Одил Аҳмедов: «Краснодар» Россиядаги сўнгги клубим, деган умиддаман»
27 sep 2016 09:30
News
Одил Аҳмедов: «Краснодар» Россиядаги сўнгги клубим, деган умиддаман»
«Буқалар» чемпионатнинг ўз уйларида ўтган дастлабки баҳсларида ғалаба қозонишди, Европа Лигаси гуруҳ босқичига чиқишни уддалашди. Аммо кейинчалик жамоа ўйинида пасайиш кузатилди. Навбатдаги тўрт учрашувда краснодарликлар бирор марта ғалаба қозонишмади - 2та дуранг, 2та мағлубият. Омадсиз серия натижасида бош мураббий Олег Кононов бўшатилди. «Известия» нашри мухбирлари «Краснодар»да тўп сураётган ҳамюртимиз Одил Аҳмедовни суҳбатга тортиб, ўзгаришлардан сўнг клубда қандай ҳолат ҳукм сураётгани, келгусидаги мақсадлар ҳамда ўзбек футболчисининг энг катта орзуси ҳақида маълумот олишди.
- Олег Кононовнинг бош мураббийликдан кетиши жамоа ва шахсан сизга қандай таъсир қилди?
- Бу ҳақиқатан, кутилмаган воқеага айланди. Аммо ҳар қайси мураббий шундай ҳолатга тайёр туриши лозим. Ахир ундан жамоа ўйинини яхши томонга ўзгартириш талаб этилади. Футболда асосийси - натижа. Агар натижа бўлмаса, кетишга ҳозирланавериш керак.
- Кононов жамоа билан қандай хайрлашди? Кетиш арафасида сизларга нима деди?
- Барчамизга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди, жамоага омад тилади.
- Ушбу мутахассис йўқлигида «Краснодар» қийналмайдими?
- Балки бош мураббийнинг истеъфоси тўғри қарор бўлгандир, эҳтимол бу ҳолат муваффақиятимиз учун хизмат қилар. Шу тариқа Россия чемпионатидаги омадсизликни бартараф этиб, мавсумни кўнгилдагидек ўтказишимиз ҳам мумкин. Мураббий алмашиши кўпинча жамоага ижобий таъсир ўтказади. Натижа ҳам ўзини узоқ куттирмайди. Мана, «Краснодар» сўнгги 3та ўйиннинг барчасини ўз фойдасига ҳал этди.
- Бош мураббий вазифасини бажариш Игорь Шалимов зиммасига юклатилгач, жамоа ўйинида жиддий ўзгаришлар кузатилдими?
- Шалимовнинг ўз қарашлари ва методикаси бор, шундай экан, тактика ва машғулотлар жараёнида ўзгаришлар рўй бериши табиий ҳол. «Краснодар»нинг ўйини ҳар доим қисқа ва ўрта «пас»ларга боғлиқ бўлган, янги мураббий айнан шу услубни сақлаб қолишимиз лозимлигини уқтирди. Умуман олганда, Олег Кононов ва Игорь Шалимов танлайдиган схемалар ўртасида катта фарқ йўқ.
- Ҳозир жамоада қандай муҳит ҳукм сурмоқда?
- Барчаси жойида, жамоамиз аҳил, ҳамма бир-бирини ҳурмат қилади, қўллаб-қувватлайди, майдон ва унинг ташқарисида кўмакка ҳамиша шай. Бу жиҳат ҳар қайси жамоа учун муҳим аҳамият касб этади.
- «Краснодар» Россия чемпионати ва Европа Лигасида ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?
- Ҳар бир турнирда максимал муваффақиятга эришишга интиламиз.
- РФПЛ 8-турида ЦСКА меҳмони бўласизлар (ушбу баҳс 1:1 ҳисобида якунланди, Аҳмедов 73 дақиқа ўйнади - IF). Чемпионат етакчиларидан бирига қарши кечадиган баҳсга тайёргарлик қандай кечяпти?
- «Армиячилар»га қарши осон ўйин бўлмаслиги аниқ. ЦСКА билан учрашувлар доимо мураккаблиги билан ажралиб турган, аммо тайёргарлик режадагидек кетмоқда. Имкон қадар ижобий натижага эришмоқчимиз.
- Ўзингизни Европа чемпионатларидан бирида синаб кўришни ният қилганмисиз?
- Албатта, ҳар доим «кўҳна қитъа»да ўйнашни хоҳлаганман. Таклифлар бўлган, бироқ якунда трансфер амалга ошмади. Ҳозирча тақдир Россияда тўп суришимни тақозо этмоқда.
- Ўзингизни РФПЛнинг бошқа клуби либосида тасаввур қила оласизми ёки «Краснодар»га содиқмисиз?
- Россиядаги фаолиятим Махачқалъанинг «Анжи» клубида бошланган. Энди эса «Краснодар»даман. Бу Россиядаги сўнгги клубим, деган умиддаман. Аммо келгусида ҳар нарса бўлиши мумкин.
- Сизнингча, РФПЛдаги энг яхши мураббий ким?
- Россия премьер-лигаси истеъдодли мутахассисларга бой. Шунга қарамай, аниқ бир номни айтишим қийин.
- Фёдор Смолов сўнгги пайтларда ажойиб сермаҳсулликка эришмоқда, ваҳоланки, бир-икки йил аввал бундай кўрсаткич билан мақтанолмасди. Бунга нима сабаб бўляпти, деб ўйлайсиз?
- Фёдор ҳақиқатан, ҳозир ажойиб формада - яхши ўйин кўрсатиб, натижа келтирмоқда. Бунинг сабабчиси унинг ўзи. Смолов юксак савияга эриша олди ва жамоадагилар унинг мавсум охиригача шу таҳлит давом этишини хоҳлашмоқда.
- Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2018 саралашининг ҳал қилувчи раундини иккита ғалаба билан бошлади. Термангизнинг мундиалга чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
Интервьюнинг тўлиқ қисмини "ИнтерФутбол" сайтида ўқиш мумкин.
Comments