ОЧЛ. Мусобақани ўтказиш учун нега Қатар танланди, мухлислар стадионга қўйиладими? Доҳада марказлашган ўйинлар олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
13 sep 2020 00:09
News
ОЧЛ. Мусобақани ўтказиш учун нега Қатар танланди, мухлислар стадионга қўйиладими? Доҳада марказлашган ўйинлар олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Айни пайтга келиб барча жамоалар Доҳага етиб келишган.
ОЧЛ. "Ал Ҳилол" футболчиларида COVID-19 аниқлангани "Пахтакор" билан ўйинга таъсир қиладими?
Бугун "Ал Жануб" стадионида мусобақа ташкилотчилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ОФК (ўзбекистонлик Аваз Бердиқулов), Қатар футбол Федерацияси ва Қатар Соғлиқни Сақлаш вазирлиги вакиллари иштирок этишди. Қуйида бугунги анжуманда нималар ҳақида сўз борганини қисқача келтириб ўтамиз.
"Катта ишонч ва ўз режаларига таянган ҳолда, Қатар ОЧЛ ўйинларини ташкиллаштириш билан олдинга силжийди ва буни катта синовлар олдидан тайёргарлик машқлари сифатида қабул қилади", - деди маҳаллий расмий.
Маҳаллий ташкилий қўмита, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Осиё Футбол Конфедерацияси расмийлари матбуот анжуманида коронавирус таҳдиди ҳали ҳам юқори эканлиги таъкидланди ва мусобақани хавфсиз тарзда ўтказиш режалари эълон қилинди.
Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирининг катта маслаҳатчиси доктор Абдулваҳаб Алмуслеҳнинг айтишича, Қатар 14 сентябрдан 3 октябргача бўлиб ўтадиган тадбирни уюштиришни таъминлаш учун катта куч сарфламоқда.
"Биз ОФК қоидаларига мувофиқ тиббий хизмат ва эҳтиёт чораларини кўрдик. Буларга олтита жамоавий меҳмонхоналардаги 24х7 (ҳафтасига 7 кун 24 соатдан ишлайдиган) поликлиника, стадионлардаги тиббий хизмат ва жойлардаги одамларга хизмат кўрсатиш учун мобил гуруҳлар киради", - деди Алмуслеҳ.
Мусобақанинг Ғарбий Зона ўйинларида ўн олтита жамоа - 14 та хориж ва иккита Қатар иштирок этмоқда. Ташриф буюрган жамоалар Қатарга келишдан олдин барча коронавирус синовларини ўтказдилар, келганда ҳам синовдан ўтдилар. Синовлар ҳар 3-6 кунда жамоалар ва расмийлар учун ўтказилади, деди Алмуслеҳ.
"Жамоалар ўзларининг меҳмонхоналарида хавфсиз шароитда бўлишади, бегона меҳмонлар у ерга киритилмайди ва меҳмонхонадан ташқарига чиқишга хам рухсат берилмайди. Улар ташқи ҳамжамият билан ҳеч қандай алоқада бўлмайдилар, чунки биз "ёпиқ қобиқ" тушунчасига амал қиламиз (жамоалар бир хавфсиз муҳитдан бошқасига боришади ва қайтишади, бошқа ҳаракатларга рухсат берилмайди)", - деди у ва жами 1000 та коронавирус синовлари ҳозиргача мусобақа учун ўтказилганини айтди.
Юқоридаги жумла нима дегани? Жамоалар бутун мусобақа давомида қобиқ ичида бўлишади: Меҳмонхона - машғулот майдони - стадион. Бошқа жойга бора олишмайди. Улар борган жой ҳимояланган ва бегона одамлардан ҳоли бўлади.
ОФК Мусобақалар ва футбол тадбирлари бўлими директорининг ўринбосари Авазбек Бердиқулов Қатарга мусобақани ўтказаётгани учун миннатдорчилик билдирди ва нима учун қитъа ташкилоти кўрфаз давлатини мезбон сифатида танлаганини тушунтирди.
"Биз саналарни белгилаб, таклифни очганимизда Қатарнинг варианти энг яхши бўлди. Ғарбий Осиёдаги барча тўрт гуруҳни қабул қилиш учун бошқа бирон бир мамлакат чиқмади. Биз Қатар энг яхши инфратузилмага эга эканлигини биламиз ва мусобақани шу эрда ўтказаётганимиздан хурсандмиз", - деди Бердиқулов.
ОФК мухлисларни майдонларга киритмасликка қарор қилди.
Бердиқулов қарорни оқлади. "Биз барча сценарийларни кўриб чиқдик ва бунга қарши бўлишга қарор қилдик, чунки биз футболнинг вирус тарқалишига сабаб бўлишини хоҳламаймиз. Бизнинг асосий устувор вазифамиз - футбол ҳаракатларини давом эттириш эди", - деди у.
Бердиқулов пандемия пайтида ФИФА низомига биноан ўйин давомида битта жамоага бешта захира ўйинчисига рухсат берилишини тасдиқлади.
Қатар футбол Ассоциацияси вакили Али Ал Салат бу мусобақани чин юракдан қабул қилган ҳолда, бу "алоҳида пайтларда ажойиб мусобақа" бўлишига умид қилди.
"Биз ОФК билан жуда яхши муносабатдамиз ва турнирларни ташкил қилиш борасида катта тажрибамиз бор. Ўтган мавсумдаги Қатар Юлдузлар лигасини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кучли кўмаги туфайли муваффақиятли якунладик. Бу мусобақани ўтказиш тажрибамизни оширади, деб умид қиламиз. Чунки, биз 2022 йилги Жаҳон чемпионатини ўтказишга тайёргарлик кўряпмиз", - деди Ал Салат.
Мана бу - журналистлар учун таржима мосламаси ва унинг тагида барча маълумотлар ёзилган манбаа учун QR код берилган. Матбуот анжуманлари ҳар хил тилларга таржима қилинади ва QR кодни суратга олиб шу анжуман ҳақида қўшимча маълумот олиш учун (суратлар, видео ва ҳоказо) имкон берилади.
Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрь куни "Ал Жануб" стадионида "Шабаб Ал Аҳли" - "Шаҳр Ходро" ва "Ал Ҳилол" - "Пахтакор" ўйинларидан олдин матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Comments