Қизил карточка, пенальти, VAR, ёмғир остида кечган "Бунёдкор" - "Андижон" ўйини ҳақида
21 mar 2021 13:18
News
Қизил карточка, пенальти, VAR, ёмғир остида кечган "Бунёдкор" - "Андижон" ўйини ҳақида
Хусусан, Тошкентда ўтган ягона "Бунёдкор" - "Андижон" жамоалари ўртасидаги учрашув ҳам томошабоплиги жиҳатдан қолган ўйинлардан қолишгани йўқ. Демак, бугун қизиқарли ва шиддатларга бой ўтган мазкур баҳс тафсилотларига тўхталамиз.
Таркиб ва тактикадаги ўзгаришлар
Аввалги икки турда бир ҳил таркибдан фойдаланган "Бунёдкор" мураббийлари мазкур баҳсда таркиб ва тактикада маълум бир ўзгаришларга қўл уришди. Футболчиларнинг майдондаги жойлашуви ҳам бошқача кўриниш олди. Аввалги ўйинларда ўнг қанот ҳимоясида ҳаракат қилган Суннатилла Абдуллажонов чап қанотда Улуғбек Абдуллаевнинг ўрнида илк дақиқалардан ўйнашни бошлади. Абдуллажоновнинг позициясида эса Муҳаммадодил Қаҳрамонов бошланғич таркибдан ўрин олди. Марказий ҳимояда Давронжон Эргашев ва Абдулла Абдуллаев жуфтлиги бу ўйинда ҳам ўзгаришсиз қолди. Ярим ҳимояда Лутфулла Тўраев Одилжон Абдураҳмонов ва Нурилло Тўхтасинов учлиги тўп тепди. Тўхтасинов олдинги баҳсларда қанотда, вингер сифатида ҳужумчиларга ёрдам берганлигини таъкидлаш жоиз. Унинг ўз позициясига қайтиши жамоанинг ўйинига ҳам қайсидир маънода ижобий томондан таъсир қилди, ташкил қилинаётган ҳужумларда кескинликнинг ошишида катта рол ўйнади. Ҳужумда эса шу куни Шаҳбоз Эркинов, Иброҳим Томива ва Хуршид Ғиёсов ҳаракат қилди. Эътибор берган бўлсангиз Тўхтасинов марказга кўчгач бу ўйинда қанотдаги вингер вазифасини дастлабки дақиқалардан Томива бажарди. Эркинов эса соф ҳужумчи сифатида ҳужумларни якунлашда жонбозлик кўрсатди. "Андижон" футболчиларининг майдондаги жойлашуви эса шундай кўриниш олди:
Бунда биз катта ўзгариш кўрганимиз йўқ. Чап қанотда Абдуғани Камолов ўрнида Иброҳим Отахонов, таян ярим ҳимоясида Эдгар Бернхардт ўрнида Муҳаммад Исаев, қанотда эса Дониёр Исмоилов ўрнида Жасур Жалолиддинов ўйнаган бўлса, унинг позициясида асосий таркибдан Камрон Саидазимов жой эгаллади. Умумий қилиб айтганда икки жамоа ҳам ҳужумкор таркибда майдонга тушди.
Қизил карточка ва асабий руҳда ўтган биринчи бўлим
Майдон эгалари ўйиннинг илк дақиқаларидан рақиб жарима майдончасида хавфли вазиятлар яратишни бошлади. 6-дақиқада нигериялик ҳужумчи Иброҳим Томива ўнг қанотдан тўпни ерлатиб жарима майдонига узатди, марказдаги Шаҳбоз Эркинов тўпга улурмади. Тўпга етиб келиб зарба берган Хуршид Ғиёсовнинг зарбаси ҳимоячига тегиб қайтди. Учрашувдаги илк кескин ва яққол голли вазият 12-дақиқага келиб юз берди. Тожикистонлик ҳимоячи Давронжон Эргашевнинг яқин масофадан йўллаган зарбасидан сўнг тўпни рақибнинг италиялик ҳужумчиси Мартин Боаке дарвоза чизиғи устида қайтарди. Ушбу вазиятдан бир дақиқа ўтиб баҳсда ҳисоб очилди. Нурилло Тўхтасиновнинг бурчакдан узатилган тўпни Давронжон Эргашев боши билан Шаҳбоз Эркиновга етказди, ҳужумчи эса бир уринишда дарвозани ишғол қилди. Бир томондан олиб қаралганда тўп юқоридан Эргашевга келиб тушаётганида майдондан ташқарига чиқиб кетгандек кўринганди. Лекин ҳакамлар голни инобатга олишди. Голдан сўнг "Андижон" ҳам олдинга ўтишга интилди. Бироқ якуний зарбаларда аниқлик етишмади. Боз устига шаррос қуяётган ёмғир ҳам майдонда икки жамоага ҳам эркин ҳаракат қилишга йўл қўймади. Ҳисобда олдинда бораётган мезбонларда нима учундир бўлим ўрталарига келиб асабийлик кузатилди. Лутфулла Тўраев, Шаҳбоз Эркинов огохлантирилди. 37-дақиқада "қалдирғочлар" бир киши кам бўлиб қолишди. Нигериялик ҳужумчи ҳаводаги курашда рақиб футболчиси Диёр Раҳимқуловнинг оёғига очиқдан очиқ зарба берди. Бош ҳакам эса иккиланмасдан унга қизил карточка кўрсатди. Айтиш мумкинки, ушбу ҳужумчи қаторасига иккинчи ўйиндирки жамоасини қийин ҳолатга солиб қўймоқда. "Металлург" билан Бекободда кечган ўйинда бўш дарвозага гол ура олмаган бўлса, кеча эса қизил карточка олди. Мазкур четлатишдан сўнг устунлик "Андижон" томонига ўтди. Бўлим охирида жамоада ҳисобни тенглаштириш учун қулай имконият юзага келганди, 43-дақиқада Камрон Саидазимовнинг жарима тўпидан йўллаган зарбасига Равшан Ягудин ажойиб сейв билан жавоб қайтарди. Лекин бу вазиятда бош ҳакам Муҳаммадодил Қаҳрамоновни тўпни дарвозабонга атайин узатди деб топди ва жарима майдони ичида эркин зарба белгилади. Зарба эса муваффақиятсиз чиқди.
Пенальти бекор қилинган, "Бунёдкор" ирода кўрсатган иккинчи бўлим
Бир киши кам бўлиб қолганига қарамасдан мезбонлар иккинчи бўлим бошидан ўйин тизгинини қўлга олишди. Ҳаттоки Томиванинг майдондан четлатилгани ҳам сезилгани йўқ. 61-дақиқада қанотда тиним тинчимаган Хуршид Ғиёсов пенальти ишлашга муваффақ бўлди. 11 метрли зарбани эса унинг ўзи бехато амалга оширди. Меҳмонлар эса асосан стандарт вазиятлардан самара чиқаришга уринишди. Дарҳақиқат амалга оширилган жарима зарбалари жуда ҳам кескин кўриниш олди. Ўтган турда жаримадан ажойиб гол уриб "Андижон"га ғалаба келтирган Дониёр Исмоиловнинг 75-дақиқадаги зарбасидан йўллаган кучли зарбасидан сўнг яна катта саҳнага Ягудин чиқди ва жамоасини муқарра голдан қутқариб қолди. Бундан сўнг яна босимни оширган "бургутлар" ҳисобдаги фарқни қисқартиришди. Бурчакдан узатилган тўпни Усмонали Исмоналиев боши билан дарвозага йўллади. Мазкур гол қайсидир маънода ўйинга интиргани қайтарди. Сўнгги дақиқалар яқинлашган сари "Андижон" ҳужумга, "Бунёдкор" эса ҳимояга эътибор қаратиб, кўпроқ қарши ҳужумларда рақибни ўққа тутди. Бу эса 85-дақиқада ўз самарасини берди. Тўхтасинов-Абдураҳмонов комбинациясидан сўнг Миржаҳон Мираҳмадов бирга-бир вазиятда гол уриб амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Шундан кейин ҳам Отабек Ғуломхўжаев шогирдларида иккита ажойиб имконият юзага келди. Дастлаб Абдулҳай Исмоиловнинг жарима майдони ичидан йўллаган зарбаси ҳимоячига тегиб қайтган бўлса, Жасур Жалолиддиновнинг жаримадан йўллаган аниқ зарбасини Ягудин қайтарди. Учрашув тугашига саноқли сониялар қолганда бош ҳакам Фирдавс Норсафаров "Андижон" дарвозаси томон пенальти белгилади. Барчасига аниқлик киритиш учун эса VAR тизимига юзландик. Якунда VAR`нинг қароридан сўнг 11 метрлик зарба бекор қилинди.
Шу тариқа "Бунёдкор" жорий мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритган бўлса, "Андижон" иккинчи мағлубиятни қабул қилиб олди. Ушбу ғалабан сўнг мезбонлар Суперлига турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилиб олди.
Рақамлар ва фактлар
Кеча икки жамоа ўзаро 23-ўйинда майдонга тушишди. "Бунёдкор" 17-ғалабасини қўлга киритди. "Андижон" эса шу вақтга қадар ҳали бирор маротаба ғалаба нашидасини сурмади. Жамоаларнинг 6 ўйинида дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати кечаги баҳсдан сўнг 43-7 кўринишига келди, "Бунёдкор" фойдасига.
Coca Cola Суперлига, 3-тур
БУНЁДКОР – АНДИЖОН 3:1
20 март 2021 йил. Тошкент. "Бунёдкор" стадиони. 18:30
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Зуфар Элибоев, Фарҳод Усмонов, Шоҳруҳ Қаюмов
Назоратчи: Владислав Цейтлин
VAR ҳаками: Акобирхўжа Шукуруллаев
VAR ассистентлари: Тимур Галеев, Кристина Середа
VAR назоратчи: Фарҳод Абдуллаев
VAR оператори: Шерали Жаналиев
Комиссар: Шоҳруҳ Саид
Голлар: Шаҳбоз Эркинов 13, - 1:0 (Давронжон Эргашев). Хуршид Ғиёсов 62 пенальти, - 2:0. Усмонали Исмоналиев 76, - 2:1 (Дониёр Абдуманнопов). Миржаҳон Мираҳмадов 85, - 3:1.
"Бунёдкор": 1. Равшан Ягудин, 4. Давронжон Эргашев, 7. Суннатилла Абдуллажонов (11.Расул Йўлдошев, 88), 10. Хуршид Ғиёсов (9. Фаррух Икромов, 81), 13. Лутфулла Тўраев, 17. Одилжон Абдураҳмонов, 19. Нурилло Тўхтасинов, 22. Шаҳбоз Эркинов (14. Миржаҳон Мираҳмадов, 72), 30. Абдулла Абдуллаев, 37. Муҳаммадодил Қаҳрамонов, 49. Иброҳим Томива.
Захира: 71. Сарвар Каримов, 6. Авазбек Ўлмасалиев, 8. Санжар Рашидов, 34. Суҳроб Иззатов.
"Андижон": 1.Низомиддин Зиёвутдинов, 4.Усмонали Исмоналиев, 6.Иброҳим Отахонов, 7.Мартин Боаки, 9.Камрон Сайдазимов (11.Абдулҳай Исмоилов, 54), 10.Жасур Жалолиддинов, 28.Суннатилло Ҳамиджонов, 33.Дониёр Абдуманнопов, 49.Пламен Димов, 70.Диёр Раҳимқулов (17.Фарҳод Соҳибжонов, 87), 77.Муҳаммад Исаев (14.Дониёр Исмоилов, 46).
Захира: 32.Жавоҳир Қиличев, 2.Камрон Наджафалиев, 3.Эдгар Бернхардт, 8.Бахтиёр Қосимов, .
Огоҳлантиришлар: Иброҳим Отахонов 22, Шаҳбоз Эркинов 29, Лутфулла Тўраев 43, Дониёр Исмоилов 46, Одилжон Абдураҳмонов 69,
Четлатиш: Иброҳим Томива 37.
Bunyodkor Shakhboz Erkinov - 13', Hurshid Giyasov - 62', Mirjakhon Mirakhmadov - 85' |
Superliga. Round 3 20/03/2021, 18:30 1
:
3
Finished
|
Andijan Usmonali Ismonaliyev - 76' |
Абдулазиз Искандаров
Comments