ЎзПФЛ раҳбарлигига номзодини қўяётган Азамат Абдураимов: "Клублар футболимизнинг фундаменти бўлиши керак"
20 sep 2020 15:28
News
ЎзПФЛ раҳбарлигига номзодини қўяётган Азамат Абдураимов: "Клублар футболимизнинг фундаменти бўлиши керак"
Унда ҳар бир номзод ўз дастурини эълон қилади ва клублар раҳбарлари, мураббийлари ўзлари маъқул деб топган номзодга овоз беришади. Яъни умумий қилиб айтганда ПФЛ янги раҳбари сайлов асосида тайинланади. Айни пайтда ПФЛ раҳбарлиги учун бир нечта мутахассислар ўзининг номзодини таклиф қилишмоқда.
Таниқли футбол мураббийи, собиқ футболчи, фаолияти давомида кўплаб жамоаларда ишлаган, Азамат Абдураимов ҳам сайловлар ўтказилган тақдирда ўз номзодини илгари суришни мақсад қилмоқда. Биз бу борада Азамат Абдураимовнинг фикрларига қулоқ тутишга қарор қилдик.
“Бизнинг Проффессионал футбол лигамиз сифатли бўлиши керак. Бугунги кунга келиб футболимиз даражаси тушиб кетди. Кўпчилик таъкидлаётганидек футболимиз унчалик ёмон аҳволда эмас. Футболимиз ривожланмоқда, олдинга интилмоқда. Яхши футболчилар етишиб чиқмоқда. Лекин, бари биз хоҳлагандек бўлмаяпти. ПФЛ маҳсулот ишлаб чиқаради яъни бу клублар. Агар футболимиз даражаси ошадиган бўлса мухлислар ҳам стадионларга қайтади. Шундагина биз ҳомийлар, телевидения, трансляциялар ҳақида гапиришимиз мумкин. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Масалан, “Насаф” ОФК кубогини ютадиган бўлса бу футболимизнинг халқаро майдондаги имиджини оширади. Агарда “Пахтакор” ОЧЛда муваффақиятли иштирок эта олса бу ҳам нуфузимизни тикланишига олиб келади. Менга Россиядан дўстларим, мутахассислар, танишлар қўнғироқ қилиб Шомуродов, Ўрунов, Жалолиддиновлар сабаб яна ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш ортаётганини айтишди. Иқтидорли, ёш ва тайёр футболчилар бўлса клубларнинг ўзлари бизнинг жамоаларга қўнғироқ қилишади. Қизиқишни ортаётгани бизда яхши футболчилар кўплигидан далолат беради.
Биз ўзимизнинг менталитетимиз, услубимиз, қарашларимиз ва тарихимиз билан Осиёда етакчилар қаторига киришимиз лозим. Энди сайлов олди дастурим ҳақида фикр билдирсам. Дастурим иккита бўлимдан иборат, 2030 йилгача бўлган стратегик ривожланиш ва ПФЛдаги тизмни ўзгартириш.
Стратегик ривожланиш 3 босқичдан ташкил топади. Биринчи босқич 2021-2022 ўтиш жараёни, иккинчи босқич навбатдаги 4 йиллик режасини ишлаб чиқиш яъни Жаҳон чемпионатидан кейинги давр. Учинчи босқич 2026-2030 йилгача жараённи ўз ичига олади. Ҳар бир босқич маълум бир вазифалардан иборат.
Тизмни ўзгартириш. 2018 йилга қадар футзал ва аёллар футболи алоҳида ассоциация сифатида фаолият юритиб келган. Менинг фикримча юқоридагиларни яна тиклаш керак. Аёллар футболи масаласини ҳам ўйлаб кўриш лозим. Алоҳида ассоциация сифатида фаолият юритиши ёки футбол ассоциация қошида ташкил этилишини кўриб чиқилиши жоиз. Футзалдан ўша пайт Жаҳонгир Усмоновни кетиши минус бўлганди, “Ардус”деган жамоа ёпиб юборилди. Жаҳон чемпионатига чиқишимизда “Ардус” клубининг ҳиссаси катта бўлганди. Футзал умуман бошқа йўналиш, бошқа соҳа. ПФЛ чемпионатни ўтказадиган, клубларни назорат қиладиган ташкилот бўлиб қолаверади. Яъни Суперлига, Про лига, биринчи лига. Мана шу учта даражадаги турнирларни сақлаб қоламиз. Тизм ўзгартириш дегани келиб дарҳол ҳамма нарсани синдириш ёки революция қилиш дегани эмас. Аниқроғи барчасини сақлаб, натижа ёки самара бермаган нарсаларни ўзгартирамиз. ПФЛ раҳбари ва клублар ўртасида узвий алоқани ўрнатиш зарур.
ПФЛ раҳбари клублар мураббийларини ишига аралашмаслиги, уларга қандай машғулот ўтказиш кераклигини ўргатмаслиги шарт. Терма жамоа ўйинлари, клублар халқаро майдонда ўйнаётган пайтларда тақвим масалаларини биргаликда ҳамжиҳатликда ҳал қилишимиз мумкин. ПФЛнинг мустақил ташкилот сифатида ишлаши ФИФА ва ОФКнинг талабларидан бири ҳисобланади. Бугунга қадар барчаси битта бинода бажариб келинмоқда. Алоҳида бинода жойлашишдан ташқари, мустақил ташкилот сифатида фаолият олиб бориши керак. Шунингдек, ПФЛ раҳбарини клубларни ўзи овоз бериш йўли орқали тайинлаши зарур, Россия, Украина каби кўплаб давлатларда шундай. Клублар футболнинг фундтаментидир, клублар кучли бўлса чемпионат кучаяди, унинг ортидан терма жамоа даражаси кўтарилади. Бу менинг мақсадимдир.
