Latest news

17:07Суперлига. "Бунёдкор" "Олимпик"ни мағлуб этди ва хавфли зонадан узоқлашди  1 16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39Суперлига. "Андижон" - "Динамо" (матнли трансляция)  2 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  14 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  25 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  7 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  7

"Осиёдан келган таклифларни рад қилдим, Арвеладзеда гинам йўқ". Жасур Яхшибоев билан тўлиқ интервьюни ўқинг News

"Осиёдан келган таклифларни рад қилдим, Арвеладзеда гинам йўқ". Жасур Яхшибоев билан тўлиқ интервьюни ўқинг

Ўзбекистон терма жамоаси ва Беларуснинг "Шахтёр" клуби аъзоси Жасур Яхшибоев championat.asia сайтига эксклюзив интервью берди.

Тўлиқ интервьюни қуйида ўқинг.


− Ассалом-у алайкум! Жасур, хуш келибсиз Championat.asia офисига. Аввало, интервьюга розилик билдирганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Келинг, одатий саволдан бошлаймиз: 2020 йил Жасур Яхшибоев учун қандай ўтди?  

− Барча давлатларда коронавирус пандемиясининг йирик тўлқини кузатилгани боис фақат Беларусь чемпионати давом эттирилди. Бу мен учун фойдадан ҳоли бўлмади. Мусобақани Осиё ҳам, Европа ҳам томоша қилди − бу катта реклама. Ўйинлар орқали ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим.

− Илк бор легионерга айланиб, янги мамлакат, янги муҳит, янги чемпионатга қадам қўйдингиз. "Энергетик-БГУ"да сизни қандай кутиб олишди?

− "Энергетик-БГУ"да асосан ёшлар йиғилган. Бу жамоа одатда ёш иқтидорларни юқорироқ даражага чиқариб бериш вазифасини бажаради. Жамоадошларим ва мураббий жуда яхши эди. Шу туфайли клубга мослашиш қийин бўлмади.

− Терма жамоаларда ҳам, "Пахтакор"да ҳам қанот ярим ҳимоясида ўйнагансиз. "Энергетик-БГУ"да бирдан марказий ҳужумчига айландингиз. Бу қандай содир бўлди?

− Жамоа таркибига қўшилган пайтимда Владимир Белявский менда қандайдир хусусият кўрди, шекилли, ўртоқлик ўйинларида ҳужумнинг олдинги чизиғига қўя бошлади. Бу позиция менга бутунлай бегона эди. Аммо, мураббийнинг тўғри кўрсатмалари натижасида ўзимнинг яхши томонларимни кўрсата бошладим.

− Беларусь чемпионатидаги 1-ўйинингизни эслайлик. БАТЭ дарвозини 2 бор ишғол қилгандингиз...

− БАТЭ гранд жамоалардан ҳисобланади, Европада ҳам кичик бўлса-да, ўз мавқейига эга. Ўша ўйинда бизни менсимадими ёки кучимизга тўғри баҳо бермадими, ўз ўйинини 100% кўрсата билмади. Жамоамиз аъзолари бир-бири учун "жонини бериб" ҳаракат қилди ва ғалаба қозонди.

− Шоҳбоз Умаров ёнингиздалиги сизга ёрдам бердими?

− Албатта, бегона юртда экансиз, олдингизда ватандошингиз борлиги сизга далда беради. Ўйинларда ҳам Шоҳбоз билан бир-биримизга имкон қадар ёрдамлашишга интилдик. 

− Мавсум ўртасида Беларуснинг ўртамиёна жамоасидан Солигорскнинг "Шахтёр" клубидек маҳаллий гранд таркибига қўшилдингиз. Бу жараён қандай содир бўлди?

− "Энергетик"даги ўйинларимдан кейин кўп клублар қизиқа бошлади: БАТЭ, "Динамо" (Минск), Динамо (Брест)... Музокаралар жараёнида тўлиқ қатнашмаганман, агентим ҳал қилди. Айни пайтда "Шахтёр" молиявий жиҳатан бошқалардан устун ҳисобланади, шунинг учун аксар яхши футболчилар Солигорск клубига ўтмоқда, биз ҳам шу вариантни танладик. Менга БАТЕ 5 йиллик шартнома таклиф қилди, аммо "Шахтёр" билан 6 ойлик битим туздик.

− Демак, ўсиш ниятида кучлироқ чемпионатнинг кучилироқ клубига ўтиш нияти бор?

− Шундай.

− Сир бўлмаса, қайси мамлакатлардан таклифлар бўляпти?

− Украина ва Россиянинг яхши жамоаларидан таклифлар келмоқда. Осиё клублари ҳам бир неча бор мурожаат қилди, бироқ, барчасини рад қилдик.

− Демак, сизга славянлар намойиш қиладиган футбол яқинроқ?

− Шундай, ниятим Европада ўйнаш. 

− Миш-мишлар тарқалди. "Энергетик-БГУ" талабалар жамоаси бўлгани боис маошлар анча кам эган. Эшитишимизга қараганда, Яхшибоевнинг ойлик иш ҳақи 100$ атфрофида бўлган экан. Шу гап ростми?

− Йўқ, ундан анча кўп.

− "Шахтёр"ни "Энергетик" билан солиштирсак, неча баробар кўпроқ маош оляпсиз.

− 10 баробар.

− Жамоа сўнгги турда чемпион бўлди. Жамоада вазият қандай эди, мураббийлар қандай кўрсатма беришди?

− Жуда ҳам мураккаб ҳолат. Бизнинг олдимизда фақат ғалаба қозониш варианти бор эди. БАТЭ эса "Динамо" (Минск) билан ўйнади. Ўша ўйинда минскликлар камида дуранг ўйнашига ишонардик. Амалда ҳам шундай бўлди. Биз ўз ўйинимизда дастлаб гол ўтказиб юбордик, бу руҳий томондан зарба бўлди. Лекин, вақтида ўзимизни қўлга олиб ғалаба қозондик ва чемпион бўлдик.

− Жасур, "Шахтёр" таркибида ҳам голлар урганингизга қарамай, ташқи томондан жамоага киришиб кетолмагандай кўриндингиз. Бу клублар орасидаги фарқ билан боғлиқми?

− Албатта, "Энергетик"даги ўйинчилар билан тенгдош эдим. Чемпионлик учун курашаётган клубда талаблар бошқача бўлади, босим ҳам нисбатан юқори. "Шахтёр"да тажрибали ўйинчилар кўп, улар билан келишмовчиликлар ҳам бўлиб турди.

− Шу ҳақда савол бор. Беларусь нашрларининг ёзишича, Яхшибоевнинг "Шахтёр"даги тажрибали футболчилар билан муносабатлари ёмонлашиб қолган. Шунга ойдинлик кирита оласизми?

− Тўғри, келишмовчиликлар бўлди. Лекин, бунга чуқурроқ тўхтала олмайман. Ҳамма жамоаларда бунақа ҳолатлар бўлади, эътибор қилмаслик керак.

− Беларусда "Шахтёр" чемпионликни нишонлаганида Жасур унчалик хурсанд бўлмагани ва ўйиндан кейин клубнинг телеграмдаги гуруҳини дарҳол тарк этгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди...

− Нега хурсанд бўлмай? Хурсанд эдим. Тақдирлаш маросимига қатнашолмаганимнинг сабаби эса олдиндан Ўзбекистонга учиш учун чипта буюртма қилиб қўйилганди ва уйга қайтишга мажбур бўлдим. Ўша ўйиндан кейин клубдан кетдим. Клубдан кетгач, жамоанинг гуруҳини ҳам тарк этишим керак эди-ку.

− "Энергетик"да Шоҳбоз Умаров энг яқин дўстингиз эди. "Шахтёр"да ким билан бошқаларга нисбатан яқинроқ алоқада бўлдингиз?

− Сербиялик ва бразилиялик легионерлар билан яқинроқ эдик.

− Ўзбекистон ва Беларусь чемпионатининг фарқлари, ўхшашликлари ҳақида нима дея оласиз?

− Таққосламоқчи эмасман. Фақат Беларусда жисмоний тайёргарликка кўпроқ эътибор қаратилади.

− "Шахтёр"нинг чемпионлик тадбирида сабабли қатнаша олмаганингиз ҳақида айтдингиз. Олтин медаль сизга юборилдими ёки...

− Медаль агентимга тақдим қилинган. Менгача ҳали етиб келгани йўқ.

− Мухлислардан келган савол бор: Жасур "Пахтакор"дан ёки Арвеладзедан хафа бўлиб кетдими?

− Йўқ, ҳеч кимдан хафа эмасман. "Пахтакор"да жуда кучли таркиб йиғилган. Ўйинларни кузатяпман, кўплаб футболчилар заҳирада ўтириб қолишди. Кетмасам, мен ҳам ҳозир заҳира футболчиси бўлардим. Беларусга кетишим ўзим учун яхши бўлди, оз бўлса-да, танилдим.

− Демак, Шота Арвеладзега нисбатан гинангиз йўқ?

− Йўқ, ҳеч қандай гинам йўқ. Шота Юстуновични яхши инсон деб биламан. ОЧЛдаги келишмовчиликда ўзим айбдор эдим, мураббийга қўл узатмаганман. Лекин, шундан кейин ҳам менга имкон берди, майдонга туширди. Барибир кишининг кўнгли қолади, мендан совиган бўлса керак. Мен Шотадан хафа эмасман.

− Жасур, терма жамоанинг октябрь ойидаги йиғинига жалб этилдингиз. Кейинги йиғинларга сизни чақиришмади. Абрамовдан шу ҳақда сўралганида шундай деди: "Яхшибоевда миллий жамоада ўйнаш учун кучли хоҳиш кўрмадим". Шу вазиятга ойдинлик киритинг.

− Терма жамоада ўйнаш барча футболчиларнинг орзуси ҳисобланади. Дубайга кетишдан 2 кун олдин иссиғим кўтарилиб, томоғим оғрий бошлади. Шуни мураббийга айтдим. Билмадим, у мени баҳона қиляпти деб ўйлагандир. Аммо, мен тўғрисини айтгандим. Қолгани мураббийнинг фикри.

− Эрон билан ўйинда майдонга тушдингиз. Клубда ҳужум марказида ўйнаб юргандингиз, Абрамов сизни ўнг қанотга қўйди. Қийин бўлмадими?

− Ярим йил форвард сифатида ўйнадим, мослашиб қолгандим. Ҳозир ўнг қанотда ўйиним чиқмади, десам баҳона бўлади. Мураббий менга ўйнаш имконини берди, ўзимни кўрсатолмадим. Шу туфайли 2-таймда алмаштирди. Ўйиндан кейин менга нисбатан ёмон фикрлар билдирмади.

− Беларусда сиздан ташқари, яна 2 нафар легионер ўйнади: Шоҳбоз Умаров ва Ҳумоюнмирзо Иминов. Шоҳбоз БАТЭга ўтди, Иминов эса "Энергетик"да қолди. Улар ҳақида фикрларингиз?

− Иминов яхши футболчи. Жимоний тайёргарлигини оширса, ажойиб ўйинлар кўрсатади деган умиддаман. Умаров эса ҳозир ажойиб формада. Бу йил БАТЭни етакчилар тарк этганини ҳисобга олсак, Шоҳбоз ўзини асосий таркибда кўрсата олади.

− 2020 йилги мавсум сиз учун омадли ўтди. Шунга қарамай, ЎФА йилнинг энг яхшиларини аниқлаш учун сўровномага сизни киритмади... Сизнинг фикрингизча, бу йил кимлар энг яхши бўлди?

− Машарипов, Черан, Абдихолиқов, Бозоров...

− Энг яхши ўйинчи бўлиш учун номзодлар қаторига кираман деб ўйлагандингизми?

− Ҳамма футболчи кираман деб ўйлайди, мен ҳам кутгандим. У халқнинг фикри, улар танлайди ким  яхшилигини.  Худо хоҳласа, кейинги йил ҳаракат қиламан энг яхши бўлиш учун. Бу ҳам ўзига хос мотивация.

− Жасур, ОФК расмий сайтига берган интервьюнгизда "Пахтакор"га бошқа қайтмайман", дегансиз. Бу сизнинг фикрингизми ёки нотўғри таржима қилинганми?

− "Пахтакор"га қайтмайман, демаганман. Аммо, ниятим Европада ўйнаш. "Шерлар" мен учун қадрли жамоа. Бугунги даражага етишимда клубнинг ўрни беқиёс. Эҳтимол, фаолиятимнинг охирида "Пахтакор"га қайтарман.

− Остон Ўрунов ва Жасур Яхшибоев сингари футболчиларни мураббийлар ўзига хос характерли ўйинчилар дейишади. Ҳақиқатан ҳам характерингиз оғирроқми?

− Билмадим. Характер ўзимга билинмайди, четдагиларга яхшироқ кўринади. Ўзимнинг қанақа инсонлигимни тушунтириб бера олмайман. Ҳамма характери жуда оғир деб ўйлаши мумкин. Одамлар мени қандай қабул қилса, шундай кўринсам керак.

− Жонкуяр мухлисларингизга тилаклар...

− Барча қўллаб-қувватлаган мухлисларга раҳмат. Худо хоҳласа, келаси йил яхшироқ ўйин кўрсатаман. Ҳаммани келаётган Янги йил билан табриклайман. Барчага ташаккур!

− Бу йил уйландингиз. Келаси йил фарзанд тўйларингизни ўтказиш насиб қилсин, яхши клубларда ўйнаб, голлар уриб мухлисларни хурсанд қилишда давом этинг. Терма жамоага лойиқлигизни исботлаб, келаси йил энг яхшилар қаторидан жой олинг.

− Раҳмат!

Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди

Rating: +23   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика