Latest news

00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  5 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  2 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  3 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  28 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6

Ўзбекистондан таклиф кутгани, ЖЧ бўйича ўз фикрлари, Эскобарнинг ўлими ва ишлаган жойлари ҳақида — Бора Милутинович билан самимий суҳбат News

Ўзбекистондан таклиф кутгани, ЖЧ бўйича ўз фикрлари, Эскобарнинг ўлими ва ишлаган жойлари ҳақида — Бора Милутинович билан самимий суҳбат

Жаҳон чемпионати пайтида Қатарда фаолият юритишган сайтимиз журналистлари сербиялик машҳур мураббий Бора Милутиновичдан интервью олишганди.

Қизиғи шундаки, Бора Милутинович жаҳон чемпионатлари тарихида 5та терма жамоани бошқарган (Мексика-86, Коста-Рика-90, АҚШ-94, Нигерия-98 ва Хитой-2002) ва 4та терма жамоа (Мексика-86, Коста-Рика-90, АҚШ-94 ва Нигерия-98)ни кетма-кет мундиал плей-офф босқичига олиб чиққан ягона мураббий сифатида Гиннесснинг рекордлар китобидан жой олган. Сербиялик мураббий Қатарда Жаҳон чемпионатини кузатиб борди.


Суҳбатни таниқли журналист Игорь Рабинер ва Championat.asia сайти асосчиларидан бири Гайрат Хасбиуллин олиб боришди. 


- Бора, мен сизга 1998 йилги Россия терма жамоасининг тахминий мураббийлар рўйхати вароғини кўрсатаман. Саволим шундаки, Россия сизни мураббий ролига таклиф этганми ва сиз билан мулоқот қилишга уринишлар бўлганми?

- Мен Россия билан алоқада бўлишдан хурсанд эмасдим, мен уларга кўп вақт сарфлаганман. Мени ҳайрон қолдирган учрашув Хельсинкидаги олимпия ўйинларида бўлган эди, Югославия ва СССР ўртасидаги учрашувнинг 77-дақиқаcида 5-1 ҳисобда ғалаба қозонаётган эдик, у вақтлари телевизор ва интернет бўлмасди ва мен ғалабани нишонлаш учун шаҳар марказидаги майдонга йўл олгандим. Майдонга етиб борганимда эса ҳисоб 5-5 бўлибди, Бобров 3та гол урган эди ва мен ўша учрашувни яхши эслайман.

- Сиз иккинчи учрашувдан сўнг нима бўлганини эслайсизми?

- Ҳа, биз 3-1 ҳисобида ғалаба қозонган эдик, лекин учрашувдан сўнг нима содир бўлганини эслашни хоҳламайман (таҳририят - учрашувдан сўнг Сталин терма жамоа ўйинчиларини ватанга хоинликда айблаган. Спортчиларнинг кейинги тақдири номаълум).

- Ўзбекистон терма жамоаси сизни 2014 йилда мураббийлик лавозимига таклиф этган экан? Сизда Ўзбекистондан таклиф бўлганми?

- Билмадим, биз ҳеч қачон бу ҳақида гаплашмаганмиз. Мен Тошкентда бўлганман ва шаҳрингизда сайр қилганман. Тошкентдаги иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларга бағишланган ҳайкални ҳали ҳам эслайман.



- Яъни, сизда ҳеч қачон Ўзбекистондан таклиф бўлмаган. 2014 йилда кўпчилик терма жамоамиз мураббийи бўлишингизни кутган эди?

- Йўқ, таклиф бўлмаган, лекин мен ҳам кутган эдим (кулади).

- Сиз жаҳон чемпионатида 5та жамоани бошқаргансиз ва бу рекорд ҳисобланади. Лекин 2006 йилги мундиалда олтинчи жамоани бошқармагансиз. Бунга ёшингиз сабаб бўлганми? Чунки, 2006 йилда сиз 62 ёшга қаршилагансиз?

- Мен ёшни муҳим деб ҳисобламайман, ҳозир жуда ҳам зўр ёш мураббийлар бор. Ёши катта кучли мураббийлар ҳам етарлича. Одамлар "унинг ёши катта" деб айтиши мумкин, лекин ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ

- 2006 йилда сизга қайсидир терма жамоа ёки федерация иш таклиф қилганми?

