ОФК кубоги финали ҳақида
06 nov 2015 23:46
News
“ИСТИҚЛОЛ” (Тожикистон) – “ЖОҲОР ДОРУЛ ТАЗИМ” (Малайзия) – 0:1 (0:1)
31 октябрь. Душанбе. “Республика Марказий” стадиони. 18000 томошабин.
Ҳакамлар: Тожо Минору, Наги Тошиюки, Очи Шинжи (Япония).
“Истиқлол”: Никола Стошич, Жаҳонгир Жалилов, Петро Ковальчук, Маҳди Чаҳжуи, Нуриддин Давронов, Хуршид Маҳмудов (Парвиз Умарбоев, 73), Фатҳулло Фатҳуллоев, Сиёвуш Асроров, Бледа Родригез (Ахтам Назаров, 86), Дилшод Восиев, Манучеҳр Жалилов.
“Жоҳор Дарул”: Фаризал Марлиас, Маркос Антонио, Муҳаммад Зафуан, Кунанлан Субраманиам, Муҳаммад Мазлан, Раҳим Шафиқ, Харисс Харун, Жасазрин Жамолудин, Леандро Веласкез (Гари Стивен, 86), Моҳд Шафи (Маҳалли Жасули, 60), Лусиано Фигероа.
Гол: Леандро Веласкез, 23 – 0:1.
Огоҳлантиришлар: Леандро Веласкез, 51. Моҳд Шафи, 53. Фаризал Марлиас, 54. Сиёвуш Асроров, 77. Гари Стивен, 90+5.
Илк бор ғолиб жамоа Араб ёки Марказий Осиё жамоаларидан бири бўлмади. Душанбенинг “Истиқлол” жамоасида бу анъанани давом эттириш имконияти юзага келганди, аммо Мубин Эргашев шогирдлари уйда ўтган финалда кутилмаганда имкониятни бой беришди. Аслида тожикистонликлар финалгача рақибга нисбатан қийинроқ йўлни босиб ўтишганди. Ярим финалда ҳар икки клуб Қувайт жамоаларига биринчи учрашувда ютқазганди, лекин Қувайтнинг ФИФАдан дисквалификация қилингани туфайли улар финалда ўйнаш имкониятини қўлга киритишди.
Финал куни Душанбе шаҳрида деярли байрамона ҳолат кузатилди. Мухлислар пойтахтдаги стадионни деярли тўлдиришди. Дастлабки дақиқалардан “Истиқлол” ташаббусни қўлга олди. Биринчи 10 дақиқанинг ўзида икки бор ҳисобни очиш учун қулай имконият юзага келди. Манучеҳр Жалилов ҳар икки вазиятда гол ура олмади. Биринчи ҳолатда тўпни ҳимоячи дарвоза чизиғидан қайтариб юборди, кейин ҳужумчи ноаниқ зарба берди. Устунлик мезбонлар тарафига ўтган бир пайтда “Жоҳор Дарул” бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди. Жарима майдонида тўпни эгаллаб олган Левандро Веласкез аниқ зарба берди ва жамоасини олдинга олиб чиқди – 0:1.
Шундан сўнг ўйин охиригача ташаббус майдон эгалари тарафида бўлди. Улар кўп марта хавфли вазиятларни юзага келтиришди, бироқ дарвозага аниқ зарба берадиган футболчи топилмади. Ўйин мобайнида “Истиқлол” урган 3 гол ўйиндан ташқари ҳолат сабабли инобатга олинмади. Улардан бирида ҳакамлар нотўғри қарор қабул қилгандек кўринди. Лекин иккинчи бўлимга қўшиб берилган 6 дақиқа ичида ҳам ҳисоб ўзгармади. “Истиқлол” кучлироқ ўйнаган бўлишига қарамай, финалда имкониятни бой берди. Малайзиянинг “Жоҳор Дарул” клуби Шарқий минтақада ОФК Кубогини биринчи марта ютган жамоага айланди. Бироқ бу жамоа ўйин савияси жуда пастлиги кўзга ташланди. Ушбу жамоа бизнинг олий лигада аутсайдерлар қаторида юриши аниқ.
Бизнингча, ОФК Кубоги савиясини ўстириш учун Чемпионлар лигасида қатнашаётган мамлакатлар вакилларига ҳам ўрин бериш керак. Худди Европа лигаси сингари. Чунки ОЧЛда қатнаша олмаётган Қувайт, Иордания ва Ироқ клублари савияси қолганларникидан анча баланд. Бу йил ҳам четлатиш бўлмаганда Қувайтнинг икки жамоаси финалда тўқнаш келган бўларди. Агар ОЧЛда иштирок этаётган рейтинги баланд мамлакатлар жамоалари унда қатнашса, мусобақа савияси ва унга бўлган қизиқиш ортган бўларди. Бу йил мусобақа ғолиби бўлган “Жоҳор Дарул” 350 минг, “Истиқлол” 250 минг АҚШ долларига тенг суммани ОФКдан мукофот пули сифатила қабул қилиб олади.
Жорий мавсум ОФК Кубогида жами 123 учрашув ўтказилди. Унда дарвозаларга жами 340 тўп киритилди, ўртача 2,76тадан. Учрашувларни жами 514305 нафар ишқибоз кузатди. Бир беллашувга ўртача 4181 нафардан мухлис тўғри келди. Албатта, бу рақам жуда юқори эмас. Баъзи давлатларда футбол оммавий эмас, яна баъзи клублар сиёсий муаммолар сабабли уй учрашувларини бошқа мамлакатларда ўтказмоқда.
Гуруҳ босқичидан ҳисоблаганда тўпурарлик 8тадан гол урган “Саут Чайна” ҳужумчиси австралиялик Даниель Макбрин ва “Аеявади Юнайтед” (Мьянма)нинг македониялик ўйинчиси Ристе Наумовга насиб этди. 2015 йилги мавсумнинг энг фойдали футболчиси сифатида “Жоҳор Дарул” сардори Раҳим Шафиқ топилди. У мавсум давомида жамоасига энг кўп ёрдам берган ўйинчи деб эътироф этилди. Мусобақа давомида (саралаш босқичи қўшилганда) Гонконгнинг “Китчи” клуби ҳужумчиси Хуан Белонкосо тўпурарга айланди. Испаниялик футболчи 11 голга муаллифлик қилди.
2004 йилдан бери ўтказиб келинаётган ОФК Кубогида ғолиб чиққан жамоалар билан танишинг.
2004 “Ал Жаиш” (Сурия)
2005 “Ал Файсали” (Иордания)
2006 “Ал Файсали” (Иордания)
2007 “Шабаб Ордун” (Иордания)
2008 “Муҳаррақ” (Баҳрайн)
2009 “Ал Қувайт” (Қувайт)
2010 “Ал Иттиҳод” (Сурия)
2011 “Насаф” (Ўзбекистон)
2012 “Ал Қувайт” (Қувайт)
2013 “Ал Қувайт” (Қувайт)
2014 “Ал Қодисия” (Қувайт)
2015 “Жоҳор Дарул” (Малайзия)
ОФК Кубоги иштирокчилари рўйхатида 2016 йил ўзгариш бўлмаслиги белгиланган. Бироқ иштирокчиларнинг унда қатнашишдан бош тортишлари сабабли кутилмаган ҳолат юзага келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Беҳзод НАЗАРОВ.
Comments