Таклифим, тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам Украина ва Россия футболидан олиб қарасак, бу мамлакат футбол лигасида марказий кенгаш тузилган. Бу кенгашнинг ичида футболчилар уюшмаси ҳам бўлади. Мураббийлар ва мухлислар ҳам шунинг таркибига киради. Клублардан вакиллар бўлади.
ПФЛда мухлислар билан ишлаш учун ҳам алоҳида бўлим бўлиши керак. Футбол мухлислар учун, уларнинг завқ олиши учун ўйналади. Мухлисларсиз футбол ўлик футбол. Биздаги ҳозирги муаммо мухлислар футболга кам ташриф буюраётганлигида. Масалан, “Зенит” жамоасида бу борада аниқ дастур ишлаб чиқилган. Стадионда оилавий сектор бор, у ерда оиласи, боласи билан келганлар ҳордиқ чиқариши мумкин, ҳеч қандай шовқин ва ҳақоратларсиз, ортиқча тўполонларсиз дам олиши учун шароит яратиб беришимиз керак. Мухлис стадионда икки соат фақат футбол томоша қилиши керак эмас. Викториналар, стадион атрофида атракционлар ва бошқаларни йўлга қўйиш жоиз. Бу ҳам бир бизнес. Мухлисларни стадионларга қайтаришни истасак уларга шароитларни яратиб беришимиз лозим. Барчасини ўйлаб чиқиш шарт. ПФЛ структураси замонавий стандартларга мос келиши шарт.
ПФЛда халқаро бўлим ҳам фаолият олиб бориши зарур. Даврон Шоқурбонов даврида бу бўлим фаолияти юритмади. Бундан кўзланган мақсад четдан тажриба олиш. Шу кунгача ҳеч қайси мураббий ПФЛ кўмагида хорижга малака оширишга юборилмади. Шулар қатори маркетолог ва менежерларни ҳам. Ҳозирда сиёсий томондан олиб қаралганда қўшниларимиз билан муносабатларимиз жуда яхши йўлга қўйилган. ПФЛ ҳам Марказий Осиё мамлакатлари клублари билан бирор турнирни ташкил қилиши мумкин эди. ОФК, ОЧЛдан ташқари ғарб минтақасида Форс кўрфази кубоги турнири бор. CAFA фақат терма жамоалар учун ҳисобланади. Тақвимда жой ажратган ҳолда клублар миқёсида Марказий Осиё мамлакатлари билан турнир ташкил қилса бўлади. Қизиқиш катта бўлиши аниқ, маблағ ишлаб олиш имкони бўлади.
Ҳамма болалар футболини кўтариш керак, ривожлантириш керак деб бонг уради. Лекин, келгач эса жим бўлиб қолишади. Биз қанчадан-қанча иқтидорларни йўқотмоқдамиз. Бола 16-17 ёшида порламаслиги мумкин, Қосимов 17 ёшида, Шквирин 20 ёшида танилган. Мана шу ўтиш даврида футболчини сақлаб қолиш муҳим. Чемпион номи олдиндан аниқ бўлса, интрига бўлмаса, кураш бўлмаса футболимизни ўлдирамиз. Мухлислар стадионга ташриф буюрмайди бу кетишда. Мақсадимиз битта Суперклубни эмас, чемпионатни кучайтириш, оддий “Пахтакор” мисолида, улар чемпионат фаворити, лекин қолган клублар ҳам шунга қараб интилса бўлади.
Ўзбекистон Суперлигасида 16-18 та жамоа иштирок этиши тўғри менинг фикримча. Тўғри бу нарса бугун ёки эртага амалга ошмаслиги мумкин. Лекин, кун келиб жамоалар сони ошади. Натижада Про лигада ҳам 18-20та кучли жамоалар кўпаяди. Клубларни давлат активларини бошқариш агентлигига ўтиши ҳозирча нотўғри. Тўғри бу ҳам керак, клублар ҳусусий бўлади барибир. Аммо, вақти билан. Бугунги кунда клубларимиз давлат ёрдамига муҳтож. Вақти келса клублар ҳусусийлаштирилади, акционерлар қўлига ўтади. Бунга секин-секин етиб келамиз. Аммо, бунга ҳали тайёр эмасмиз. ПФЛ клубларнинг молиявий ҳолатини ҳам назорат қилиб бориши зарур деб биламан. Сўнгги йилларда клубларимиз хорижлик футболчилар ва мураббийлар билан кўп бор молиявий келишмовчиликларга боришди. “Шўртан”, “Навбаҳор”, “Андижон”, “Бухоро” жамоалари бунга яққол мисол. Натижада ФИФАдан турли санкциялар келмоқда. Бу нарса футболимизнинг имиджига зарар етказади. Мураббийни ишдан олаётганда унинг товон пулини ҳам ўйлаш жоиз. Клубларни раҳбарлари проффессионал инсонлар бўлиши керак.
Мени олишадими йўқми бу қизиқтирмайди. Мен ўзимнинг дастурим билан сайловларда қатнашмоқчиман. Агарда номзодликка қўйиладиган бўлсам ва cайлансам ҳеч нарсани ўзгартирмайман, революцияни кераги йўқ. Бу йил мавсумни ўтказиш жуда оғир бўлмоқда. Биринчи галда тинчлик билан мавсумни якунига етказиб қўямиз. Мавсум якунлангач қандай ишлар қилиниши кераклиги ҳақида гап",- дейди Азамат Абдураимов.
Comments