- Менга 1990 йилги жаҳон чемпионатидан 70 кун олдин алоқага чиқишган ва Коста-Рика терма жамоасига мураббийлик қилишни таклиф қилишган эди, мен бир сония ҳам ўйламай "ҳа" деб жавоб берган эдим. Аммо, Коста-Рика терма жамоасида менга ойлик тўлаш учун маблағ йўқ эди, ўшанда мен уларга "қаерга боришим керак ўзи? Етиб боришим учун неча пул кетади ва буни ўзим тўлайман" - деб жавоб бергандим. Коста-Рика ҳам сизларга (таҳририят - ЎФА) ўхшаган оддий федерация, лекин уларда хоҳиш ва таклиф бор эди, агар менга иш таклиф қилишмоқчи бўлса, шундай қийин ҳолатда ҳам ишлашга тайёрман.

- Эсласангиз, сиз 1990 йилги мундиалдан олдин Коста-Рика терма жамоаси асосий таркибидаги 6 нафар футболчини терма жамоадан четлатган эдингиз, ўша ҳолатга қандай изоҳ бера оласиз?

- Тўғриси айтсам, эсимда йўқ, лекин Коста-Рика терма жамоасидан фақатгина яхши хотиралар қолган. Биз жаҳон чемпионатидан олдин ўртоқлик учрашувларини ҳам ўтказмаган эдик, аммо мундиални ажойиб ўтказгандик. Биз гуруҳда Швеция (2:1) ва Шотландия (1:0)ни ютган ва фақатгина Бразилияга (1:0) мағлубиятга учраган эдик. Ўша мундиаль ажойиб ўтганди.

- Сиз жаҳон чемпионатида икки маротаба мезбон терма жамоанинг бош мураббийи бўлиб ишлагансиз (таҳририят - Мексика ва АҚШ) ва мезбонларни қандай бошқаришни жуда яхши биласиз. Бу сафарги мундиалда Қатарга нима етишмади?

- Мезбон жамоа учун кўп қийинчиликлар бўлади: босим, мухлислар, натижа ва жуда кўп бошқа факторлар.



- Сиз Мексика-86да эришган натижангизни тўрт йил олдин Станислав Черчесов Россия терма жамоаси билан такрорлади. Черчесовни ишига қандай баҳо бера оласиз?

- Тўғрисини айтсам, Россия терма жамоаси бундай натижага эришганининг энг катта сабабчиси дарвозабон бўлган эди.

- Мексика гуруҳдан чиқа олмади, сиз бундай натижадан ранжидингизми?

- Ҳа, Мексика гуруҳдан чиқа олмади, бу ёмон натижа.

- Сиз Сербия терма жамоасида ҳеч қачон ишламагансиз, бунга сабаб борми?

- Ҳа, ҳеч қачон ўз ватаним терма жамоасида бош мураббий сифатида ишламаганман, лекин менинг укам Сербияда мураббий бўлиб ишлаган.

- Сиз, Осиё футболини яхши биласиз, Россия ОФКга ўтишни истаётганига қандай фикр билдирасиз? УЕФАдан чиқиб ОФКга ўтиш хато қарор эмасми?

- Россия Осиёнинг бир қисми ва Россия ҳудудининг ярми Осиёда жойлашган. Улар ОФКга ўтса бўлади ва уларга омад тилайман.

- ОФКга ўтиш Россиянинг даражасига таъсир қилмайдими?

- Ҳар бир терма жамоа, жаҳон чемпионатига чиқишни хоҳлайди ва улар шу сабаб ҳам Осиёга ўтишмоқчи, қолганлари эси уларнинг шахсий муаммоси.

- Жаҳон чемпионати иштирокчилари сони кўпайтирилишига қандай қарайсиз?

- Фикримча 32та жамоа билан бўлган тақвим яхши эди, лекин қарорни улар қабул қилишади, биз эмас.



- Сизга ўхшаб дунёнинг турли қисмларида миллий терма жамоаларни бошқарган мураббийларни биласизми?

- Билмадим, тўғриси. Гус Хиддинк.

- Хиддинк билан шахсан танишмисиз?

- Ҳа, у билан танишмиз. Биз мураббийлар ҳаммамиз танишмиз ва тез-тез гаплашиб турамиз.

- Сизнинг иккита укангиз ҳам жаҳон чемпионатида қатнашган, шу гап ростми?

- Ҳа, укаларим жаҳон чемпионатида қатнашишган, 1954 ва 1958 йилларда.

- 28 ёшингизда Мексика жамоасига ўтгансиз. Бу қандай содир бўлган?

- Кўп саёҳат қилганим ва рафиқам сабабли. Мексика ажойиб давлат, у ерда ажойиб одамлар яшайди.

- Жаҳон чемпионатларида тўрт маротаба плей-оффга чиққансиз. Бунга қандай эришгансиз, нималарга кўпроқ эътибор бергансиз?

- Менга ўйинчиларнинг хоҳиши ва мотивацияси катта ёрдам берган. Кўп ёшларни ўйнатганман, уларда етарлича хоҳиш бўлса бас.

- Нега Мексика терма жамоасида яна ишлашга қолмагансиз. Масалан, 1990 йилги мундиалгача қолсангиз бўлар эди-ку?

- Улардан сўранг, мен билмайман тўғриси (кулади).

- Нигерия терма жамоасида ишлаш қандай бўлган. Африкага кўникиш қандай кечган?

- Африка терма жамоаларини кўплар анча паст баҳолайди, лекин мен бундай фикрга қўшилмайман. Мен ишлаган вақтда Нигериянинг таркиби тарихда энг кучлиси эди ва биз кўпроқ нарсага эришишимиз мумкин эди.



- Коста-Рика терма жамоаси билан эришган натижангиз қандай бўлган? Менинг фикримча, улар билан эришган натижангиз энг кутилмагани бўлганди.

- Бизда яхши жамоа бор эди. Мундиалдан олдинги ўртоқлик учрашувларида ҳар доим турли хил таркиб билан ўйнаганмиз. Кўп ўртоқлик учрашувларини ўтказгандик, жамоа ҳам кучли эди. Жисмоний ва интеллектуал томонлама яхши жамоага эга эдик.

- Нега клубларда кам ишлагансиз?

- Мексикада "Унас Пумал" билан ишлаганман ва биз барча совринларни ютганмиз: кубок, маҳаллий чемпионат, қитъа кубоги.

- "Унас" билан бўлган яхши натижалар миллий терма жамоа мураббийи этиб тайинланишингизга сабаб бўлганми?

- Ҳа, ўша вақти терма жамоада мураббий йўқ эди, федерация эса менга ишонч билдирди ва мураббий этиб тайинландим.

- Кейин эса Аргентина ва Италия клубларида ишладингиз, сизга кўпроқ қаерда ишлаш мақулроқ: клуб ёки терма жамоа?

- Менга терма жамоада ишлаш анча ёқимлироқ.

- Нега айнан терма жамоаларда?

- Чунки терма жамоада кўпроқ ўйинчиларга эга бўласиз ва шу сабаб сизда яхши жамоа тузиш учун кўпроқ имконият бўлади.

- Лекин сиз бошқарган Ямайка, Коста-Рика, Хитой ва Нигерия терма жамоаларида кучли ўйинчилар кам-ку?

- Сиз яхши ўйинчиларни топишингиз, кўп кузатишингиз ва ҳар доим таҳлил қилиб туришингиз керак.



- АҚШ терма жамоасига мураббий қилиб тайинланишингизга Франц Беккенбауэр ёрдам берган дейишади. Аниқроғи, у АҚШдаги футбол амалдорларига сизни маслаҳат берган экан.

- Ҳа, биз у билан яқин танишмиз, у менга ёрдам берган бўлиши мумкин.

- АҚШга мураббий этиб тайинланганингизда мамлакатда футболга қизиқиш қай даражада эди?

- Футболга қизиқиш кам эди, лекин улар "соккер" бўйича жаҳон чемпионатини интиқлик билан кутишаётган эди (кулади), у вақтлари мен инглиз тилида яхши суҳбатлаша олмас эдим ва шу сабаб жуда кам инсонлар билан гаплашганман. Аммо, терма жамоани яхши билардим. Мексика мураббийи бўлган пайтларимдан бошлаб уларни яхши таниман. АҚШ билан кўп ўртоқлик ўйинлари ўтказганмиз.

- 1994 йилги мундиалда Андрес Эскобар ҳаётини сақлаб қолиш учун Колумбияга ютқазиб бериш имконияти бўлганида (таҳририят - Эскобар АҚШга қарши учрашувда автогол уриб қўяди ва Колумбия гуруҳда қолиб кетади. 10 кундан сўнг эса Эскобар Колумбияда мухлислар томонидан отиб ўлдирилади), бу ишни қилармидингиз?

- Эскобарни кўп эслашади, аммо унинг айби нима? Фақат у ютқазмаган-ку. Колумбия терма жамоасида ҳам айб бор, аммо у билан бўлган ҳодиса қайғули. Сизларни тушуниб турибман, журналистсизлар, лекин Эскобарнинг хатосига мен ва АҚШнинг алоқаси йўқ. Бу бахтсиз ҳодиса бўлган ва ўша иш майдондан ташқарида рўй берган.

- Бора, сиз Эрве Ренарнинг танаффусда айтган мотивацион сўзларини эшитдингизми, бунга фикрингиз қандай?

- Ҳар бир муррабийнинг ўз ёндашуви бор, унинг гаплари жамоага ғалаба келтирдими, унда яхши. Яна давом этаверсин.

- Хитой терма жамоаси мураббийи сифатида бир марта Ўзбекистонга ютқазгансиз (таҳририят - Ширшов гол урган ўйин).

- Эслолмайман тўғриси. Аммо, жаҳон чемпионатига чиққанмиз ва саралашни ажойиб тарзда якунлаганмиз, Ўзбекистон билан саралаш якунида нима содир бўлди?

Гайрат Хасбиуллин: Биз барибир саралашдан ўта олмаганмиз ва мундиал биз учун яна орзу бўлиб қолганди. Мен ўша саралашни кўрганман, кичкина бола эдим. Саралаш босқичида қолиб кетганимиздан сўнг роса йиғлаганман (кулади).



- "Агар Хитой терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмасам, Буюк Хитой деворидан сакрайман" дегансиз, шу ростми?

- Бу гапни айтмаганман, журналистлар бошқа маънода тушунишган. Аммо, мундиалга чиқа олмаганимизда, улар менимча Буюк Хитой деворидан мени улоқтириб юборишар эди (кулади).

- Сиз 50-йилларда Пеленинг ўйинларини кўргансиз, у қандай ўйнаган?

- Пеле ажойиб ўйинчи эди, биз дўст эдик. У бразилияликлар каби шўх ва ажойиб эди. Яна 50-йилларда менинг акам зўр ўйинчи бўлган, У Европада ажойиб ўйинлар намойиш этган.

- Сизнингча футбол "қироли" ким? Пеле ёки Марадона?

- Иккаласи ҳам ажойиб футболчи эди, мен ким қирол эканлигини билмайман, тўғриси. Марадонага қарши ўйнаганман ва унинг ўйинини шахсан ўзим кўрганман.

- Фикрингизча, Қатардаги жаҳон чемпионатида энг ёмон ва энг яхши нарсалар?

- Фикримча, энг ажойиб нарса бу - инфраструктура, айниқса стадионлар.

- Сизга катта терма жамоалардан таклифлар бўлганми?

- Тўғриси, эслолмайман, менимча бўлмаган, агар таклиф бўлганида мен қабул қилар эдим ва уларни мундиалга олиб чиқардим (кулади).

- Сизнинг футболдаги орзуингиз нима?

- Футболда орзуим йўқ, ҳаммасини амалга оширдим. Ягона орзуим - Ҳималай чўққисига чиқиш.

- Демак сизнинг кейинги иш жойингиз Непал терма жамоаси эканда? (кулади)

- Йўқ, Непалга турист сифатида бораман, бу нарса аниқ.



Гайрат Хасбиуллин ва Игорь Рабинер суҳбатлашди

Абдулвосит Бектемиров таржимаси


Championat.asia сайти мазкур интервьюни ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун Алишер ва Равшан Никимбаевга миннатдорчилик билдиради.

Rating: +7   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика