Осиё Кубоги–2019. 11 000 метр баландликдаги тилак, қишдан ёзга саёҳат ва сеҳрли ибора
03 jan 2019 10:52
News
Осиё Кубоги–2019. 11 000 метр баландликдаги тилак, қишдан ёзга саёҳат ва сеҳрли ибора
Янги йил байрамини ўз оиласи, яқинлари бағрида нишонлаган футболчилар-у мураббийлар байрам кайфиятини сақлаган ҳолда Осиё Кубогига йўл олишди.
Ислом Каримов номидаги “Тошкент Халқаро аэропорти”да терма жамоамиз аъзоларини мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари тантанали равишда катта мусобақага кузатиб қўйишди. “Мусобақа давомида майдонда борингизни бериб тўп суринг, ортингизда биз мухлислар, журналистлар, бутун ўзбек халқи Сизни қўллаб-қувватлаб турибди” дегандек. Эрта саҳар бўлишига қарамай совуқ об-ҳаво шароитида аэропортга келиб, терма жамоа аъзоларини кузатиш маросимида қатнашган барча мухлису журналистлар, фотограф-у операторларга миннатдорчилик билдириб қўйиш керак. Сиз каби фидоийлар борлиги учун ҳам миллий терма жамоамиз Осиё Кубогида жонини бериб ҳаракат қилиши шарт!
Тошкент – Дубай йўналиши бўйлаб учадиган самолёт маҳаллий вақт билан соат 08:00да парвоз қилиши керак эди. Аммо техник сабабларга кўра парвоз вақти кечиктирилди. Биз буни яхшиликка йўйдик. Бирлашган Араб Амирликларидан ҳам кечроқ ортга қайтайлик, мусобақанинг охиригача ўша ерда қолиб, ёруғ юз билан Ватанга келиш насиб этсин, деб ният қилиб қўйдик!
11 минг метр баландликда “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” миллий авиакомпаниясига тегишли бўлган Боинг-787 “Дримлайнер”ида учиб кетаётганимизда кема капитани Алишер Султонов самолёт саҳнида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари борлиги, улар Осиё Кубогида Ватанимиз шаънини ҳимоя қилиш учун кетишаётганини эълон қилди ва бутун экипаж номидан терма жамоамизга омад тилади! Бу ҳолат делегация аъзоларининг кайфиятига кайфият қўшди.
Ниҳоят, 3 соатдан ошиқроқ давом этган парвоздан кейин Дубай шаҳрига қўндик. ОФК вакиллари бизни кутиб туришган экан. Жамоавий суратга тушганимиздан кейин бизни алоҳида йўлак бўйлаб ташқарига олиб чиқишди.
Осиё Кубоги қатнашчилари учун аэропортда алоҳида қулайликлар яратилган. Улар ортиқча текшириш ва навбатларсиз ўтказиб юборилмоқда.
Умуман олганда, “Аsian Cup” (“Осиё Кубоги”) ибораси Бирлашган Араб Амирликларида айни кунларда “сеҳрли ибора”га айланган, десак муболаға бўлмайди.
Делегация вакилларидан бирининг сумкаси божхона ходимларига сал каттароқ кўринди шекилли, алоҳида текширувга таклиф қилмоқчи бўлди. Лекин “Аsian Cup” деган иборани эшитганидан кейин “Ок” деб жилмайганча, текширувларсиз ўтказиб юборди. Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Куперни БААдаги маҳаллий мухлислар шу заҳоти ўраб олишди. Купер билан фотосессия бошланиб кетди. Қизиғи, расмга тушаётганлар орасида аёллар ҳам бор эди. Футбол мухлисалари.
Шунингдек, “Шаржа” клубида тўп сураётган терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Отабек Шукуровни ҳам дарров мухлислар таниб қолишди ва у билан ҳам “селфи-шоу” бўлиб ўтди. Осиё Кубогидан қайтишда терма жамоамизнинг барча аъзолари билан мана шундай “селфи-шоу” учун навбатга турган мухлислар кўп бўлади, деб умид қилиб қоламиз.
“Roda Al-Bustan” меҳмонхонаси Дубай аэропортининг ёнгинасида экан. 5 дақиқалик йўл юриб, меҳмонхонага етиб олдик.
Футболчиларга қисқа ҳордиқ берилганидан кейин, маҳаллий вақт билан соат 18:00да БААдаги дастлабки машғулот ўтказилди. Дубайда ҳаво ҳарорати 23-24 даража иссиқ. Гўёки январь ойида қишдан ёзга саёҳат қилгандек бўлдик. Футбол ўйнаш учун жуда қулай об-ҳаво шароити.
Машғулот биз жойлашган меҳмонхонадан автобусда 20 дақиқалик узоқликда жойлашган БАА футбол ассоциациясига қарашли майдонда ўтказилди. Биринчи кун бўлгани учун футболчиларга кўп юкламалар берилмади. Тўп билан енгил машқлар бажарилганидан кейин, футболчилар икки гуруҳга бўлиниб футбол ўйнашди. Бунда ҳимоядан ҳужумга ўтиш ва рақиб қарши ҳужумга ўтганда ҳимояланиш бўйича машғулот олиб борилди.
Худога шукр, ҳамма сафда. Жароҳат безовта қилаётганлар йўқ. Бу энг муҳими. БААдаги биринчи кун мана шу тарзда ўтди. Эртага машғулотлар яна давом этади.
Ёқубжон Бобожонов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи
Дубай, БАА
Comments