверса, 2017-йилда "Бунёдкор"ни бошқараётган Миржалол Косимов Ткаченко президентлиги давридан "Крылья" сардори бўлган.  

"Элдор биринчи учрашувга отаси ва амакиси Илҳом билан келганди. Биз билан асосан Илҳом орқали мулоқот қилишди – Элдор рус тилида ҳозиргига нисбатан ёмонроқ гапирар, отаси эса тилни умуман билмасди", – деб эслайди Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминов.

Тез орада улар 2 босқичли стратегия бўйича келишиб олдилар: дастлаб, "Бунёдкор"дан РПЛга йўл олиш, кейин – Европа. Шу туфайли Шомуродов Осиёдан келган барча таклифларни рад қилди: унинг олдида Қатар, Саудия Арабистони, БАА вариантлари бор эди.

"ProSports Management" Шомуродовни Россиянинг кўплаб жамоаларига таклиф қилди – Элдор учун бор-йўғи 200 минг евро тўланиши керак эди. Агентлар нишонидаги клуб аллақачон ёш футболчиларни ривожлантириб, реклама қилиб сотадиган жамоага айланган "Уфа" эди. Аммо Шамиль Газизов бир неча бор Шомуродовдан бош тортди.

Герман Ткаченко интервьюларидан бирида Элдорнинг ўйини акс этган лавҳани Александр Кержаковга кўрсатганини эслайди: "Ўшанда Саша "Зенит" таркибида футболчи сифатида сўнгги мавсумни ўтказган, аммо ёш футболчиларнинг иқтидорини бир қарашда англай оларди. Шомуродовга қараб шундай деганди: "Ҳа, бу иккинчи Андрей Ярмоленко".

Эҳтимол, ҳозир Шомуродовни Ярмоленко билан таққослаш кулгили туюлар, аммо 2017 йилда Кержаков ҳақ бўлган: Элдор Ўзбекистонда асосан ҳужумнинг чап қанотида ўйнарди. "ProSports Management" рус клуларига Элдор марказий ҳужумчи сифатида ўйнай олиши мумкинлигини тушунтирди – чунки у 2-қаватда кучли ва рақиб дарвозасига тескари ҳолатда ҳам яхши ўйин кўрсатарди. 

2017 йилнинг ёзида Шомуродов "Ростов" билан шартнома имзолади: спорт директори Алексей Рискин ва бош мураббий Леонид Кучук Элдорга ишонч билдирди.

"Ростов"даги қийин старт – Шомуродов қанот ҳимоясида ҳам ўйнади. Осиё кубоги ҳаммасини ўзгартириб юборди

Биринчи ярим йил давомида Шомуродов атиги 4 ўйинни стартда бошлади, у 5-2-2-1 схемасида ҳужум ортида ўйнади. Кучук бошчилигидаги ҳимояга ихтисослашган "Ростов" Элдорнинг ривожланишига ёрдам беролмади. Жамоа 19 ўйинда атиги 16 та гол урганди.

2018 йилнинг ёзида Кучук ўрнини Валерий Карпин эгаллади. У "Ростов"га исландиялик ҳужумчи Бьорн Сигурдарсонни олиб келди. Шомуродовда таркибда жой йўқ эди, аммо у мавсум охирида РПЛдаги илк голларини урди: 2018 йилнинг августида "Тосно" дарвозасига. 

"Артур Юсупов ва Шомуродов бир пайтда "Ростов"га келишган эди. Мен Артур билан тахминан 15 йилдан бери танишман. Адашмасам, биринчи ўқув-машғулот йиғинидан кейин у мени чақирди: "Кимни олиб келдингиз? У ҳеч нарса қилолмайди". Бир неча ҳафтадан кейин Юсупов яна қўнғироқ қилди ва узр сўради. У Шомуродов формага киргани ва имкониятлари энди кўрина бошлаганини айтганди", – эслайди Мўминов.

2018 йилнинг майида "Тосно" ижара шартномасини таклиф қилди, кейин "Оренбург" ва "Арсенал" (Тула) варианти пайдо бўлди. 

Шомуродов "Ростов"да қолди, август охирида клубга исландиялик яна бир форвард келди – Видар Кьяртанссон. Элдор қишки танаффусга қадар атиги 5 ўйинни асосий таркибда бошлади. Шомуродов ҳатто "Сизранья" жамоасига қарши кубок ўйинида ҳимояга қўйилган эди. 

"Бу қийин ва ғайриоддий вазият, аммо барибир футболдан завқ олдим. Агар сиз қанот ҳимоячиси сифатида ўйнасангиз, кўп югуришингиз керак. "Сизранья" билан ўйинда ҳимояга қайтмаслик мумкин эди. Шунинг учун мени ҳимояга қўйишди", – тушунтирганди Шомуродов 2019 йилнинг кузида берган интервьюсида.

Ҳаммаси 2019 йилнинг биринчи ярмида ўзгарди. Январда гарчи Ўзбекистон терма жамоаси ўз юришини 1/8 финалда тўхтатган бўлса-да, Шомуродов Осиё Кубоги тўпурарлар рўйхатида 2-бўлди. Элдор гуруҳнинг барча ўйинларида гол урди: Туркманистонга дубль, Уммон ва Япония дарвозасига биттадан. 

"Ростов"га қайтиб, 2018/19 йилги мавсумнинг баҳорги қисмида фақат 2 та гол урди, аммо иккаласи ҳам муҳим вазиятда урилди: "Спартак" билан ўйинда ғалаба келтирувчи, "Краснодар" билан муҳим ўйинда дурангни таъминлаган голлар.

2019 йилнинг ёзида "Ростов" 4-3-3 тактик схемасига ўтди, Шомуродов ниҳоят Сигурдарсонни асосий таркибдан сиқиб чиқарди. 

Германиядан таклиф. ЦСКА Элдорни Чаловнинг ўринбосари сифатида кўрган эди

2019/20 йилги мавсум старти Шомуродов учун қойилмақом бўлди: 9 ўйинда 7 гол. Август ойида "Ростов"га Европа клубларидан илк жиддий таклиф келди – "Штутгарт"дан.

"Штутгарт" спорт директори Свен Мислинтат Шомуродовни 2016 йилда "Боруссия Д"нинг бош скаути бўлиб ишлаган пайтида пайқаган эди (Маълумот учун, Дортмундга Хуммельс, Левандовски, Кагава, Обамеянг сингари футболчиларни айнан Мислинтат олиб келган). Ўша йилнинг июлида "Боруссия"нинг иккинчи жамоаси Ўзбекистон олимпия термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказган эди. Мислинтат қанотда фаоллик кўрсатаётган Шомуродовни пайқаган ва Кержаков сингари Андрей Ярмоленкога ўхшатган.  

Таъкидланишича, "Штутгарт" 8 миллион евро тўлашга тайёр бўлган. Transfermarkt маълумотларига кўра трансфер амалга ошса, Бундеслиганинг 2-дивизиони рекорди такрорланарди. Бунга қадар фақат "Лейпциг" раҳбарияти "Вердер"га Дэви Зельке учун 8 млн тўлаган эди (2015 йилнинг июли). 

"Ростов" немисларнинг таклифини рад қилди, Элдор томон ҳам бу қарорни бамайлихотир қаршилади. "Биз 2019 йилнинг ёзи ва 2020 йилнинг қишини "Ростов" учун атадик, чунки бир пайтлар РПЛнинг бошқа клублари рад қилган пайтда улар Шомуродовга ишонч билдиришган эди. Биз "Ростов"дан Европага ўтишни хоҳлашимизни ҳеч қачон яширмаганмиз, аммо буни мос вақтда амалга оширишимиз керак эди", – дейди Қаҳҳор Мўминов.

Қайд этилишича, 2019 йилнинг августида ЦСКА ҳам "Ростов"га таклиф юборган. Чунки "армиячилар" форварди Фёдор Чалов "Кристал Пэлас"га кетишни режалаштираётган эди. Чалов Лондонга кетмади, аммо Шомуродов Москвага етиб борган эди. "Унда бир-икки кун ҳордиқ чиқариш имконияти бор эди. Уччаламиз учрашдик: Элдор, мен, Герман. Албатта, биз ҳар доим Европага йўл олиш учун тузилган стратегиямизни эслардик. Ўша учрашувда яна бир бор ўша фикр тасдиқланди: "Каттароқ рус клубига ўтиш бу ерда яна 2-3 йил қолишни билдиради. 28 ёшда "кўҳна қитъа"дан муносиб таклифлар бўлмаслиги мумкин. Осиё – ундай эмас, у ерга исталган пайтда боришингиз мумкин. Агар ўшанда дастлабки режадан воз кечсак, ҳозир афсусланиб ўтиришимиз мумкин эди", – эслайди Мўминов.   

2020 йилнинг қишида "Штутгарт" янги таклиф билан чиқди. Гарчи "ProSports Management" вакиллари муҳокама учун Германияга ташриф буюрган бўлса ҳам, "Ростов" яна рад жавобини берди. 

Томонлар ёзда такроран музокара ўтказишга келишиб олишди, коронавирус пандемияси "Штутгарт"га жиддий таъсир қилди – клуб мавсумнинг тўхтатилиши ва ўйинларнинг бўш стадионларда ўтказилиши туфайли 30 млн евро йўқотди. 

Бундеслигага қайтган бўлишига қарамай, молиявий жиҳатдан қийин ҳаволга тушиб қолган "Штутгарт" фақат Николас Гонсалес (ўтган мавсум 14 та гол урган 22 ёшли вингер) сотилган тақдирда Шомуродовни харид қила оларди. Аммо немис клуби аргентиналик футболчини олиб қолиш ва Бундеслига ўйинлари орқали унинг нархини кўтаришга қарор қилди.

2020 йилнинг ёзида "Ростов" "Гент"дан таклиф олди – янги бомбардир Жонатана Дэвидни "Лилль"га (27 млн) сотиб юборган бельгияликлар 5 миллионлик сўров юборишган эди. Бу таклиф клуб раҳбариятини қониқтирмади.

"Женоа"га трансфер. Келишув тунда якунланди – Шомуродов аллақачон ухлаганди, лекин ҳужжатларни имзолаш учун "Ростов" офисига келишга мажбур бўлди

2020 йилда Шомуродов фақат 2 та гол урди – февралда "Ахмат"га, сентябрда "Маккаби" дарвозасига. "Албатта, чақирувлар сони камайди. Илгари жамоалар бизга тез-тез қўнғироқ қилган бўлишса, энди ташаббусни ўз зиммамизга олдик. Элдор кетишни истади, аммо биз қишни ёки 2021 йилнинг ёзини кутишга тайёр эдик", – тан олди Ткаченко. 

29 сентябрь куни "Sport Italia" телеканали Шомуродов тез орада 8 млн евро эвазига "Женоа"га ўтишини эълон қилди. Кейинги кун "Metaratings" "Фиорентина" ва "Верона"нинг таклифлари туфайли трансфер тўхтатилиши мумкинлигини эълон қилди (ҳар 2 клуб "Ростов"га тахминан 10 млн евро таклиф қилган, дейилади манбада). 

Sports.ru хабарига кўра, на "Ростов", на "ProSports Management" "Фиорентина" ёки "Верона"дан ҳеч қандай таклиф олмаган. Фақат италиялик агент Алессандро Липпи "Ростов"га қўнғироқ қилиб, тез орада таклифлар келиши ва улар "Женоа" таклиф қилганидан каттароқ бўлишини айтган. 

"Липпининг иши унинг мақоми ва имиджига мутаносиб эмас. Биз "Фиорентина" ва "Верона"га қўнғироқ қилдик – ҳа, қизиқиш бор экан, аммо иккала клуб ҳам айни пайтда трансферга тайёр эмасди", – дея тушунтирди Герман Ткаченко. 

Натижада, 1 октябрь куни "Ростов" матбуот хизмати Шомуродовнинг "Женоа"га ўтаётганини эълон қилди. Музокаралар 1 ҳафтага чўзилмаган: итальянлар жума куни (25 сентябрь) таклиф юборган, "Ростов" уни рад этган. Кейин Шомуродов жамоанинг спорт директори Алексей Рискин ва президент Арташес Арутюнянц билан суҳбатлашди. Душанба куни (28 сентябрь) "Ростов" раҳбарияти розилик берди.

Кейинги 2 кун давомида клублар шартнома тафсилотларини келишиб олишди. "SILA International Lawyers" юридик фирмасининг ҳамкори Михаил Прокопец жараён ҳақида шундай деди: "Биз музокараларни чоршаба куни якунламоқчи эдик. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди, барча масала ҳал қилинди. Аммо Шомуродов йўқ эди. Кечки 12 да биз Элдорга қўнғироқ қилиб уйғотдик ва у офисга қайтиб, ҳужжатларни имзолади".

Музокаралардаги асосий муаммо тўловларни тўлаш вақти эди: "Ростов" барча маблағни дарҳол олишни истади, "Женоа" эса бўлиб тўлаш вариантида туриб олди. "Женоа" раҳбарияти Италияда яхши обрўга эга эмас – улар трансфер маблағларини доим ҳам ўз вақтида тўлашмайди. Шу туфайли "Ростов" шартномага тўловларни тўламаслик билан боғлиқ бир нечта бандни қўшди – итальянлар рози бўлди. "ProSports Management" вакиллари Шомуродовни топ-лигаларга олиб чиқиш ўзлари учун қанчалик муҳимлигини кўрсатишди. Битимнинг маълум фоизига эга бўлган агентлар Шомуродовнинг манфаатларини ўзлариникидан устун қўйишди – ўз улушларининг тўлови 2022 йилга қадар кечиктирилишига рози бўлишди", – тушунтирди Михаил Прокопец. 


Таъкидланишича, "Ростов" тахминан бир йилда ўз улушини тўлиқ миқдорда олади. 

***

Шомуродов "Женоа"да 61-рақамда ўйнайди (61 – Ростов вилоятининг рақамли коди). 

Элдор учун Россияни нафақат орқасидаги рақам эсга солади – маълум бўлишича, "Женоа" бош директорининг рафиқаси Михаил Горбачёвнинг Италияга биринчи сафари пайтида таржимон сифатида хизмат кўрсатган. Клубда рус оиласида туғилган ва рус тилида яхши сўзлаша оладиган Виктория исмли қиз ҳам ишлайди. Бундан ташқари "Женоа" итальян, ўзбек ва рус тилларини биладиган корейс аёлини топди – у Элдорга жамоага мослашиш учун ёрдамлашади. 

Шомуродов жамоага тезроқ кўникиш учун итальян тилини ўрганади – у аллақачон русийзабон ўқитувчи топган. Ростовда Европага кетишга тайёрланаётган Шомуродов маълум даражада инглиз тилини ўрганиб, рус тилини яхшилаган эди.

Элдор Италияда қандай ўйинлар намойиш қилади, кўрамиз. Шомуродовнинг А Сериядаги дебюти 19 октюрь куни "Верона"га қарши баҳсда содир бўлиши мумкин. Унгача эса кутишга мажбурмиз.


Фахриддин Рўзиев таржимаси

Rating: +57   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика