«Қизилқум» Ҳамза Каримов, Эркин Бойдуллаев ва Воҳид Шодиев билан шартнома тузди
19 jul 2016 11:48
News
«Қизилқум» Ҳамза Каримов, Эркин Бойдуллаев ва Воҳид Шодиев билан шартнома тузди
Навоийнинг “Қизилқум” футболчилари қисқа муддатли ёзги таътилдан сўнг, 8 июль куни ўз қароргоҳларида йиғилишганди.
Режага кўра, навоийликлар 12 июль куни Тошкентда “Футбол-МЕД” соғломлаштириш марказида тиббий кўрикдан ўтишди. Айни пайтда мавсумнинг иккинчи ярмига ҳозирлик кўраётган кончилар пойтахтимизда ўқув-машғулот йиғинини давом эттиришмоқда.
Биринчи давра учрашувларидан сўнг, “Қизилқум” футбол клуби раҳбарияти украиналик легионерлар Андрей Деркач ҳамда Вячеслав Шевченколар билан амалдаги шартномаларни бекор қилди. Жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар юз бериши кутиляпти. Жумладан, клуб раҳбарияти танаффус чоғида ҳимоячи Ҳамза Каримов, ярим ҳимоячи Эркин Бойдуллаев (“Насаф”), ҳужумчи Воҳид Шодиев (“Перак”, Малайзия)лар билан расман шартнома имзолади.
Ҳозирда жамоа машғулотларида турли йилларда “Нефтчи”, “Андижон”, “Шўртан” жамоаларида ўйнаган Шукур Жумабоев, ўтган мавсумда “Олмалиқ” ҳамда биринчи даврада “Андижон” таркибида тўп сурган болқонлик Неманья Йовановичлар қатнашмоқда.
18 июль куни “Қизилқум” футболчилари Тошкент йиғини доирасида илк назорат учрашувида майдонга тушди. Унда навоийликлар “Қўқон-1912” жамоаси билан куч синашди.
Ўйинда ҳар иккала жамоа мураббийлари бир қатор янги футболчиларга имконият берди. Биринчи бўлимда навоийликлар майдонда сезиларли устунликка эга бўлишди. Дастлаб Самандар Шодмонов ҳисобни очди. Сўнгра биринчи бўлим охирларида қўқонликлар ўз жарима майдончаси ичида ўйин қоидасини бузди. 11 метрли нуқтага яқинлашган Илҳом Юнусов нишонни аниқ олди — 2:0.
Танаффусдан кейин “Қўқон-1912” жамоаси бош мураббийи таркибда янги ўйинчиларни синовдан ўтказди. Улардаги уюшқоқлик тез орада ўз самарасини берди. Аввалига Маъруф Зокиржонов ҳисобдаги фарқни қисқартирган бўлса, орадан кўп ўтмай Отабек Зокиров мувозанатни тиклади.
Аксарият мухлислар ўйин дуранг билан тугашини тахмин қилаётган бир паллада болқонлик легионер Неманья Йованович гол муаллифига айланди ва “Қизилқум” жамоаси ғалабасини таъминлади — 3:2.
Ўртоқлик учрашувида жамоалар мураббийлар штаби қуйидаги футболчиларни майдонга туширди:
“ҚИЗИЛҚУМ”: Эркин Жабборов, Георгий Квесеишвили, Файзулла Қамбаров, Алишер Юсупов, Ғайрат Жумаев, Эркин Бойдуллаев, Самандар Шодмонов, Илҳом Юнусов, Отабек Нарзуллаев, Воҳид Шодиев, Баҳриддин Ваҳобов.
Захирадан майдонга тушганлар: Неманья Йованович, Акмал Рустамов, Шерали Жўраев, Элиёржон Акбаров, Шукур Жумабоев.
“ҚЎҚОН-1912”: Азиз Ашуров, Маъруф Зокиржонов, Жалил Кимсанов, Достон Турсунов, Нодир Юлдашев, Отабек Зокиров, Баҳодир Акрамов, Абдуллоҳ Олимов, Жавоҳир Сиддиқов, Суҳроб Бердиев, Ориф Мамажонов.
Заҳирадан майдонга тушганлар: Руслан Матниязов, Шоҳрух Холматов, Азиз Ғуломхўжаев, Иброҳим Раҳимов, Иқбол Маликжонов, И. Абдуғаниев, И. Олимбоев, Азиз Тўхтабоев, Носир Отақўзиев.
Голлар: Маъруф Зокиржонов (52), Отабек Зокиров (58) — Самандар Шодмонов (26), Илҳом Юнусов (41-пен.), Неманья Йованович (83).
Ҳакамлар: Олимжон Толибжонов, Акбар Пўлатов, Темур Галеев (барчаси — Тошкент).
Comments